Кўҳна мавзу

МУТОЛАА 26.02.2018, 17:46
Кўҳна мавзу

Ҳеч нарса қилмаган одамгина хато қилмайди, лекин ҳеч нарса қилмасликнинг ўзи ҳам хатоликдир.

Эмиль Кроткий


Ўшанда йигирма саккиз ёшда эдим. Уч-тўрт киши таниб қолган ижодкор қаламкашман. Қаерга борсам, касбимни сўрасалар, жавоб берганимда “Илтимос, мен ҳақимда ёзинг, ҳаётим ҳақида бирон ҳикоя ёзиб беролмайсизми?” деган таклифлар бўлар, буларнинг ҳаммаси кулгимни қистар, нега одамлар машҳур бўлишни, кимдир ўзини мақтаб ёзиб, қайсидир асарнинг бош қаҳрамонига айланишни яхши кўришини ҳеч тушунолмасдим. Бундай илтимослар ғашимга тегарди, холос. Кунларнинг бирида кун тартибим ниҳоят зичлиги сабаб зўрға вақт топиб, гўзаллик салонига бош суқдим. Кулиб турган қўғирчоқдеккина қиз сочимни турмаклаб қўйгач, хайрлашиб чиқиб кетаётсам, кираверишда чоғроқ стол қўйиб ўтирган ёш жувон:

– Опа, тирноғингизга ҳам ишлов берайлик. Бир синаб кўринг, ёқишига мен кафил, – деди.

Ҳа, майли, бир келиб қолибман, ойда-йилда ўзим учун бироз вақт ажратсам, осмон узилиб тушмас дея ўйлаб қаршисидаги курсига чўкдим.

Сипогина бу жувон ниҳоятда одоб билан касбимни сўради. Айтдим.

– Биласизми, мен бир нарса ёзгандим... – деди у тутилиб.

Оббо, шуям бормиди, тирноқ эговловчи нимаям ёзар экан деб ўйладим. Муҳаррир эканим сабаб алмойи-жалмойи сатрларни тўғрилашдан, аксар муаллифларнинг ёзганларини салкам қайта ёзиб чиқишдан шундай безиганманки...

– Бир кўриб берасизми? – деди кўзимга умидвор тикилиб.

Нима дейишим мумкин. Мен ҳеч бировларга йўқ дея оламанми ўзи? Ҳозир ҳам қаршимдаги аёлнинг термилган дардли кўзларига қараб турибман. Қандай йўқ дейман, қандай?

– Майли, – дедим бироз оғриниб. – Электрон почтамга жўнатинг. Мана ташриф қоғозим, унда почтамнинг манзили бор.

Э, худойим, яқиндагина биттаси алаҳсирашга ўхшаган мисраларини “кўриб чиқишим” учун берган эди. Учта сўздан иборат гапда камида бешта имловий хато билан ёзгани етмагандай, ҳикоясида на тутуриқ бор, на маъни. Бунинг устига қўл телефонимга ҳар соатда қўнғироқ қилиб, ҳикояси тақдирини сўраб-суриштиради, уни ёзганидаги ҳаяжонларини мен билан баҳам кўради, бу ҳикоя чоп этилса, мени хурсанд қилишини айтади. Ҳар қалай ўша ҳикоя босилиб чиққан тақдирда ҳам хурсанд бўлмаслигим аниқ. Раҳбарларимдан гапга қоламан.

Эртаси куни ишхонага келиб, ҳар кунгидай почтамни текширдим. “Муҳаббат” деган ҳикоя келибди. Сарлавҳани қаранг, муҳаббатмиш. Бу мавзу ҳеч эскирадими ўзи, йўқми? Кечаги ёш жувон жўнатган шекилли. Ўзи нега у аёлни жувонлаб қолдим? Унинг мендан анча ёшлиги, нари борса йигирма иккиларда экани билиниб турарди-ку. Қўлидаги никоҳ узуги туфайли шундай деётган бўлсам керак-да. Сўнг сўз берганим важидан ҳикояни юклаб олиб, ўқий бошладим...

“Мусибатми, нима бу? Ҳолим абгорлашиб бормоқда. Барчасидан нафратланаман...

