Президент Ислом Каримов “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.
Ҳурматли конференция иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар!
Сиз, конференция иштирокчиларини, аввало, муҳтарам меҳмонларимизни – нуфузли халқаро ташкилот ва тузилмалар, илмий тадқиқот марказлари, университет ва олий таълим муассасалари раҳбарлари ва вакилларини, таниқли олим ва мутахассисларни қутлаб, мазкур Форумда қатнашиш ҳақидаги таклифимизни қабул қилганингиз учун юксак ҳурмат-эҳтиромим ва миннатдорлигимни билдириш менга катта мамнуният етказади.
Бугунги конференциямиз ўзининг салкам уч минг йиллик тарихи мобайнида дунё цивилизацияси ва турли халқлар маданияти чорраҳаси бўлиб келган ва келаётган Самарқанд заминида ўтказилаётгани бу анжуманга алоҳида маъно-мазмун бағишлаб, унинг аҳамиятини янада оширади.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона руҳи ва қиёфаси, бой тарихи, бу ерда сақланиб қолган ноёб, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида маълуму машҳурдир. Мовий гумбазлари миллионлаб сайёҳларни ўзига мафтун этадиган Самарқанднинг Рим билан бир қаторда “абадий шаҳар” деган ном билан бутун дунёда шуҳрат қозонгани бежиз эмас, албатта.
Мана шу шаҳарда туғилиб-ўсган, вояга етган инсон сифатида менга бу шаҳарда яшаётган барча-барча инсонлар номидан сизларга ўз самимий меҳмондўстлигимизни изҳор этиш ва “Азим Самарқандга хуш келибсиз!” деб қутлаш катта мамнуният етказади.
Қадрли дўстлар!
Бугунги конференциямизнинг мақсади – Ўрта асрларда Шарқ оламида яшаб ижод этган буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий меросини чуқур муҳокама қилиш ва англаш, унинг замонавий цивилизация тарихида тутган ўрни ва ролига баҳо беришдан иборат.
Ана шу бебаҳо илмий меросни янада теран тадқиқ этиш ва оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга янги туртки бериш, Шарқнинг улуғ алломалари томонидан амалга оширилган кашфиётлар замонавий илм-фан ва тараққиёт учун нақадар долзарб ва зарур эканини очиб беришнинг аҳамияти ҳам шунчалик муҳим деб ҳисоблайман.
Ўрта асрлар Шарқ тарихи шундан далолат берадики, маданият ва таълим-тарбия, тиббиёт, адабиёт, санъат ва архитектура соҳаларидаги беқиёс юксалиш, илмий мактабларнинг вужудга келиши, янги-янги истеъдодли авлодлар тўлқинининг пайдо бўлиши ва вояга етиши – буларнинг барчаси биринчи навбатда иқтисодиёт, қишлоқ ва шаҳар хўжалигининг анча жадал ўсиши, ҳунармандлик ва савдо-сотиқнинг юксак даражада ривожланиши, йўллар қурилиши, янги карвон йўлларининг очилиши ва авваламбор нисбий барқарорликнинг таъминланиши билан бевосита боғлиқ бўлган.
Мен бу фикрга алоҳида урғу бериб айтмоқчиман. Чунки, тинчлик ва барқарорлик бўлмаса, илм-фан соҳасида ҳеч қандай ўсиш, тараққиёт бўлиши мумкин эмас. Қаерда тинчлик ва барқарорлик бўлсагина илм-фан марказлари, академиялар, олий ўқув юртлари пайдо бўлади. Энг асосийси, таълим-тарбия равнақ топиб, унга қизиқиш, эътибор кучаяди. Тинчлик-барқарорлик бўлган жойдагина одамлар ўқиб-ўрганишни, ҳар томонлама ривожланишни истайди. Одамлар кечаси уйқуга ётиб, эрталаб туришга қўрқмайдиган, эртага уларнинг бошига қандайдир муаммо ёки офатлар келмаслигини билган тақдирдагина шундай бўлади. Бу ҳақиқат кўп асрлар давомида ўз тасдиғини топган ва ишончим комилки, бугун бу мавзуда гапиришнинг ўзи ортиқча.
Шарқ оламида, хусусан, Марказий Осиё халқлари ҳаётида ривожланган маданиятнинг мавжуд бўлгани ҳақида қадимги бақтрия, сўғд, ўрхун, хоразм ёзувларида битилган ёдгорликлар, деворий тасвирий санъат асарлари ва ҳайкалчалар, архитектура намуналари далолат беради.
XI-XIII асрларда асос солинган Хоразм давлати, Форс кўрфазигача бўлган ҳудудлардаги қўшни халқлар ерларини бирлаштирган ҳолда, Осиё қитъасининг катта қисмини қамраб олган.
Милодгача бўлган II асрдан милодий XV асрга қадар қадимий халқаро транспорт артерияси вазифасини бажариб, Хитой, Ҳиндистон ва Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ, Ўртаер денгизи минтақаси каби ҳудуд ва мамлакатларни боғлаб келган Буюк Ипак йўлининг улкан, беқиёс ролини баҳолашнинг ўзи қийин.
