АсосийJamiyat

Ихтиёрий ёрдам беринг, акс ҳолда алимент

Алимент ажрими, миқдори, тўлови, сабаблари ва озод этадиган жиҳатлари ҳақида Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд департаменти мутахассислари маълумот беришади.

Алимент тўланиши ҳақида суд қарори чиқарилгандан сўнг, тўлов қанча муддатда амалга оширилиши лозим? Тўлашдан бош тортиш, беписандлик билан қараш ҳолатлари юзасидан фуқарога (ота ёки онага) нисбатан қандай чоралар қўлланилади?

Соҳиба Шербўтаева, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани,

“Товоқсой” қўрғони, А. Қаҳҳор кўчаси 28 уй.

— Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, энг кам иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ  билан жазоланади.

Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч  йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

КИМНИНГ ЗИММАСИДА?

Дейлик, алимент тўловчи чет элга кетмоқчи, келиши эса номаълум. Бундай вазиятда белгиланган алимент тўловини ким ўз зиммасига олиши керак?

Нигора Тошева, Самарқанд шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 96-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларга таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарори ёки буйруғига асосан алимент ундирилади. Суд қарори бўйича белгиланган алиментни қарздор ота (ёки она) тўламаётган тақдирда унинг яшаш жойи бўйича тегишли суд ижрочиларининг туман (ижро) бўлимига мурожаат қилиш лозим.

ТЎЛАНИШ МУДДАТИ ҲАҚИДА

Айтинг-чи, алимент суд қарори қабул қилинганидан кейин қанча муддатдан сўнг тўланиши шарт?

Зиёда Анорбоева, Тошкент вилояти

— Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар хужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига асосан алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати талаблари дарҳол ижро этилиши керак.

ТЎЛАШГА ЛАЁҚАТСИЗЛАР

Қандай ҳолатларда алимент тўланиши бекор қилинади, кимлар алимент тўлашга лаёқатсиз деб топилади?

Шаҳло Дадаева, Қашқадарё вилояти

Оила кодексининг 105-моддасига мувофиқ:

  • алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса,
  • шунингдек, алимент тўлаётган ота(она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса
  • ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўладиган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат қилишга ҳақли.

САБАБЛАР ҲИСОБГА ОЛИНАДИМИ?

Алимент тўлашда ажрашиш сабаблари ҳам ҳисобга олинадими?

Акром Тўхтаев, Қўқон шаҳри

— Оила кодекси моддалари талабларига кўра ажрашиш сабаблари вояга етмаган фарзандга алимент тайинлашда ҳисобга олинмайди.

МИҚДОРИ ҚАНЧА?

Вояга етмаган бола учун тўланадиган алиимент миқдори қанча ва у нимага қараб белгиланади?

Зироат Комилова, Наманган вилояти

Оила кодексининг 99-моддасига мувофиқ, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

— бир бола учун — тўртдан бир қисми;

— икки бола учун — учдан бир қисми;

— уч ва ундан ортиқ бола учун — ярми миқдорида ундирилади. Бу тўловнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.

МОДДИЙ ЁРДАМ ҲАМ МУМКИНМИ?

Суд қарори асоида тайинланган ва тўланиши белгиланган алиментдан ташқари моддий ёрдам сўраш ёки талаб қилиш ҳам мумкинми?

Жамила Отаева, Самарқанд вилояти

— Оила кодексининг 103-моддасига асосан ота-она фавқулодда ҳолатлар (болалар оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча ҳаражатларда иштирок этиши шарт. Қўшимча ҳаражатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча ҳаражатларни қисман пул билан  тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. 

ФАРЗАНДДАН МОДДИЙ ЁРДАМ?!

Узоқ йиллик турмушдан сўнг ажрашганда ҳам ота-оналардан бири вояга етган фарзандларидан моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эгами?

Тўлаган Оқилов, Сирдарё вилояти

Оила кодексининг 109-моддасига асосан вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт.

ОТА-ОНАНГИЗГА АЛИМЕНТ ТЎЛАЙСИЗ, АГАР...

Ёрдамга муҳтож меҳнатга лаёқатсиз ота-онага алимент тўлаш қай тартибда амалга оширилади?

Нодир Жумаев, Тошкент шаҳри

— Оила кодексининг 110-моддасига асосан вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.

СИЗ ОЗОДСИЗ, ҚАЧОНКИ...

Қай ҳолларда суд эр ва хотинни бир-бирларига таъминот бериш, яъни вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилади?

Ботир Оқилов, Қашқадарё вилояти

— Оила кодексининг 120-моддасига асосан суд қуйидаги ҳолларда таъминот бериш мажбуриятидан озод қилиши мумкин:

  • Агар эр-хотин никоҳда қисқа вақт мобайнида бўлган бўлса;
  • Агар ўз таъминоти учун маблағ тўланишини талаб қилаётган эр ёки хотиннинг нолойиқ хулқ-атвори туфайли никоҳдан ажратилган бўлса;
  • Агар ёрдамга муҳтож эр ёки хотиннинг меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолиши унинг спиртли ичимликларни, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши ёки қасддан жиноят содир этиши оқибатида юз берган бўлса, эр (хотин)ни ёрдамга муҳтож меҳнатга лаёқатсиз хотин (эр)га таъминот бериш мажбуриятидан озод қилиши ёхуд бу мажбуриятни муайян муддат билан чеклаб қўйиши мумкин.

Умида Якубова тайёрлади

 

 

    Бошқа янгиликлар