1

Яйра АБДУЛЛАЕВА:“У ДАМЛАРНИ ЭСЛАСАМ, ДАҲШАТГА ТУШАМАН!...”

ШОУ-БИЗНЕС 10.05.2014, 14:45
Яйра АБДУЛЛАЕВА:“У ДАМЛАРНИ ЭСЛАСАМ, ДАҲШАТГА ТУШАМАН!...”

Бугунги дориломон кунларда халқимиз бошига тушган мусибатлар ҳақида сўз юритарканмиз, беихтиёр қалбимизда шукроналик ҳисси жўш уради. Кўпни кўрган нуронийларимиз тилидан уруш даҳшатли, қатлу қирғинлар ҳақида эшитарканмиз, тинчлик-осойишталик қанчалик улуғ неъмат эканини англаб етамиз.

Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева бевосита ўзи гувоҳ бўлган уруш дамларини хотирлар экан, қалбимиздан ана шундай ўйлар кечди.

         Санъатга йўл фронтдан бошланган

— Санъатга кириб келишимга ҳеч тўсқинлик бўлмаган. Сабаби, шу соҳани танлашимни вазиятнинг ўзи тақозо этган эди. Мен у  пайтда фронт нималигини тушунмас, эндигина ўн тўрт ёшга тўлгандим. Уруш бошланганда қиз бола уйда ёлғиз қолмасин,  деб мени ҳам ўзлари билан фронтга олиб кетишган. Илк ижодим Гавҳар Раҳимова бошлигидаги фронт концерт бригадасида бошланган. Биз ана шу ашула ва рақс ансамбли билан  жангчиларга концертлар қўйиб, уларнинг кайфиятини кўтариш учун оз бўлса ҳам ҳисса қўшардик. Аскарлар  ҳақиқий ватанпарвар инсонлар бўлиб, ватан деб урушга отланишган эди. Куйлайдиган қўшиқларимиз, томошаларимиз мақсади фақат ва фақат ғалабага қаратилган эди. Ҳаммамиз бир қатор бўлиб тизилиб, хорда:

Олға бос, олға бос, Эй ватан жонажонлари, деб  марш куйлаб концертимизни бошлардик. Мен ҳам шу ансамблда ҳамма қатори рақс тушиб, ашула куйлар эдим.

                            Бомба портласа концертни тўхтатардик

Мен ҳеч ҳам қўрқмай, ҳаяжонланмай саҳнага чиқиб санъатимни намоён этаверганман.  Уруш давомида бомба отилгандаги “Ву-у-ув” этган ваҳимали овозларини ўз қулоқларим билан эшитганман. Концерт бошланганда бомба тушса, огоҳлантирувчи қўнғироқ (сирена) чалиниб, бизни ерга ётиб, бомбадан сақланишни буюришарди. Биз саҳнадаги либосларимиз билан ўзимизни ерга ташлардик.

Бир оз тинчигандан сўнг ансамблимиз ярадор аскарларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишга ошиқарди. Кимдир яра боғлаган, кимдир тирқираб оқаётган қонни тўхтатиш билан овора...  Ҳали жуда ёш бўлганлигим боис менга, “Яйра, сен орқада тур, бу ёққа қарама” дейишарди.

Ҳозир ўша машъум хотираларни эслаяпману, оёқ қўлимни титроқ бояпти.  Бугун уруш тугаганига олтмиш тўққиз йил тўлаётган бўлса, госпиталнинг ҳидигача ҳамон ёдимда.

                            Шу кунларга етганимизга шукур!

Эҳ-ҳе, уруш давомида биз ансамблимиздан не-не инсонларин йўқотмадик дейсиз. Ўша пайтларда ўз санъати билан катта шуҳрат қозонган Комуна Исмоилова  яқинда вафот этди.

Раиса Абдуллаева, Дилором Шерова каби санъаткорларимиз ҳозир ҳаётми йўқми билмайман. Бир неча маротаба хонадонига сим қоқдим, жавоб бермади. Улар билан кўришиб, суҳбатлашгим келади. Урушдан сўнг фақат учовимиз қолган эдик. Балки кун келиб уларни топарман. Агар ҳаёт бўлишса, уларни ушбу саҳифангиз орқали “Хотира ва қадрлаш куни” билан чин дилдан табриклайман.

Бугун байрам қилиб нишонлаяпмиз, аммо кўзларда ёш... Уруш бўлмасин илоҳим. Тинчликка нима етсин? Тинчлик ва осойишталикка ҳеч нарса тенг келолмайди. Ҳозирги кунда ёшлар тинчлигимизга шукр қилишлари, ота-она, оила, Ватан каби муқаддас тушунчаларни теран англаб,   қадрига етишлари керак. 

Илоҳим халқимиз уруш кўрмасин. Юртимиз бунданда гуллаб яшнасин. Шунча йилдан бери тинчлигимизни сақлаб келаётга Юртбошимизга мингдан-минг ташаккур айтаман!

Факт:

Исми-шарифи: Абдуллаева Яйра Умаровна

Туғилган йили ва жойи: 14. 08. 1930 йил Андижон шаҳри.

Маълумоти: 1950 йилда Тошкент санъат институтини тамомлаган.

Роллари: 1950 йилдан Хамза театрида Ҳафиза (А.Қаҳҳор, “Шохи сўзана”, Гули (Уйғун, И.Султон, "Алишер Навоий", Катерина (А.Островский, "Момақалдироқ", Гулбаҳор (Хамза), “Бой ила хизматчи”, Гулнор (Ойбек, "Қутлуқ қон", Турғуной (И.Султон, "Номаълум киши", Хемнолини (Р.Тагор асари асосида, "Ганг дарёсининг қизи" ва ҳ.к.

Мукофотлари: Ўзбекистон халқ артисти (1964), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967), “Дўстлик” ордени (1998).

Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1