Мазкур йўл нафақат юқорида зикр этилган ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини, балки қитъалар ва давлатлар ўртасида ахборот алмашувини таъминлашга хизмат қилди, янги технология ва ишланмаларнинг (ипак, чинни буюмлар, порох, қоғоз ва бошқа кўплаб маҳсулотлар) тез тарқалишида, қишлоқ хўжалиги экинлари ва агротехнологияларнинг, шунингдек, маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарди ва шу тариқа цивилизациялараро мулоқот ва технологиялар алмашуви учун шарт-шароитлар яратди.
Бу даврларда турли мамлакатлар халқларининг илмий билим ва ютуқлар билан бир-бирини бойитиб бориши алоҳида роль ўйнади. Буюк Ипак йўли орқали Европага, Европадан эса Осиёга Шарқ ва Ғарб оламидаги улуғ аллома ва мутафаккирлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар етказилди. Сократ, Платон, Аристотель, Птоломей ва антик даврга мансуб бошқа буюк алломаларнинг илмий асарлари, ғоя ва кашфиётларини ўрганиш учун амалий имконият вужудга келди.
Маълумки, ўша даврларнинг анъаналарига кўра, маърифатпарвар мутафаккир ва файласуфлар, олимлар ва шоирлар одатда ҳукмдорлар ва султонлар саройларида паноҳ топганлар. Улар орасида IX-XI асрларда Хивада ташкил этилган Маъмун академияси ва "Байтулҳикма", яъни "Донишмандлик уйи" деган ном билан шуҳрат қозонган Бағдод академиясида, шунингдек, XV асрда Самарқандда шаклланган Мирзо Улуғбекнинг илмий мактабида самарали меҳнат қилган бир гуруҳ олимлар бутун дунёга донг таратдилар.
Тадқиқотчи-олимларнинг фикрича, Шарқ, хусусан, Марказий Осиё минтақаси IX-XII ва XIV-XV асрларда бамисоли пўртанадек отилиб чиққан икки қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи ҳисобланиб, жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган Шарқ уйғониш даври – Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган.
Шу билан бирга, кўплаб тадқиқотчилар қайд этганидек, агар Европа Уйғониш даврининг натижалари сифатида адабиёт ва санъат асарлари, архитектура дурдоналари, тиббиёт ва инсонни англаш борасида янги кашфиётлар юзага келган бўлса, Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, астрономия, физика, химия, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанларнинг, шунингдек, тарих, фалсафа ва адабиётнинг ривожланишида намоён бўлди.
Ўрта асрларнинг илк даврида Шарқда амалга оширилган буюк илмий кашфиётлар ҳақида гапирар эканмиз, замонавий математика, тригонометрия ва география фанлари тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий номини биринчилар қаторида тилга оламиз. У ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берди ва амалиётга татбиқ этди. Бу эса математика ва астрономия фанлари ривожида кескин бурилиш ясади.
Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида бўлганимда, ана шу ниломерни кўриб, бу улуғ аждодимизнинг илмий даҳоси олдида яна бир бор ҳайратга тушиш бахтига муяссар бўлдим.
Фазовий тригонометрия асосчиси деб тан олинган, ўзининг математика ва астрономия соҳасидаги кашфиётлари билан шуҳрат қозонган яна бир буюк аллома Абу Наср ибн Ироқдир. Уни ҳақли равишда “Иккинчи Птоломей” деб атайдилар.
Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назарияси ва Ернинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни таклиф этди, Ер радиусини ҳисоблаб чиқди, вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берди, Колумб саёҳатидан 500 йил олдин Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлиги ҳақидаги қарашни илгари сурди, минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини ишлаб чиқди, геодезия фанига асос солди. Шунинг учун ҳам XI аср бутун дунёдаги табиий фанлар тарихчилари томонидан “Беруний асри” деб аталиши бежиз эмас.
“Ислом оламининг энг машҳур файласуфи ва қомусий алломаси ҳамда инсониятнинг энг буюк мутафаккирларидан бири” деган унвонга сазовор бўлган Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва фаолияти авлодларда алоҳида ғурур ва эҳтиром туйғуларини уйғотади. Илмий тадқиқот ишларини 16 ёшида бошлаган бу улуғ зот ўз умри давомида 450 дан ортиқ асар яратди. Уларнинг аксарияти аввало тиббиёт ва фалсафа, шунингдек, мантиқ, кимё, физика, астрономия, математика, мусиқа, адабиёт ва тилшунослик соҳаларига бағишланган. Леонардо да Винчи, Микеланжело, Фрэнсис Бэкон ва бошқа кўплаб олимлар авлоди унинг асарларини ўқиб, ҳайратга тушганлар.
Биз доим ғурур ва ифтихор билан эътироф этамизки, тиббиёт тарихида энг машҳур бўлган, “Тиб қонунлари” деб аталган ўзининг бебаҳо фундаментал асари билан Ибн Сино кейинги бир неча юз йиллар учун тиббиёт фанлари тараққиётининг асосий йўналишларини олдиндан белгилаб берди, ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солди. Бежиз эмаски, бу китоб Европада XV асрда чоп этилган дастлабки китоблардан бири бўлган ва Европанинг етакчи университетларида қарийб 500 йил давомида тиббиёт илми айни шу асар асосида ўқитиб келинган.
