АсосийJamiyat

Бухорода ўғирлик содир этмоқчи бўлган шахслар юзага келган ёнғин оқибатида ёниб кетди

'Бухорода ўғирлик содир этмоқчи бўлган шахслар юзага келган ёнғин оқибатида ёниб кетди 'ning rasmi

Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўзлари қазиган чоҳга ўзлари тушиб, ёки шум ниятини амалга оширолмай қинғир ишларининг қурбонига айланадилар.

Қоракўл тумани “Қулбешкак-Ҳожиқозғон” чўл массивида юзага келган ёнғин оқибатида 4 нафар фуқаронинг жиддий жароҳат олганлиги тўғрисидаги хабар ички ишлар бўлимига келиб тушгандан сўнг, воқеа жойига зудлик билан зарурий куч ва воситалар сафарбар этилди, деб ёзади Бухоро вилояти ИИБ.

Аниқланишича, 2018 йилнинг 14 март куни, соат тахминан 02:00 ларда, Қоракўл туман “Дўстлик” МФЙда яшовчи фуқаро Холмуродов Феруз Ҳасанович, “Бандбоши” МФЙда яшовчи фуқаролар, Мардонов Муроджон Комилжонович, Нуриллаев Элёр Ҳусенович ҳамда Рахмонқулов Лазиз Шарифбоевичлар Қоракўл туман «Учқир» заводига қарашли «Қулбешкак Хожикозғон» чўл массивининг 7-километрида жойлашган 426 см диамертли газколлектор қувуридан яширин тарзда газконденсат маҳсулотларини ўғирлаш учун ушбу қувурни тешиб, ҳосил қилинган тешик орқали ўзлари билан олиб келган 65 метр узунликдаги резина шланг ёрдамида қувурдан сўриб чиқарилган газоконденсат маҳсулотини жамлаш ва тиндириш учун махсус ҳовуз қазадилар.

Ҳовузга жамланган нефть ва газ маҳсулотларини елим идишларга жойлаштириш жараёнида тўсатдан юзага келган ёнғин, уларнинг жиноий ҳаракатларини охирига етказа олмай, жиддий куйишларига сабаб бўлади.

Ҳодиса содир бўлган жойда Элёр Нуриллаев ҳамда Феруз Холмуродовга тегишли бўлган УАЗ русумли автомашиналар тўлиқ ёнган ва ўзларининг ҳаракатларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмай, нефть ва газ қувурларидан ўғрилик жиноятига суиқасд қилган, сиз тасвирда кўриб турган ушбу шахсларнинг барчаси турли даражадаги термик куйиш жароҳатларини олганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Холмуродов Феруз Ҳасанович, Мардонов Муроджон Комилжонович, Нуриллаев Элёр Ҳусенович ҳамда Рахмонқулов Лазиз Шарифбоевичларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аммо, шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу фуқароларнинг қинғир қилмишлари, ўзлари учун аянчли изтироб бўлди. Касалхонада жароҳатдан уларнинг азоб чекаётганлигини кўрган инсон борки, бу нодон кишиларга ачинади. Текин ва осонгина бойлик орттириш мақсади пучга чиқиб, ҳам изтироб чекаётган ҳам жавобгар бўлаётган бу шахсларнинг аянчли аҳволини кўриб турган, улар каби қинғир йўлдан бораётган айрим кимсалар бу ҳолатдан ўзлари учун хулоса чиқарсалар, сабоқ олсалар ажаб эмас.

    Бошқа янгиликлар