Ҳаётим бир текисда ўз изига тушди дея қувониб юрган кезларим эди. Ёримда ёрим, кўнглимнинг ягона эгаси ҳар вақт мен билан. Уйдан чиққанида ҳам суйганимни бир нафас хаёлимдан чиқармасдим. Ишдан чарчаб кириб келиши менга байрам бўлиб, қушдек учиб-қўниб нима истаса бажо келтирардим. Қалбимдаю дилимда, сўзимдаю тилимда уни дуо қилар, Яратгандан жонини омон сақлашини сўрардим. Беҳад ардоқлаб, Еру осмонга инонмасдим. Йўлларига пояндоз бўлиб ёзилиб, изларини тавоф қилиб кўзимга суртардим. Бахтимни ичимга сиғдиролмасдан порлаб турган қорачиқларим билан атрофимдагиларга улашардим. Мен севардим, чин дилдан... Ҳеч бир тўсқинликсиз, ўла-ўлгунимча... дея хаёл сурардим.

Эшик тақиллади. Севиклигим кириб келар экан:

– Отлан, бизни меҳмонга чорлашди, – деди кўтаринки кайфиятда.

– Ким?.. – савол оҳангимда бироз иккиланиш, тараддуд, хурсандлик ва оғриниш қоришиқ эди.

– Яқин дўстим.

– Ҳа, Саъдулла аками?

– Йўқ, мана қара, – у шундай деб китоб жавонида турган альбомни очиб, бир суратни кўрсатди.

Жуфти ҳалолим кўрсаткич бармоғини қўйиб турган йигитнинг суратига қараб сергак тортдим. Ким эди бу? Қиёфаси ниҳоятда таниш... Гўё минг йиллардан бери уни танийман.

– Камолиддинни танимасмидинг? Тўйимизда қатнашган-ку.

– Эслолмадим, – шундай деб, қўшиб қўйдим: – ярим соатларда тайёр бўламан.

– Дўстим яқин кунларда уйланаяпти. У билан яхши муносабатда бўлишингни, кейинчалик ҳам оилаларимиз ўртасида мустаҳкам ришталар бўлса дейман.

– Нима десангиз шу, – деб ичкари уйга кириб ҳозирлик кўрдим.

Меҳмонга борганимизда Камолиддин ва унинг оиласи: ота-онаси, укаси, синглиси бизни обдан сийлашди.

– Сиз билан танишганимдан жуда хурсандман, – деди жуфтимнинг дўсти самимий оҳангда. Юзидан нур ёғилиб турган бу йигит кўнгли тоза инсонлардан экан. У ҳақиқатан ҳам тез орада уйланди. Тўйига бордик. Дарду хаёлим севган кишим — турмуш ўртоғимда эди. Эртага ишга бориши керак, тун эса ярмидан оғди. Шунчалар чарчаб, тонгда қандай уйғонади. Ишхонасида куни бўйи мудраб юрадими?!

Тўйхонадаги одамларни умуман танимаганим учун ёш йигит-ялангнинг қизлар ёнида ўралашиши, битта-яримта қариларнинг ўртага чиқиб қилпанглаши менга хуш келмаётганди. Уйлангувчининг ҳурмати мажбурияти юзасидан ўтиргандим. Лекин жуфти ҳалолим бениҳоя хурсанд эди. Афтидан, дўсти ҳам ўзи билан деярли бир пайтда уйланаётганидан, энди оилали бўлсалар-да, илгариги муносабатлари оила даврасида давом этаверишидан хурсанд эди. Ичкиликдан юзи қизаринқираган, ҳадеб жилмаяр, ора-орада даврага тушиб, ўйнаб ҳам қоларди. Мен эсам уни қизиқсиниш билан, олдингидан-да кўпроқ суюб кузатиб ўтирардим. Ҳеч кимнинг, ҳатто келин-куёвнинг кўринишига эътибор қилмаётгандим. Ҳаммага қараб кузатиб ўтирганим билан аслида ҳеч кимни илғамасдим, одамлар бир соя шарпаси каби орқа планда қолган, кўз ўнгимда фақатгина севган кишим, бошқа ҳеч ким...

Болаликдан уйдан ташқари ҳатламаганман. Ҳамма қизлар каби бир куни алп йигит келиб, муҳаббат ва бахт ҳадя этади, у билан умргузаронлик қилиб, чиройли ҳаёт кечираман деб орзуладим. Узоқ кутмадим, лекин кам ҳам кутмадим, шундай нотаниш кишига тақдир мени рўбарў қилди. Қисматимдан минг бора рози эдим...