Ибн Сино ва Берунийнинг бизгача етиб келган Аристотелнинг “Коинот ҳақида китоб” асарига тааллуқли ёзишмалари буюк алломаларимизнинг илмий мулоқот олиб бориш, антик давр фалсафий қарашларини чуқур англаш ва уларни ривожлантириш борасида нақадар юксак даражага кўтарилганининг мумтоз намунасидир.
X-XI асрларда Хоразм заминида ижод қилган Беруний, Ибн Сино ва бошқа буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг хизматлари уларнинг илмий ишлари ва асарлари доираси билангина чегараланиб қолмайди, балки инсониятнинг интеллектуал тарихида чуқур из қолдирган илмий мактаб – Хоразм Маъмун академиясини шакллантиришдек муҳим масалани ҳам қамраб олади.
X асрнинг қомусий алломаси Абу Наср Форобийни замондошлари, универсал билимларга эга бўлгани боис, “Шарқ Аристотели” деб атаганлар. У кўплаб фанларни илмий кашфиётлар билан бойитди, турли мамлакатлар олимларининг фалсафий қарашларини ривожлантирди ва 160 дан ортиқ асар ёзди. Улардан энг машҳурлари “Моҳият хусусида сўз”, “Фанларнинг пайдо бўлиши ҳақида китоб”, “Тафаккур моҳияти” ва бошқа асарлар ҳисобланади. Форобий асарларининг асосий қисми кўплаб Европа ва шарқ тилларига таржима қилинган ва ҳозирги кунга қадар чуқур тадқиқотлар мавзуси бўлиб келмоқда.
Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг бутун бир авлоди ҳақида сўз юритар эканмиз, Амир Темур ва Темурийлар даври деб ном олган давр ҳақида, номи илм-маърифат осмонида бамисоли ёрқин юлдуз бўлиб порлаб келаётган Мирзо Улуғбек ва унинг Қозизода Румий, Али Қушчи сингари кўплаб сафдошлари ва шогирдлари хусусида эсламасдан ўтолмаймиз.
Барчамизга яхши маълумки, Амир Темурнинг набираси бўлган, 40 йил Самарқандда ҳукмдорлик қилган Мирзо Улуғбек астрономия соҳасидаги буюк аллома сифатида шуҳрат қозонган ва унинг номи ҳақли равишда Коперник, Жордано Бруно, Галилей ва бошқа улуғ илм-фан даҳолари қаторида тилга олинади.
Мирзо Улуғбекнинг XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган бўлиб, бу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог эди.
Мирзо Улуғбек обсерваторияси билан Самарқандни ўраб турадиган энг баланд тепаликлардан бирида жойлашган, буюк аллома номи билан аталадиган музейга ташриф чоғида янада батафсил танишиш мумкин.
Дунё тарихидаги биринчи туркий тиллар луғати бўлмиш “Девони луғатит-турк” китоби муаллифи Маҳмуд Кошғарий бўлиб, у ўз асарида юксак маҳорат билан тўплашга эришган сўз бойлигининг том маънодаги олтин зарраларини – туркий мақол ва шеърларни ҳам келтириб ўтган. Кошғарий туркий халқларнинг тили, маданияти, этнографияси ва фольклорининг биринчи тадқиқотчиси ҳисобланади.
Араб тили грамматикасининг асосчиси сифатида тан олинган буюк тилшунос, адабиётшунос, географ ва файласуф аллома – Маҳмуд Замаҳшарий ҳаётлик давридаёқ кенг шуҳрат қозонган. У, шунингдек, тарихдаги биринчи кўп тилли луғат – арабча-форсча-туркий луғатнинг асосчиси бўлган.
Албатта, биз барчамиз ўрта асрларда Шарқда яшаб ижод қилган, ўша давр воқеаларидан гувоҳлик берадиган бебаҳо асарлар яратган буюк тарихчилар авлодига, энг аввало, Аҳмад ибн Арабшоҳ, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий, Ҳофизи Абрў, Хондамир, Абдураззоқ Самарқандий ва бошқа алломаларга ўзимизнинг чексиз ҳурмат-эҳтиромимизни билдиришимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ҳурматли конференция иштирокчилари!
Бугун, орадан деярли минг йил ўтганидан кейин ҳам биз ўрта асрларда яшаб ижод қилган, жаҳон цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг даҳоси, илм-фаннинг турли йўналишларидаги изланишлари ва қомусий билимлари олдида ҳайратга тушамиз. Афсуски, инсоният бошидан кечирган ҳар хил фожиалар, урушлар, табиий офатлар натижасида улар қолдирган буюк мероснинг, айтиш мумкинки, мингдан бир қисмигина бизгача етиб келган, холос. Тарихнинг зулмат ва жаҳолат ҳукмронлик қилган муайян даврларида олимларнинг қувғин ва таъқибга учраб, кўпчилигининг ҳаёти фожиали якун топганини ҳозирги кунда тасаввур қилишнинг ўзи қийин.
