1

Чиқинди ташлаш бўйича 14 ҳуқуқбузарлик аниқланди

ЖАМИЯТ 09.03.2018, 09:57
Чиқинди ташлаш бўйича 14 ҳуқуқбузарлик аниқланди

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ноқонуний чиқиндихоналарни аниқлаш бўйича тезкор рейд ўтказилди.

Тумандаги “Эйвалек”, “Ахча” ва “Телов” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли томонидан рухсат этилмаган жойларга чиқиндиларнинг ташлаб кетилиши оқибатида ҳудуд ифлослангани аниқланди. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, маҳаллалардаги бундай чиқинди полигонлари туфайли санитария-эпидемиология ҳолат ёмонлашиб, юқумли касалликлар пайдо бўлишигача бориб етган.

Ушбу ҳолатни бартараф этишга туман ободонлаштириш бошқармаси, ички ишлар бўлими, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси туман филиали ходимлари жалб қилинди.

– Туманда аҳоли, корхона ва ташкилотлар томонидан белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташлангани бўйича 14 ҳуқуқбузарлик аниқланди, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспектори Шерзод Йўлдошев. – Ушбу ҳолатлар юзасидан қоидабузарлардан 2 миллион 411 минг сўм жарима ундирилди. Аммо жойлардаги чиқиндиларни вақтида олиб кетиш бўйича муаммолар ҳам етарли. Тумандаги 29 маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат қилувчи “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси туман филиали томонидан жалб қилинган 3 юк ташувчи автотранспорт воситасининг биттаси таъмирталаб, 2 таси эса барча маҳаллаларга бирдек хизмат кўрсата олмайди. Шунинг учун, ҳар бир маҳалла, кўча ва уйлар озодалигини сақлашда аҳоли, айниқса, ёшларнинг тартиб ва тозалик бўйича масъулиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар атрофида қўшимча тарзда чиқинди ташлаш жойлари ташкил этилаётир.

Тезкор рейд давомида чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаётган фуқароларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилди. Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туманга бириктирилган инспекторлари маҳаллалар раислари билан биргаликда баҳор мавсумида ҳашар ташкил этиш, ҳудуднинг санитария ҳолатини яхшилаш бўйича олиб борилиши зарур бўлган ишлар юзасидан тушунтириш, тарғибот ишларини ўтказмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1