Тўйдан кейинги оилавий борди-келдилар бизни янада яқинлаштирди. Камолиддиндан илгаригидай тортинмай, ўзимни бемалолроқ тутадиган бўлдим. У тез-тез телефон қилиб, қандайдир ишлар юзасидан маслаҳатлар сўрар, кечга яқин аёлини етаклаб келиб қоларди. Турмуш ўртоғимнинг ҳам бу яқинликдан боши кўкда, мамнун юрарди.

Бир куни кечки овқат устида дўсти ҳақида гап кетганида мен Камолиддин исмини бир неча бор такрорладим.

– Унинг ёши сендан, ҳатто мендан ҳам катта. Нега ака сўзини қўшиб гапирмаяпсан? –деб сўраб қолди турмуш ўртоғим танбеҳ оҳангида.

– Лекин у сизга ака деб мурожаат қилади-ку, – деб ҳайрон бўлдим. – Қўл остингизда ишлайдиган кичик ходимларингиздан бири бўлса, сиз ҳам уни сенсирайсиз-ку, ахир.

– Эсинг борми, у қўл остимда ишламайди, лавозими меникидан анча баланд. Дили пок инсонлиги сабаб ёш кўринади.

Ҳанг-мангман. Ҳали мен жуфтимнинг раҳбари билан шунчалар осон муомала қиламанми? Уни ўзим қатори тенгдош йигит деб беписанд юрар эканман.

Тўғриси, шу қадар маданиятли, босиқ, яхши бир эркакнинг хотини менга негадир сира ёқмасди. Қандайдир ҳис-туйғулардан мосуво, яшашни қорин тўйдириш ва қимматбаҳо кийимлар кийиб, кибор юришдан иборат санайдиган бу келин инжиқликлари билан барчанинг жонига тегиб бўлганди. Яхшиямки, эрининг топиш-тутиши анчайин яхшилигидан у ҳозирга қадар бу томондан сиқилмаган. Чойнакка ўхшаб кетадиган, ўзи кирган ёшдан хийла катта кўринадиган бу хоним мени ўзига малай ҳисоблайдими, билмадим, ҳар куни унинг билан бирон ёққа бирга боришимга тўғри келарди. Тинмай касалхонага ётиб олар, эри ва менинг тинкамизни қуритадиган даражада ҳали у олиб кел, ҳали фалончи дўхтир билан гаплашинглар, буниси ёқмади деб, палатама-палата кўчарди. Албатта, севган кишим — эримнинг илтимоси бўлмаганида балки ўзимни четга олган бўлардим. Ўз уйим, жуфтим ташвишларини қолдириб буларнинг ортида сарсонаман. Мана шуларнинг бари мени Камолиддин ва унинг оиласига тобора яқинлаштирмоқда эди. Баъзан хотини қолиб, ота-онасига ҳам ғамхўрлик қилишимга тўғри келарди. Сингиллари яқин дугоналаримга айланишди. Ёки мен ўша оила аъзоси бўлиб қолдимми, билмайман. Укаси мени хуш қаршилар, отаси ҳовлидан мева териб келтириб, тўрвамни тўлдириб қўяр, сингиллари тивит рўмол тўқиб беришар, онаси мазали таом билан сийларди. Энди Камолиддин олдингидан-да кўпроқ телефон қилар, бир нималарни маслаҳат қилиб, оиласи кун тартибини режалаштирарди. Булар ўзимга табиий ҳолдек кўриниб, на турмуш ўртоғим, на ўзим парво қилмасдик.

Бир куни амакимнинг ўғли мени йўқлаб келди. Бир ҳовлида катта бўлганимиз учун уни акам ўрнида кўрардим. Уям мени эҳтиётлаш пайида бўлар, мактаб ёки бошқа жойда кимсани ёнимга яқинлатган эмасди. Ҳадди сиғиб, телефонимни олиб титкилашга тушди. Сўнг кутилмаганда:

– Камолиддин ким? – деб сўради.

– Бу кишининг дўсти, – деб эрим томон имладим.

– Яхши, лекин эрингнинг дўсти нега сенга бир кун, яъни бугуннинг ўзида йигирма уч марта қўнғироқ қилган. Куёв, ўзингизнинг телефонингиз ишламаяптими?– деб сўради.

– Ишлаяпти, – деди жондан ортиқ суйганим амакимнинг ўғлига қараб. – У оилавий дўстимиз. Бирон нимани маслаҳат сўрагани қўнғироқ қилган бўлса керак.

– Дўстларингиз, нима гапи бўлса, ўзингизга телефон қилишса яхши эди. Бу аёл киши бўлса, эркак одам бундан нимани маслаҳат олади? Ўзи кўча кўрмаган ношуд бир нарса. Сиздан илтимос, телефон ишлатмасин, ҳеч ким билан дўстлашиши ҳам шарт эмас, – деди қариндошим чўрт кесиб.

– Хавотирланмасангиз-чи, мен уни синаштасиз одамлар билан гаплаштириб қўярмидим. Буни ўзим сўраганман. Кун бўйи уйда ёлғиз ўтиради. Ўша ўртоғимнинг оиласи билан чалғиса, одамларни кўриб юрса дейман.

– Мен олдингиздан ўтдим. Синглим ниҳоят содда қиз. Туҳмат-пуҳматга қоп ўтирмасин, гап-сўз ёмон нарса деган маънода гапирдим.

Ухлаш учун ўрнимга чўзилар эканман, бечора жуфтим кундузги чарчоқдан қотиб ухлаб қолганини кўриб жилмайдим, анча пайт ёнбошлаганимча унга тикилиб ётдим. Нега уни бунчалар яхши кўраман-а, дея ўйладим. Шунчалар яхши инсонки, уни севмаслик мумкин эмас, деган тўхтамга келдим.

Бирдан миямга амакимнинг ўғли жаҳл билан “йигирма уч марта” деб таъкидлагани урилди. Балки тўғридир, баъзи кунлари бундан ҳам кўп телефон қилган пайтлари бўлган. Ростдан, нега шунақалигини ўйлаб қолдим. Камолиддин билан орамиздаги оилавий дўстлик чегараси кундан-кунга емирилиб бораётгани ҳақ гап. Ғафлат босибми, буни сезмай қолибман. Шу ерда тўхташим керак, тўхтамасам бўлмайди. Қалбимда эса нимадир “Ахир, у сенга бирон марта ножўя боқмади, ҳамиша одоб доирасида ҳурмат билан муомалада бўлди-ку”, деб қаршилик қиларди. У ҳатто мени кўрганида сал уялинқирагандай бўларди.

Эртаси куни эшитган гапим ҳаммасига нуқта қўйишимга асос бўлди: Камолиддиннинг хотини собиқ севгилисига эрга тегиш учун қочиб кетибди.

Яна ҳангу мангман. Ичимдан Камолиддин бир балодан қутулибди, шўрлик деган жумла сизиб ўтгани ҳам рост. Илгари, хотини бор пайтлари майли эди, энди ташлаб кетилган эркак билан гаплашиш ноўнғай деб ўйлаб, телефон рақамимни ўзгартирдим. Янги рақамимни ҳеч кимга бермасликни турмуш ўртоғимга пухта тайинладим.Бироқ энди Камолиддин бизникига тез-тез ташриф буюрар, дўстлар бирга узоқ гаплашиб ўтиришар, ҳатто тунда бизникида қолишни ҳам одат қилганди. Уларнинг олдига кирмаслик учун, яъни Камолиддин билан кўришмаслик ниятида емак-ичмакларни жуфтимдан киритиб юборардим. Агарда уй ичида нима тасодиф биландир кўришиб қолсак, салом бериш билангина чекланардим.

У бизникида тунаб қолган кунларнинг бирида эрталаб турмуш ўртоғим учаламиз биргаликда бозорга боришимизни, уй учун баъзи буюмларни харид қилишимизни айтди.

Кийиниб чиқиб, ўзимни ойнага солдим. Эгнимдаги либос қаддимга жуда ярашгандай эди.

Бозорда расталар оралаб юрар эканмиз, иккита кап-катта эркак, хурмачасидан ошириб ичиб олганми, билмадим, биттаси олдимга келиб, “асал, новвот” деб юзимни чимдилади. Ортимда турган эрим ҳам, Камолиддин ҳам буни аниқ-тиниқ кўрди. Хўжайиним ғинг этмади... Учовимиз ғалати алпозда қолдик. Кўзимга ёш тўлди... Ўзимни таҳқирланган ҳис қилдим, бегона юзимни чимдиса, эрим миқ этмаса... Ногоҳон Камолиддин билан нигоҳимиз тўқнашди, бир лаҳза бир-биримизга тикилиб қолдик. Шу он қароғимдаги ёш томчиси юзимга думалади ва... у шарт ортига бурилди.