Шу билан бирга, далиллар шуни кўрсатмоқдаки, одамлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар, тўқнашув ва низоларнинг биринчи қурбони билимлар манбаи ҳисобланган бебаҳо қўлёзма ва китоблар бўлган. Сизларнинг барчангиз яхши биласиз, қадимги дунёдаги энг улкан ҳисобланган Александрия кутубхонаси, Мирзо Улуғбекнинг ноёб кутубхонаси йўқ қилиб юборилган. Афсуски, бундай ачинарли рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Бироқ, барча қийинчилик ва аёвсиз синовларга қарамасдан, аллома ва мутафаккирлар ўзларининг илму фан ривожи йўлидаги бурчига, гуманизм ва маърифат ғояларига содиқ қолдилар.
Бу улуғ зотларнинг илм-фан соҳасига бахшида этган ҳаёти, улар эришган ва бугунги кунда бутун маърифатли инсониятни ҳайратга солиб келаётган ютуқлари – бу, ҳеч шубҳасиз, ҳақиқий маънавий жасорат намунаси, деб айтишга барча асосларимиз бор ва биз бундай жасорат олдида бош эгиб таъзим қиламиз.
Бугун ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкин ва буни мен алоҳида қайд этмоқчиман, ўрта асрлар Шарқ даҳоларининг буюк кашфиётларидан иборат илмий мероснинг чуқур қатламлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.
Ахир, фақатгина Ўзбекистоннинг ўзида китоб фондларида 100 мингтадан зиёд қўлёзма асарлар сақланмоқда. Уларнинг асосий қисми ЮНЕСКОнинг Маданий мерос рўйхатига киритилган. Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг қўлёзмалари Европа ва Осиёнинг Буюк Британия, Германия, Испания, Россия, Франция, Миср, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа кўплаб мамлакатларидаги кутубхоналарнинг “олтин фонд”ини ташкил этади.
Бу фактлар нимадан далолат беради? Бу, энг аввало, ўрта асрларда яшаб, ижод этган буюк Шарқ аллома ва мутафаккирларининг тенгсиз асарлари ва илмий мероси фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки эканини яна бир бор тасдиқлайди. Бу – бебаҳо бойлик, янги ва янги авлодлар учун донишмандлик ва билим манбаи, керак бўлса, янги кашфиётлар учун ажойиб материалдир.
Бизнинг давримизгача етиб келган бу бой меросдан бутун башарият равнақи йўлида оқилона ва самарали фойдаланиш – бу сиз билан бизнинг вазифамиз, сиз билан бизнинг бурчимиздир.
Бу борада фидойи олимларнинг роли алоҳида диққат-эътиборга муносиб бўлиб, айнан уларнинг меҳнати туфайли биз ўтмишнинг бебаҳо илмий меросини қайтадан кашф этмоқдамиз.
Биласизми, мен баъзан ўйлаб қоламан, дунёда фанлар кўп, илф-фаннинг ажойиб ютуқларини барча соҳаларда кўриш мумкин. Мен бундай машаққатли меҳнатдан доимо ҳайратга тушаман. Бизнинг халқимизда “Илм билан шуғулланиш – игна билан қудуқ қазиш билан баробар” деган мақол бор. Ана шу игна билан қудуқ қазиётганлар бор бўлсин! Улар қўлёзмалар устида 10-20 йиллаб ва ҳатто умрбод ишлаётган инсонлардир. Бундай сабр-тоқат билан меҳнат қилаётган инсонлар қалбида буюк даҳолар меросини бутун дунёга намоён этиш истаги шунчалик кучлики, ҳеч шубҳасиз, бундай даҳоларсиз инсоният равнақ топа олмайди.
Бугунги фурсатдан фойдаланиб, сизларга, сизларнинг тимсолингизда эса сизларнинг ҳамкасбларингизга – олимлар, тарихчи-шарқшунослар, археологлар, антропологлар, сарғайиб кетган қадимги қўлёзма ва саҳифалар устида кўз нурини тўкиб машаққатли меҳнат қилаётган бошқа кўплаб соҳаларнинг мутахассисларига самимий миннатдорлик билан мурожаат қилиб айтмоқчиман: сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз туфайли ўтмишда яратилган инсоният тафаккури хазинаси бугунги авлодлар ва замондошларимиз учун хизмат қилмоқда, олис-олис даврлар ва цивилизацияларнинг ажойиб ва сирли олами ўзини намоён этмоқда.
Конференциямизнинг энг нуфузли қатнашчиларидан бири, илмий фаолияти Марказий Осиё тарихи, этнографияси, археологияси ва санъатининг биз учун номаълум бўлган саҳифаларини очишга ёрдам берган япон профессори жаноб Като минтақамизнинг йирик тадқиқотчиси ҳисобланади. Унинг Буюк Ипак йўлини, Бақтрия давлатини ўрганишга бағишланган ишлари, шунингдек, 1989 йилдан буён Сурхондарё вилоятининг кўҳна Далварзинтепа ва Қоратепа шаҳарлари ўрнида олиб бораётган археологик тадқиқотлари, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур ва Марказий Осиёнинг бошқа улуғ мутафаккирлари асарларини япон тилига қилган таржималари бизнинг улкан минтақамиз тарихи ва маданияти ҳақидаги билимларни жаҳон мулкига айлантириш имконини берди.
