Истеъмолчи сифатида ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишимиз кераклиги жуда кўп гапирилган. Бироқ барибир шу муаммога дуч келганимизда даставвал нима қилишни билмай қоламиз. Келинг, ҳақимизни талаб қилиш йўлларини қадамма-қадам, пухта ўрганамиз.
Саволларимизга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари, ижрочи директори Нодирбек Юсупов; Іуқуқий ҳимоя, ташкилий кадрларва услубий бўлим бошлиғи Иномжон Тагаев; Матбуот, ахборот, жамоатчилик назорати ва хорижий алоқалар бўлими бош мутахассиси Умида Мансуровалар жавоб беради.
Муддати ўтган бўлса…
Сиз харид қилган озиқ-овқат ёки бошқа турдаги маҳсулотнинг муддати ўтганини уйга келгач, билиб қолдингиз...
1-қадам. Хариддан сўнг 24 соат ўтиб улгурмасидан ўша савдо шохобчасига бориб, вазиятни тушунтиринг. Пулингизни қайтариб беришлари ёки маҳсулотни алмаштиришларини сўранг. Талабингиз қондирилса, ҳамма мамнун. Аммо сотувчи рад этса-чи?..
2-қадам. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “1091” ишонч телефонига қўнғироқ қилинг. Бундан ташқари, шикоятингизни Федерациянинг расмий сайти “www.istemol.uz” виртуал қабулхонасига ёзиб қолдиришингиз мумкин. Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлишидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга. Мурожаатлар давлат тили да вабошқа тилларда берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарорига кўра, сифатсиз товар сотилган харидор, агар нуқсонлар сотувчи томонидан айтилмаган бўлса, ўзининг танловига кўра, сотувчидан (озиқ-овқат товарларига нисбатан харидор харид қилингандан кейин 24 соат мобайнидабундай ҳуқуққа эга бўлади): маҳсулотни айнан шундай товарга алмаштириши ёхуд унга тўланган пулни қайтаришини талаб қилиши мумкин.
Унутманг! Истеъмолчида харид учун берилган назорат касса чеки бўлиши шарт!
Сифати талабга жавоб бермаса…
Дейлик, озиқ-овқат, косметика ёхуд тозалаш воситаларининг яроқлилик муддати ўтмаган бўлса-да, уни сотиб олгач, очиб (тотиб, ишлатиб) кўрганингизда сифати бузилганини англадингиз.
1-қадам. Бу ҳолатда ҳам аввало, савдо амалга оширилган дўконга йўл оласиз. Аммо сотувчи маҳсулотнинг қадоғи (биркаси) очилгани боис уни қайтариб олмаслигини айтса-чи?..
2-қадам. Юқорида қайд этилган ишонч телефони ёки виртуал қабулхонага мурожаат этишга тўла ҳақлисиз. Зеро, амалдаги қонунчиликка кўра, маҳсулот учун тўланган пулни харидорга қайтаришда сотувчи товардан тўлиқ ёки қисман фойдалангани, товар қадоғига зарар етганлиги ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар туфайли маҳсулотнинг қиймати пасайган суммани харидордан ушлаб қолишга ҳақли эмас.
Шикоят қанча муддатда кўрилади?
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 28-моддасига кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органи, ташкилот ёки мансабдор шахсга келиб тушган кундан эътиборан, ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар қўллаш зарур бўлган ҳолларда уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинграҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
«Терминалга бошқа нарх, нақд пулга бошқа...”
Мисол учун, бирор маҳсулотнинг нархини савдолашдингиз. Сотувчи нақд пулга арзонроқ беришга рози, бироқ тўловни пластик карточка орқали амалга оширсангиз, бундай қилолмаслигини маълум қилди. Ушбу ҳолат юзасидан истеъмолчи шикоят қилишга ҳақлими?
Албатта! Пластик карта билан нақд пул маблағлари тенглаштирилган қийматга эга. Иккиланмай, давлат солиқ қўмитасининг 244-98-98 ишонч телефонига мурожаат қилишингиз ёки www.soliq.uz сайтидаги виртуал қабулхонага ёзишингиз мумкин.
«Терминалимиз йўқ»
Бундай пайтда харидор нақд пул тўлашга мажбурми?
Унутманг! Мазкур ҳолатда ҳам Давлат солиқ қўмитасининг ишонч телефонига ёки виртуал қабулхонасига мурожаат этиш ўринли.
Шоҳсанам НИЁЗОВА ёзиб олди.