АсосийSport

ЎФА "Навбаҳор" ва "Бунёдкор" клубларига қўлланилган жарима юзасидан баёнот берди

'ЎФА "Навбаҳор" ва "Бунёдкор" клубларига қўлланилган жарима юзасидан баёнот берди'ning rasmi

Ўзбекистон футбол Ассоциацияси томонидан 21 февраль куни “Навбаҳор-Лочинлари” ҳамда “Бунёдкор” футбол клубларининг ҳар бирига 500 миллион сўм миқдорида жарима солинганлиги хабар қилинган эди.

Ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлган мазкур қарор юзасидан Ўзбекистон футбол Ассоциацияси қуйидагича баёнот берди:

Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Ижроия қўмитаси Бюросининг 2018 йил 21 февралдаги 6-сонли Қарори амалдаги Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Уставининг 14-моддаси ҳамда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Регламентининг 3.2 банди, Интизом кодексининг 5.22-бандига биноан қабул қилинган.

Регламентнинг 3-моддасида футбол клубларига алоҳида талаблар белгиланган бўлиб, унинг 3.2-бандида футболга оид ҳар қандай масалаларда ЎФА ва ЎзПФЛ қарорларига бўйсуниши алоҳида белгилаб қўйилган. Шунингдек, ЎФА Интизом кодексининг 5.22 бандида талабларни бажармаслик учун интизомий чора сифатида жарима қўлланилиши белгиланган. Қўлланиладиган жарима миқдори эса 500 миллион сўмгача кўрсатилган.

Уставнинг 14-моддасида Ассоциацияси аъзолари унинг қарорларига тўла мувофиқликда ҳаракатланиши белгиланган. Мажбуриятларнинг ҳар қандай аъзолар томонидан бузилиши эса санкциялар қўлланишига олиб келиши мумкин.

Тан олиш лозим, белгиланган жарима миқдори катта, ҳар қандай клуб ғазнасига таъсир эта олади. Аммо бугунги кун талабидан келиб чиқиладиган бўлса, ҳар қандай соҳада ишчанлик руҳи ҳукм сураётган, адолат қарор топаётган, ҳар бир шахс Ватан фарзанди сифатида юрт ривожи учун куйиб-ёнаётган даврда масъулиятсизликка, эътиборсизликка, ишга кўз-кўрона ёндошишга йўл қўйиб бўлмаслигини ҳар биримиз ҳис қилишимиз керак.

Қабул қилинаётган расмий ҳужжатлар ҳаётга тадбиқ қилинсагина, виждонан бажарилсагина унум бўлади. Ваҳоланки, “Навбаҳор” клуби ҳам, “Бунёдкор” клуби ҳам ўзи бўйсинувчи ташкилотнинг ҳужжатларига панжа ортидан қарадилар, “ким кўрибди, ким билибди” қабилида иш тутдилар. Қўлланилган жазо эса бошқаларга ўрнак мисолида, ҳушёрликни ошириш, масъулиятни ҳис қилиш сифатида қабул қилиниши инобатга олинган.

Ўзбекистон футбол Ассоциацияси мамлакатимизда футболни мувофиқлаштириш бўйича юқори ташкилот ҳисобланади. Шундай экан унга бўйсунувчи аъзолар, шу жумладан, футбол клублари унинг қарорларини сўзсиз бажариши ва ҳурмат қилиши лозим, — дейилади баёнотда.

    Бошқа янгиликлар