Шахсан мен бу инсоннинг айнан бизнинг халқимиз олдида қилган эзгу ва олижаноб ишларини мамнуният билан эътироф этиб, айтмоқчиман: бу заҳматкаш олим Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Бу юксак нишон ушбу атоқли олимнинг ҳаётий қарашларини, эътиқодини, бутун фаолиятини яққол ифода этади, десам, ўйлайманки, янглишмаган бўламан. Чунки бундай инсонлар халқлар ва давлатлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди, бундай ришталарсиз инсон, халқ, жамият яшолмайди. Одамзот табиати шундайки, у уруш-жанжалларга эмас, балки дўстликка, бошқа халқлар билан ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлишга интилиб яшайди. Шунинг учун ҳам мен бу ажойиб инсонга миннатдорлик билдирмоқчиман.
Бугунги анжуманимизнинг яна бир қатнашчиси – таниқли америкалик тарихчи, археолог, антрополог, Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, 22 та китоб ва 200 дан ортиқ илмий мақола муаллифи – профессор Фредерик Старр жанобларидир. Унинг 2009 йилда “Марказий Осиёнинг янгитдан кашф этилиши” деб ном олган эссеси АҚШда оммавий ахборот воситаларида чоп этилган йилнинг энг яхши материали сифатида эътироф этилган.
Шарқ Ренессанси даври Ҳиндистоннинг академик ва маданий доиралари томонидан ҳам чуқур ўрганилмоқда. Бугун ушбу анжуманда Индира Ганди номидаги Миллий маданият марказининг илмий раҳбари, IV-XV асрлардаги Ўрта Осиё ёзма манбаларини қиёсий ўрганиш бўйича узоқ йиллардан буён самарали иш юритиб келаётган профессор Мансура Ҳайдар хоним ҳам иштирок этаётганини айтиб ўтмоқчиман.
Олиманинг “Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарининг тарихий аҳамияти” деб номланган илмий монографияси халқаро миқёсда кенг эътироф этилган бўлиб, у Амир Темурнинг ҳаётлиги даврида унинг давлатчилик фаолиятига бағишлаб ёзилган ягона китобни батафсил тадқиқ этишга қаратилган.
Бизнинг Корея Республикасидан ташриф буюрган яна бир меҳмонимиз, Корея ва Осиё минтақасидаги етакчи олий ўқув юртларидан бири – Инха университети президенти, олий таълим тизимининг тан олинган ташкилотчиси, аэрокосмик муҳандислиги соҳасидаги йирик мутахассис Пак Чун-Бэ Корея Республикасида аэронавтика ва коинот соҳасидаги тадқиқотларга кўп йиллар давомида раҳбарлик қилиб келган. Унинг бевосита ва шахсан иштирокида жорий йилда Тошкент шаҳрида ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали бакалавр ва магистрларни тайёрлашга ихтисослашган Кореянинг машҳур Инха университети филиали очилади.
Қоҳира университети профессори, турк филологияси ва адабиёти бўйича таниқли олима Магида Маҳлуф хоним ўтган йили “Бобурнома”ни араб тилига таржима қилиш бўйича узоқ йиллик ишини якунига етказди ва унда ўзининг чуқур шарҳлари ва аввалги тадқиқотларга доир танқидий таҳлилларини баён этди. Энг муҳими, бизнинг буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ асари билан инглиз, форс ва бошқа кўплаб тиллар қатори эндиликда араб тилида ҳам танишиш имкони пайдо бўлди.
Шарқ тарихи ва фалсафасининг турли йўналишлари бўйича 60 дан ортиқ нашр қилинган ишлар муаллифи, Бельгиядаги Лувен католик университети профессори Юль Янссенснинг илмий фаолиятини ҳам биз юксак баҳолаймиз. Олимнинг “Ибн Сино ва унинг араб ва лотин дунёсига таъсири” китоби, “Абу Али ибн Сино ва унинг мероси” тўплами фақат мутахассислар эмас, балки бутун дунё китобхонлари орасида ҳам юқори баҳоланди ва кенг эътироф этилди.
Мен бу инсон билан танишишни кўпдан буён орзу қилганимни айтишни истардим. Бугунги имкониятдан фойдаланган ҳолда, унга мурожаат қилиб, айтмоқчиман: сизни Ибн Синодек даҳо шахснинг айнан қайси жиҳатлари ўзига мафтун этади? Балки сиз бу борада бизнинг телевидениемизда чиқиш қилиб, тарихимиз, маданиятимиз, буюк алломаларимиз, айниқса, Ибн Синога бўлган муҳаббатингиз ҳақида жамоатчилигимизга, ёшларимизга атрофлича сўзлаб берарсиз? Мен буни жуда-жуда истардим.
