АсосийJamiyat

Депутатликка сайлов декабр ойида бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда  ЎзА хабар бермоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ жорий йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига умумхалқ сайловлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни ташкил этади ва ўтказади.

Мажлисда 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури кўриб чиқилди.

Муҳокама давомида таъкидланганидек, дастурда сайлов компаниясининг барча босқичларида шаффофлик, ошкоралик, очиқликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар, тайёргарлик кўриш ва сайлов жараёнини ташкил қилиш ишларини қонунчиликка мувофиқ тарзда амалга ошириш назарда тутилган.

Сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини, мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ана шу дастурларда ўз ифодасини топган позицияларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилади.

Мажлисда муҳокама натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар