АсосийJamiyat

Тошкентда “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” IV халқаро кўргазмаси очилди

Пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо” мажмуасида “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” IV халқаро кўргазмаси очилди. Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси кўмагида “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси ва “Expocontact” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилди.

2013 йилда соҳа корхоналари томонидан қиймати қарийб 2150 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Экспорт қилинган маҳсулотлар умумий ҳажми 827,3 миллион долларни ташкил этди. Чунончи, хорижий давлатларга қиймати 120 миллион доллардан ортиқ чармдан тайёрланган пойабзал ва атторлик маҳсулотлари етказиб берилди, дея хабар беради ЎзА.

Мамлакатимизда тўртинчи марта ўтказилаётган “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” халқаро кўргазмасида Хитой, Италия, Россия, Индонезия, Туркия ва бошқа давлатлардан саксондан ортиқ корхона қатнашмоқда. Улар мода саноатининг энг сўнгги йўналишлари ва бозор талабларини инобатга олган ҳолда, пойабзал ва тикувчилик маҳсулотлари, чарм, газлама, мўйна ва қоракўлдан аксессуарларни намойиш этмоқда. Шунингдек, иштирокчилар стендларида замонавий асбоб-ускуналар, технологиялар ва фурнитураларни ҳам кўриш мумкин.

“Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси таркибига кирадиган корхоналар кенг экспозицияни иштирокчилар эътиборига ҳавола қилмоқда. Масалан, “Farg’ona charm polimer”, “Poyabzalchi”, “Style-Step”, “Edelweys”, “Dambog’ poyabzali savdo” компаниялари аёллар, эркаклар, болалар, спорт пойабзали, шунингдек, махсус оёқ кийимлар, ортопедик ва бошқа кенг турдаги пойабзал маҳсулотларини намойиш этаётир. Мамлакатимиз корхоналари томонидан чарм ва унинг ўрнини босадиган материаллардан тайёрланган буюмлар – либослар, сумка, камар, спорт инвентарлари катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Корхонамиз чарм ва унинг ўрнини босадиган материаллар, резинадан пойабзаллар ишлаб чиқармоқда, – дейди Самарқанд вилоятидаги “Замон Текстиль Экспорт” масъулияти чекланган жамиятининг лойиҳалар бўйича менежери Шерали Темиров. – Маҳсулотларнинг катта қисми МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Қозоғистонда ҳам ўз корхонамизни очиб, Россияда дўконлар тармоғини ташкил этдик. Чет эллик ҳамкорларимиздан кўплаб буюртмалар келиб тушмоқда. Шунинг учун ишлаб чиқариш қувватини ошириб, тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлашни йўлга қўймоқдамиз.

Енгил саноат мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаёган тайёр маҳсулотлар нафақат юқори сифати, балки замонавий дизайни билан ҳам ажралиб туради. Шу боис бундай маҳсулотларга жаҳон бозорида талаб катта бўлиб, ўнлаб давлатларга экспорт қилинаётир.

Италиянинг “Siretessile Textile Industry” компанияси менежери Марко Нерининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг пойабзал ишлаб чиқариш салоҳияти ортиб бораётир ва бу ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни тақозо этади. Пойтахтимиздаги “Pro-Obuv” масъулияти чекланган жамияти кенг турдаги тайёр махсус пойабзалларни тақдим этмоқда. Кўргазманинг биринчи кунида корхона маҳсулотларининг хорижий харидорлари сафига Жанубий Корея компаниялари ҳам қўшилди.

– Аввал ўтказилган кўргазмалар юртимизда ишлаб чиқарилган товарлар юқори сифати ва замонавий дизайни билан ажралиб туриши, хорижий маҳсулотлардан бир неча баробар арзон эканини намойиш этди, – дейди “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқаруви раисининг ўринбосари Шарифжон Шералиев. – Бу ички бозорни харидоргир миллий маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида уларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширишга ёрдам бермоқда.

“Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” халқаро кўргазмаси халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай имкониятдир. Унинг иштирокчилари географияси йил сайин кенгайиб бормоқда. Анъанага кўра, кўргазма якунида янги экспорт шартномалари ва инвестициявий битимлар имзоланади.

Кўргазма дастури доирасида ҳунармандлик, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ташкил этиш ҳамда ривожлантиришга оид тренинг, аёллар либосаларини тайёрлаш бўйича маҳорат сабоқлари ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

Кўргазма 17 майга қадар давом этади. 

    Бошқа янгиликлар