Хитой Фан ва технологиялар университетининг тарих ва археология факультети раҳбари, профессор Ши Юнлининг номини алоҳида таъкидлашни истардим. У астрономия тарихи соҳасида дунёга таниқли мутахассисдир. Унинг ўрта асрларда Марказий Осиё, Хитой, Корея ва Европада астрономия тараққиётини қиёсий-таҳлилий ўрганиш бўйича олиб борган тадқиқотлари катта шуҳрат қозонди. У астрономиянинг пайдо бўлиш ва ривожланиш тарихини оммалаштириш бўйича жаҳонга машҳур олим, айни пайтда Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёдаги қатор етакчи илмий-оммабоп нашрларнинг таҳрир ҳайъати аъзоси ҳамдир.
Европада таниқли врач, соғлиқни сақлашнинг замонавий тизимини ташкил этиш соҳасида тан олинган эксперт, доктор Марк Боннелнинг фидокорона фаолияти катта ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир. У раҳбарлик қилаётган “Абу Али ибн Сино – Франция” уюшмаси Франция ва Европада Ибн Синонинг маданият, фалсафа ва тиббиёт соҳасидаги илмий асарларини оммалаштиришга беқиёс ҳисса қўшмоқда.
Бизнинг конференциямизда, шунингдек, Утрехтдаги Фан тарихи институтидан машҳур голланд олими Роберт ван Гент ҳам иштирок этмоқда. Ушбу тадқиқотчининг нашр этилган ўндан ортиқ китоби, 60 та мақоласи фақат астрономия, картография ва геодезиянинг бугунги долзарб муаммоларини эмас, айни пайтда уларнинг тараққиёт тарихини, жумладан, ўрта асрлар Шарқига мансуб даврни ҳам қамраб олади.
Ўрта асрларда Шарқда яшаб ўтган аллома ва мутафаккирларнинг боқий меросини тадқиқ ва тарғиб этишга, кенг оммага етказишга муносиб ҳисса қўшаётган кўплаб фидойи олим ва мутахассислар ҳам шундай эътироф ва ҳурматга сазовордир. Сизларнинг барчангизга меҳнатингиз, илм-фан ва маърифат ривожига қўшган ҳиссангиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.
Қадрли дўстлар!
Ўз тарихига, тўпланган тажрибага, дунёда энг катта бойлик саналган интеллектуал салоҳиятга чуқур ҳурмат билан ёндашиш ҳар қандай давлатнинг моддий ва маънавий тараққиёти асосини ташкил этади, десам, ишонаманки, бу фикрга сизлар ҳам қўшиласиз.
Шу муносабат билан улуғ испан адиби Сервантеснинг, тарих – фаолиятимиз хазинаси, ўтмиш гувоҳи, бугунги кун учун ибрат ва ўгит, келажак учун эса огоҳлантиришдир, деган сўзларини такрорлаш ўринли бўлади, деб ўйлайман. Менга айниқса “келажак учун огоҳлантириш” деган фикр жуда маъқул бўлди. Нима учун? Нега деганда, ҳақиқатан ҳам, тарихни билмаган киши ҳар қадамда хатога йўл қўяди, ўз тарихи билан фахрланмайдиган халқ эса ўз келажагини тасаввур қилолмайди.
Барчамиз яхши тушунамизки, эришилган билимларни, ўтмишда, жумладан, ўрта асрлар Шарқида амалга оширилган оламшумул кашфиётларни чуқур ўзлаштирмасдан туриб на илм-фанда, на бошқа соҳаларда янги, янада юксак марраларни забт этиб бўлмайди. Биз келгуси фаолиятимизда ҳам айни шу тамойилга қатъий амал қиламиз.
Бугунги кунда инсоният олдида янги, глобал муаммолар пайдо бўлмоқда. Улар қаторида мен иқлим ўзгаришлари, экотизим ва биохилма-хилликни сақлаш ва асраб-авайлаш, табиий захираларнинг тугаб бориши ва бошқа шу каби жуда ўткир муаммоларни қайд этишни истардим. Уларнинг оқилона ечими давримизнинг энг кескин муаммосига айланмоқда.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш интеллектуал салоҳиятнинг ҳар томонлама ўсишини, кўп асрлар мобайнида вужудга келган қонунларни қайта идрок этиш ва янгича баҳолашни, бизни қуршаб турган борлиқни кенг миқёсда ўрганиш бўйича чуқур илмий тадқиқот ва тажрибалар олиб боришни тақозо этиши мумкин.
Ўзингиз айтинг, бугун бу залда номлари зикр этилган буюк алломалар, улуғ инсонлар ўз кашфиётларини, илмий асарларини ғоят оғир шароитларда яратган эмасми? Улар замонавий лабораторияларга, бугунги кундаги каби илмий асбоб ва жиҳозларга эга бўлмаган. Демоқчиманки, ҳозирги вақтда илм-фан юксак технологиялар, улкан маблағларни жалб этиш ҳисобидан ривожланади. Илм-фан ва маданиятни буюк сармоялар киритмасдан, ҳар томонлама қўллаб-қувватламасдан равнақ топтириб бўлмайди. Бу соҳадаги доимий юксак эътибор, катта маблағ ва сармоялар, ҳеч шубҳасиз, катта-катта ғоялар ва кашфиётларга сабаб бўлади.
