Мамлакатимизда аудио-видео кассеталари тарқатилишини тартибга солиш, маънавиятимизга зид бўлган дисклар сотилишининг олдини олиш, бу фаолият тури билан фақат махсус лицензияга эга жисмоний ва юридик шахслар шуғулланишини йўлга қўйиш алоҳида назоратга олинган.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳам қабул қилинган. Минг афсуски, орамизда ана шу қонун-қоидаларга чап бериб, муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳолда фойда олишни кўзлайдиган замонавий “қароқчилар”га кўмак бераётган айрим фуқаролар ҳам бор.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Марғилон шаҳар Зарафшон кўчасида яшовчи фуқаро Ф.Исахановнинг яшаш хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, кўз кўриб қулоқ эшитмаган далил ашёлар топилган.
Текширувда ушбу хонадон юртимизга ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний йўллар орқали олиб кирилган товар моддий бойликларни сақлаш учун омборга айлантирилганлиги, хусусан, умумий қиймати 531 миллион 110 минг сўмлик 21 хил турдаги 101 минг 250 дона DVD-R дисклар, 5 минг дона Panasonic DVC видеокассета, 413 дона уяли телефон аппаратлари ҳамда 18 минг дона диск соладиган целофан пакетлар ноқонуний сақланаётганлиги аниқланди.
Келгусида турли фильм ва концертларни ноқонуний усулда кўпайтириш имконини берувчи ушбу дисклар ҳамда уяли телефон аппаратларининг мамлакатимизга қонуний олиб кирилганлигини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжат йўқ.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда, деб ёзади ЎзА.
16.03.2018 12:05
Марғилондаги хонадондан 101 минг донадан зиёд диск топилди