Эрим иккимиз ҳай-ҳайлаб ортидан югурдик. Уни тўхтатишимиз лозим эди — булар ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари бўлиб, асло бошқалар билан сан-манга боришлари мумкин эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзларини босиб туришлари керак. Бу иккисининг жамиятда тутган нуфузи кўча одамлари билан пачакилашиб ўтиришга йўл қўймасди.

Униниятидан қайтаролмадик. Мўмин-қобил юрадиган йигитни ғазабнок ҳолда илк бор кўриб турибман. Эримнинг айтишига қараганда, у жанг санъати бўйича махсус тайёргарликдан ўтган экан. Ҳалиги иккаласини шунчалар аёвсиз дўппослардики... Юрагим ёрилиб кетай деб дукурлар, қўрққанимдан дағ-дағ титрардим. Эрим ва бошқалар Камолиддинни тўхтатишга беҳуда уринишарди.

Уни олиб кетишди. Уч ой ўтиб суд бўлди, Камолиддин озодликдан маҳрум этилди. Адоқсиз виждон қийноғида қолдим. Мени деб бўлди, мен туфайли яхши бир инсоннинг умри кул бўлиб сочилади энди, деб ич-этимни ердим. Бу азобда қандай тирик юраман? Кўксим тўла муҳаббат ўз ўрнини шундай изтиробларга бўшатиб берди. Севган инсоним — турмуш ўртоғим билан муносабатларимга бу ҳол соя солмай қолмади, албатта.

Суд бўлади деб эшитган кунимиз эрим уйга ичиб келди. Кўзлари сузилиб, ёқимсиз илжаяр, мени синчков нигоҳ билан кузатарди. Унга илгаригидек эътибор бермай қўйдим шекилли —мана самараси. Чамамда, нотўғри йўлдаман. Кўнглимнинг ягона эгаси қаровсиз такага айланиб қолибди. Уни севган бахтиёр кунларимни, ҳамиша хаёлимда турадиган қиёфасини хотирлагим келди, шуни истаганимда кўз ўнгимга фақатгина битта сиймо — Камолиддиннинг охирги бор кўзларимга қараган лаҳзаси келарди. Мен Шарқ аёлиман. Бу мумкин эмаслигини билсам ҳам кўз ўнгимдан Камолиддиннинг нигоҳини қува олмасдим. Муслим бир оилада кўрган тарбиям менга ҳар бир аёл ўз жуфти ҳалолинигина севиши лозим, ўзгаларни ҳатто хаёлига келтириши буюк гуноҳ дея уқтирган.

– Нимани хаёл суриб ўтирибсан? – эрим беписандлик билан таҳқир оҳангида сўради. Сўнг жавобимни кутмай, давом этди: – Ё эндиликда кунига йигирма уч марта телефон қиладиган одаминг бўлмаганига зерикяпсанми?

Сесканиб кетдим.

– Оҳ, бечора қумрилар, сен бунда хор, у сенга зор, – деди хунук қаҳқаҳлаб. – Ажаб ишлар бўлди-да. Беозоргина кўриниб, энг яхши дўстимнинг бошига етдинг-а. Уни тамом қилдинг. Энди навбат менгами? Кейин юраверасан-да бемалол юзингни чимдилатиб.

Ўрнимдан туриб кетдим. Титрар, жаҳлланар, ўкинар, ҳаяжонланар, асабийлашардим. Ҳолимни кўриб, раҳм қилдими, оғриқли гапларини бас қилиб, ичкари уйга қараб юрди. Эшик ёнига бориб, ўгирилди-да:

– Қамалганига хафа бўлиб, ич-этингни еяверма, бировнинг хотинини севиб қолганнинг жазоси шу, – деди ҳар бир сўзига такаббурона урғу бериб.

Энди кўксим потирлаб, қақшаб оғрий бошлади. Нима дегани у, бировнинг хотинини севиб қолган дегани? Камолиддин ундай инсон эмас-ку! Ақлини йўқотибди.

Бир-икки кун кўринмади. Ишхонасида тунагандир, дея ўйладим. Учинчи куни кечки пайт мулойимгина кўриниб кириб келди. Иккимиз ҳам ўзимизни ҳеч нима бўлмагандай тутдик. Овқатланиб бўлгач:

– Мен ухлайман, жуда чарчаганман, – деди.