Табиийки, улкан ҳажмдаги маблағ ва харажатлар билан бирга, ўз навбатида ўтмишда амалга оширилган беқиёс илмий ютуқлардан оқилона фойдаланиш талаб қилинишини ҳам ҳаммамиз яхши тушунамиз. Шуларни эътиборга олганда, “ХХI аср – билим ва интеллектуал тафаккур асри” деган фикр бежиз айтилмагани ўз-ўзидан аён бўлади. Бугунги кунда “Энг кўп талаб қилинадиган ва ўзини энг кўп оқлайдиган сармоя – бу инсон капиталига йўналтирилган сармоядир” деган ҳақиқатнинг ҳаётда тобора мустаҳкам қарор топиб бораётгани тасодиф эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бу ўринда нима назарда тутилмоқда?
Ўзининг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлашга, бойитиш ва кўпайтиришга, шунингдек, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга етарлича эътибор қаратмайдиган, ҳар томонлама уйғун ривожланган, мустақил фикрлайдиган, ўз қараш ва ёндашувига, гражданлик позициясига эга бўлган шахсни камол топтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўймайдиган ҳар қандай давлат ва жамият тарих ва тараққиёт йўлидан четда қолиб кетишга маҳкум эканини биз ўзимизга яхши тасаввур қилиб келганмиз ва яхши тасаввур этамиз.
Биз ўз мустақиллигимиз ва суверенитетимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб ўтмишда шаклланган таълим тизимини тубдан ислоҳ қилмасдан туриб, эски коммунистик мафкуранинг қолип ва ақидаларидан бутунлай воз кечмасдан, ёшларнинг онгида демократик қадриятларни мустаҳкамламасдан туриб янги жамиятни барпо этиб бўлмайди, деган қатъий хулосага келган эдик.
Агар Ўзбекистонда бугун яшаётган 31 миллион аҳолининг 60 фоизидан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, ушбу ислоҳотларнинг зарурати ва роли ўз-ўзидан тушунарли ва равшан бўлади.
Мамлакатимизда қабул қилинган миллий дастурга кўра, 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилди. Бу авваламбор 12 йиллик тўлиқ бепул, мажбурий таълим қонуний асосда йўлга қўйилганини англатади. Агар инсон ўз мамлакати Конституцияси, халқи ва Ватани олдидаги фарзандлик бурчини бажаришни истаса, у биринчи навбатда ўз фарзандининг 12 йиллик таълим олишини таъминлаши, бунинг учун барча-барча шароитларни яратиб бериши керак.
Бу моделнинг принципиал хусусияти авваламбор шундаки, умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олиб, уларнинг ҳар бири умумтаълим фанлари билан бирга меҳнат бозорида талаб қилинадиган 2-3 та мутахассислик бўйича касб-ҳунарларни ҳам эгаллайдилар.
Мен сизларнинг ана шу лицей ва коллежларни – бу Самарқандда бўладими, Тошкентда бўладими, олис шаҳар ва туманларда бўладими – ана шу ўқув юртларини албатта бориб кўришингизни истардим. Бу коллежлар энг юксак замонавий талаблар асосида бунёд этилган ва барча жиҳозлар билан таъминланган. Биз энг замонавий меъморчилик лойиҳалари асосида 1500 та ана шундай коллеж ва лицейлар барпо этдик. Илгари хорижлик меҳмонларга экзотика намуналарини кўрсатардик. Бугун эса уларга болаларимиз қандай ўқиётгани, уларга қандай замонавий шароитларда билим бераётганимизни, қандай авлод вояга етаётганини кўринг, деймиз. Яна шуни таъкидламоқчиманки, ушбу коллежларда таҳсил олаётган ёшларимиз икки-уч мутахассисликка эга бўлиш билан бирга, хорижий тилларни, аксарият ҳолларда инглиз тилини ўрганмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ана шу мажбурий таълимдан сўнг ёш йигит-қизларимиз, ўз хоҳишларига кўра, бакалавр ёки магистр даражасига эга бўлиш учун олий ўқув юртларида таҳсил олишни давом эттиришлари мумкин.
Таълим-тарбия соҳасини ислоҳ қилиш дастури ҳаётимизга муваффақиятли жорий этилиши натижасида узлуксиз таълимнинг замонавий талабларга жавоб берадиган яхлит тизими яратилди. Бу тизим таълим жараёнларининг барча босқичларини – мактабгача ва мактаб таълимидан тортиб ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим бўғинини, шунингдек, халқаро меъёрларга мос ҳолда бевосита фан доктори даражасини олиш учун диссертация ҳимоясини назарда тутадиган олий таълимдан кейинги бир босқичли таълимни ўзига қамраб олади.
Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганидан буён олий ўқув юртлари сони 2 марта ошди, бугунги кунда 60 та университет ва институтда 230 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Ўзбекистонда Европа ва Осиёнинг бир қатор етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари, жумладан, Вестминстер университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети, Россия нефть ва газ университети, Москва давлат университети, Россия иқтисодиёт университети филиаллари фаолият юритмоқда.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Миллий университети, Фанлар академияси ва Буюк Британиянинг етакчи олий ўқув юрти – Кембриж университети билан биргаликда Юксак технологиялар ўқув-тажриба маркази ташкил этилмоқда.
