1

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрувчи сайёҳлар сони икки баробар кўпайди

ЖАМИЯТ 27.02.2018, 10:21
Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрувчи сайёҳлар сони икки баробар кўпайди

Ташқи ва ички туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида қисқа вақт ичида сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди, деб ёзади ЎзА.

«Аввалги йилларда қиш пайтларида меҳмонлар келиши кескин камайиб кетиши туфайли ходимларимизнинг кўпчилигига таътил берилар эди, — дейди Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Д. Эрмаматов. — Бу йил январь февраль ойларида ҳам мажмуамизга келувчилар оқими камайгани йўқ. Буни рақамларда ифодалайдиган бўлсак, ўтган йил январь ойида 43700 дан ортиқ меҳмон, жумладан, 125 нафар чет эллик буюк муҳаддис бобомиз мақбарасини зиёрат қилган эди. Жорий йилда эса зиёратчилар қарийб 72 минг кишини, улар орасида хорижликлар 300 нафарни ташкил этди. Ушбу даврдаги пул тушуми 67 миллион 500 минг сўмга етиб, ўтган йилгидан 27 миллион 900 минг сўм кўп бўлди».

«Байрам кунларида қўшимча дам олиш кунларининг жорий этилиши, айниқса, ички туризмни ривожлантиришда муҳим омил бўлди. Мисол, учун, Янги йил байрами кунларида қиш пайти бўлишига қарамай мажмуамиз зиёратчилар билан ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Наврўз байрамидаги дам олиш кунларида эса сайёҳларимиз сафи анча кенгайиши кутилмоқда. Бунинг учун зарур тайёргарлик ишларини амалга ошириб, гид-таржимонлар ва диний ходимлар малакасини ошириш чораларини кўрдик. Ҳудудда зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайликлар яратишга ҳаракат қилмоқдамиз».

Айни пайтда мажмуа ёнида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда. Қурилиш участкаси бошлиғи — «Қурилиш бирлашмаси» акциядорлик жамияти масъул ходими Р. Бурубоевнинг айтишича, 7 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда асосий қурилиш ишлари якунига етказилган ва ҳозирда биноларни пардозлаш ва жиҳозлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишлар миллий ва замонавий архитектура уйғунлигида бажарилмоқда.

Ушбу масканда илмий-тадқиқот маркази, ҳадисшунослик мактаби ва мазкур мактаб тингловчилари учун ётоқхона, ошхона, спорт-соғломлаштириш масканлари, илмий ходимларга мўлжалланган турар жойлар бунёд этилган. Марказда илмий-тадқиқотлар ўтказишга мўлжалланган ва ноёб тарихий китоблар, қўлёзмалар сақланадиган йирик кутубхона, ҳадисшунослик илми билан боғлиқ музей ташкил қилинади.

Бу марказ келгусида Имом Бухорий мажмуаси билан яхлит комплекс сифатида буюк алломалар меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга хизмат қиладиган маърифат маскани, йирик саёҳлик марказига айланиши шубҳасиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1