1

Инха университетига кириш имтиҳонлари саволларининг намуналари намойиш этилди

ЖАМИЯТ 19.05.2014, 09:41
Инха университетига кириш имтиҳонлари саволларининг намуналари намойиш этилди

Пойтахтимизда Жанубий Кореянинг Инха университети президенти Пак Чун-Бэнинг академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган учрашув видеоконференция шаклида ўтказилгани унда мамлакатимиз ҳудудларидан ҳам абитуриентларнинг иштирок этишига имконият яратди, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Шерматовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда таълим соҳасининг изчил ислоҳ этилаётгани барча йўналишлар, жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳам юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз пойтахтида Жанубий Кореянинг Инха университети филиали очилиши амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин самараси бўлди.

Тадбирда Пак Чун-Бэ Тошкент шаҳридаги Инха университетида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида етакчи мутахассислар тайёрлаш учун барча зарур шароит яратилишини таъкидлади. Президентимизнинг 2014 йил 24 мартда қабул қилинган “Тошкент шаҳрида Инха университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 27 мартдаги “Тошкент шаҳридаги Инха университетининг фаолиятини ташкил этиш ва моддий-техника базасини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Пак Чун-Бэ Тошкент шаҳридаги Инха университети яқин келажакда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ахборот технологиялари саноати мутахассисларини тайёрлайдиган етакчи марказлардан бирига айланишига ишонч билдирди.

Мамлакатимизнинг ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари янги олий ўқув юртига кириш, бу ерда таҳсил олишга оид ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди ва Жанубий Корея олий таълим тизими билан танишди. Видеоконференцияда Тошкент шаҳридаги Инха университетига кириш имтиҳонлари саволларининг намуналари намойиш этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1