2014 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб юртимизда, юқорида зикр этилганидек, Жанубий Кореянинг Инха университети филиали фаолият кўрсатади, унинг асосий йўналишини ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер муҳандислиги соҳасидаги таълим ташкил этади.
Ёшларимизнинг минглаб иқтидорли вакиллари Япония, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Франция ва бошқа мамлакатларнинг етакчи университетларида таълим олмоқда, бу эса уларнинг билим ва малакасини оширишда кенг имкониятлар очиб бермоқда.
Бугунги кунда, БМТ маълумотларига кўра, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистон давлат бюджетидан ҳар йили 35 фоиз маблағ айнан таълим-тарбия соҳасига йўналтирилмоқда.
Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири – “ИНСЕАД” томонидан 2012 йилда инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси, жумладан, таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича эса дунёда бешинчи ўринни эгаллагани бежиз эмас, албатта.
Холис инсонлар бизнинг таълим-тарбия соҳасидаги кенг кўламли ишларимиз ҳақида холисона хулоса чиқаргани учун миннатдормиз. Биз бундай ҳар томонлама асосланган тадқиқотлар олиб бориб, умумий хулосалар чиқариш билан шуғулланадиган илмий-таҳлилий марказ мавжудлигидан бехабар эдик. Бундай марказлар фаолияти жуда фойдали деб ўйлайман ва биз ана шундай юксак эътирофдан руҳланиб, янада юқори ўринларга кўтарилиш учун янада қаттиқ бел боғлаб ҳаракат қиламиз. Биринчи ўринга даъвогарлик қилишдан чўчиб турган бўлсак-да, биз шунга интилиб яшашга ҳақлимиз, деб ўйлайман.
Муҳтарам конференция қатнашчилари!
Ўрта асрлар Шарқи буюк алломаларининг илмий меросини, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини ўрганиш ва амалда оммалаштиришга бағишланган ушбу конференцияни ўтказиш ўта муҳимлиги ва мақсадга мувофиқ эканига бизнинг ишончимиз комил, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Форум қатнашчиларининг таркибини эътиборга олган ҳолда айтадиган бўлсам мен сизлар билан олдиндан танишман.
Сизларнинг ялпи мажлис ва секциялар бўйича ўтадиган йиғилишларда билдирадиган таклиф-мулоҳазаларингиз муҳокама этилаётган мавзуга оид долзарб масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этиши, ушбу конференция ишини мазмунан бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз. Чунки бундай мавзудаги конференция дунёда камдан-кам бўладиган анжумандир. Ўйлайманки, унинг натижасига кўра жуда бой материалларга эга бўламиз. Бизнинг истагимиз шуки, Шарқ қўлёзмаларида сақланаётган улкан меросдан барча-барча инсонлар баҳраманд бўлсин. Уларни одамларга, авваламбор ёшларимизга етказиш айни муддао бўлур эди.
Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман.
Биз келгусида юртимиз ва хориждаги тегишли етакчи университетлар, илмий ва тадқиқот марказлари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланиб боришидан манфаатдормиз ва бугунги конференциядан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам шундан иборат эканини алоҳида таъкидлашни истардим.
Шуниси муҳимки, олим ва мутахассисларнинг ҳамкорлиги униб-ўсиб келаётган ёш авлод, талаба ва ёшларнинг ўзаро алоқалари учун ҳам, улар дунёнинг қайси жойида яшаши, ўқиши ёки меҳнат қилишидан қатъи назар, кенг йўл очиб беради.
Айни шу жиҳатдан ҳам биз мазкур анжуманнинг аҳамиятини чуқур англаб турибмиз. Конференция ушбу мавзу доирасида бизни бир-биримизга янада яқинлаштиради. Анжуман мавзуси эса, уни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, мазкур йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш ва шу мақсадда ажратилаётган маблағларни янада кўпайтиришга қодир эканимизни бутун дунёга намоён этади.
Шунинг учун ҳам биз бундай форумларнинг мунтазам ўтказиб турилиши тарафдоримиз. Ўзбекистон халқи ғоят меҳмондўст, сиз, муҳтарам меҳмонларимиз бунга ҳар бирингиз ўз мисолингизда ишонч ҳосил қилишингизни хоҳлаймиз. Шу боис сизларни фақат Самарқанд ва Тошкентда эмас, мозий гавҳари бўлган Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва бизнинг буюк тарихимизни, қадимий цивилизация ютуқларини асраб-авайлаб келаётган бошқа шаҳарларимизда ҳам кўришдан мамнун бўламиз.
Ушбу юксак минбардан туриб шу муҳташам залда тўпланганларга яна бир бор самимий ҳурматимни изҳор этаман, ишингиз самарали бўлишини, Ўзбекистонга сафарингиз сизларда ўчмас таассуротлар қолдиришини истайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда янги-янги ютуқ ва омадлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.