Ошхонадан чиқаётиб, юзимга қарамай:

– Камолнинг хотини севганига теголмабди, собиқ йигити бошқа қизга уйланиб кетибди, бекорга оиласини бузгани қолди, аҳмоқ аёл. Сен ҳам унга ўхшаб доғда қолдинг, севганинг қамалиб кетди, – деб нописандалик билан гапирди.

Ўйлаб қолдим, шу инсонни севган эдимми, унинг учун борлиғим ўт-оташ бўлиб ёнармиди? Унинг учун жон фидо қилмоқ қадар куйиб-пишармидим? Севги шунчалар умри қисқа бахтми? Ҳузурга чулғовчи ҳисларимнинг бари қайга йўқолди? Мен муҳаббатни тушунолмадимми, ё у мени? Нега йўлимиз айро тушаяпти? Бу инсоннинг таҳқирларининг поёни борми ҳеч?

Маъюслигим ортиб борар, дам сайин кўз олдимга Камолиддиннинг қиёфаси келарди. Ноаниқ бир изтироб вужудимни тирнаб ачиштирарди. Еру осмон “гуноҳкор, гуноҳкор” теграмда чарх уриб рақс тушаётгандек эди.

Турмуш ўртоғим ишидан бўшади. Камолиддиндан сўнг ўша ерда ишлагиси келмади.Бутунлай ичкиликка берилди. Энди кун бўйи мени аччиқ гап-сўзлари билан “сийлар”, ё қолишимга, ё кетишимга изн бермасди. Ҳар-ҳар замонда мени эргаштириб, Камолиддиннинг ота-онасиникига борар, бир дардимни минглатиб, уларнинг ҳасратларини эшиттириб келарди.

Кун кечириш учун кимдир қимирлаши керак эди. Тилла занжиримнипуллаб, тирноқ парвариши, жило берувчисига шогирд тушдим. Сўнг ўша салонга ишга ҳам жойлашиб олдим.

Эрим ҳар куни ширакайф бўлиб келиб, дўстимни сен қаматдинг, деб иддао қилишдан тўхтамасди. Уни севган бахтиёр кунларимни, ҳар он қалбимда турадиган қиёфасини хотирлагим келарди... Номусли бир йигитнинг ҳаёти барбод бўлишига сабабчиман, деган хаёл билан ич-этимни еб битирдим. Олдиндан юрак хасталигим бор. Бу воқеа уни кучайтириб юборди. Ҳали ёш бўлсам ҳам умрим ниҳояланиб бораётганини сезаман.

Алвидо, фоний дунё, сенинг йўлларингда яйраб юролмадим, бахтли онларим кўпга чўзилмади. Аммо ҳақиқий муҳаббат бор эканига ишониб кўз юмаман. Сен бир инсонни бир он бўлса-да, пок ишқ билан севдингми, армонинг қолмас экан. Энди мен ўша инсонни биламан, уни лаҳзалик нигоҳидан таниб олдим. Ҳаётдан кетишимдан олдин эса фақат бир исмни такрорлайман — Камолиддин!”

Ҳикоя шу ерда якунига етган эди. Нима дейишни, қандай изоҳлашни билмайман. Баъзан бошқаларга беписанд нигоҳ ташлаб, паст баҳо берамиз. Аммо қуруқ ўтин каби кўринган кишиларнинг ҳам ичида ҳислари, изтироблари ёки қайғули ўтмиши бўлади. Мен ҳам бу аёл ҳақида адашибман. Ҳеч кимга ташқаридан туриб баҳо қўйиш ярамайдиган иш экан. Ўпкам тўлиб, ўксиб-ўксиб йиғладим. Оллоҳ инсонларни, инсонлар учун эса ишқ аталмиш неъматни нега яратганини тушуниб етгандай бўлдим. Кичик бир хонада кичик бир юмуш билан чалғиётган бир ожизанинг қанчалар буюк қалби бор экан. Баъзи инсонларни кўриб, кузатиб, таниб олар экансан, ҳали ҳеч ким эмасман деган хаёл тафаккурингга ўрнашиб қолади. Ҳақиқатан шундай, ишқсиз киши — қалбсиз вужуддир.

Хосият РАЖАБОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1