АсосийJamiyat

Тошкент шаҳрида биринчи халқаро “Бешлар Иттифоқи” анжумани бўлиб ўтди

'Тошкент шаҳрида биринчи халқаро “Бешлар Иттифоқи” анжумани бўлиб ўтди  'ning rasmi

Яқинда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Халқаро “Бешлар иттифоқи” анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европа И ттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган ушбу кенг кўламли тадбир ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси ҳамда Тошкент шаҳридаги халқаро университетларнинг бир қатор фаол ёшлари ташаббуси ҳисобланади. Ушбу анжуман Ўзбекистонда жаҳон даражасидаги 5 та ташкилотнинг моделини уюштиришга мўлжалланган ягона ёшлар тадбири ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан онлайн сўровнома йўли билан 1500 дан ортиқ ёшлар орасидан танлаб олинган 250 дан зиёд фаол ёшлар ушбу анжуманга қамраб олинган. Анжуманнинг “Бешлар Иттифоқи” дея номланиши дунёдаги бешта халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотлар номига боғлиқ бўлиб, булар қуйидагилар ҳисобланади:

• Бирлашган МиллатларТашкилоти;

• Европа Иттифоқи;

• Шанхай ҲамкорликТашкилоти;

• Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги;

• Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси.

Анжуман ёшлар орасида ушбу ташкилотларнинг симуляциясини яратиш, уларнинг бош мақсадлари, устувор йўналиш ва дастурлари билан яқиндан танишиб чиқиш, айни пайтда дунё муаммоларига ёшлар кўзи билан қараб, уни чуқур ўрганиш ва уларни бартараф этиш каби қатор вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ушбу ташкилотлар таркибига делегатлар ва модераторлар бириктирилган бўлиб, ҳар бир ташкилот ўзининг расмий тилига ҳамда устувор йўналишларига эга.

БМТ таркибига 64 та иштирокчи, 3 та модератор киритилган бўлиб, уларнинг анжуман тили инглиз тили. Асосий устувор йўналиши “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенсия”ни таъсис этиш чора-тадбирларига бағишланган;

• Европа Иттифоқи эса 60 та иштирокчи, 3 та модератордан иборат бўлиб, ташкилотнинг анжуман тили инглиз тили. Асосий устувор йўналиши: Марказий Осиё учун Европа Иттифоқи давлатлари томонидан таълим соҳасида жорий этилиши кўзда тутилган лойиҳалар;

• СҲҲТ таркибида эса 44 та иштирокчи, 3 та модератор бўлиб, уларнинг расмий тили - рустили. Асосий мақсад: СҲҲТ аъзо давлатлари ўртасидаги барқарор иқтисодий ва маданий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш.

• МДҲ таркиби 22 иштирокчи, 2 та модератордан ташкил топган бўлиб, уларнинг расмий тили ҳисобланмиш рус тилида олиб борилади. Асосий мақсад: МДҲ аъзо давлатлари ўртасида иқтисодий алоқларни, туризм соҳасидаги истиқболли режаларни йўлга қўйишдир.

• Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси 53 та иштирокчи, 5 та модераторни қамраб олган бўлиб, анжуман музокаралари ўзбек тилида олиб борилади. Асосий мақсади: “Кўнгиллилар жамиятини шакллантириш ҳамда уларнинг давлат органлари ва ёшлар орасидаги ўрнини белгилаш” тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 2017 йил 17 сентябрь куни “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияни таъсис этиш масаласида таклиф киритдилар. Бинобарин, ана шу ғояни амалга ошириш мақсадида санаб ўтилган ташкилотлар иштирокида Халқаро “Бешлар Иттифоқи” анжумани ташкил этилди. Анжуманнинг бош мақсади эса “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни таъсис этиш чора-тадбирларига бағишланади.

Ушбу анжумандан кутилаётган натижа шуки, “Ёшлар ҳуқулари тўғрисида”ги Конвенция ёшлар томонидан 3 тилда: инглиз, рус ва ўзбек тилларида ишлаб чиқилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу ҳужжат бир қатор халқаро экспертлар томонидан кўриб чиқилган ҳолда таъсис этилади. Бундан фарқли ўлароқ, анжуман доирасида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳам кўзда тутилган. Анжуман сўнггида қабул қилинадиган қарорлар ва қонуности ҳужжатлар ҳамда муҳим конвенция давлатимиз ривожида, халқаро ташкилотлар билан мамлакатимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда, энг муҳими, жамиятимиз учун муҳим қарорлар қабул қилинишида асосий роль ўйнайди, десак муболаға бўлмайди.

    Бошқа янгиликлар