Жорий йилда Андижон вилоятида 325та нодавлат хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 10 таси кўп қаватли тураржойларда, 56 таси бўш ер майдонларида, 217 таси фойдаланилмай ётган биноларда, 33 таси эса хусусий уй-жойларнинг нотураржойга айлантириш ҳисобига амалга оширилиши белгиланган. Уларнинг 129 таси 50, 109 таси 75, 63 таси 100, 14 таси 150 ўринли бўлади. Бу билан 27 минг нафардан зиёд кичкинтой боғчага жалб қилиниб, 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Хусусий болалар боғчаларининг 50 таси Наврўз байрами арафасида очилиши режалаштирилган, деб ёзади “Туркистон-пресс”.
– Мутахассислигим руҳшунос, – дейди янги ташкил этилаётган “Болажон баҳори” нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари Умида Ашурова. – Тадбиркорлигим ҳам бор. Анчадан бери икки фаолият турини бирлаштиришни ният қилиб юргандим. Ниятим холис экан, давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасида ҳам тадбиркорларга имконият яратгани айни муддао бўлди. Биринчилардан бўлиб хусусий боғча очишга киришдим. Вилоят ҳокимлиги ташаббусимни қўллаб, Андижон шаҳридаги 5-кичик даҳа ҳудудида қаровсиз ётган ерни “ноль” қийматида бергани ғайратимизга ғайрат қўшди. Бир ярим ой ичида қуриб битказдик. Бу ишга киришишдан олдин интернет орқали хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ўргандик. Айниқса, Жанубий Кореяда болажонлар учун яратилган шароит ҳавасимизни келтирди. Тарбияланувчиларнинг таомномасидаги витаминли маҳсулотларнинг аксариятини ўзимиз етиштиришимиз учун иссиқхона барпо этдик. Уларнинг ҳар томонлама соғлом бўлишлари учун ёзги ҳовуз ҳам қурдик. У шунчаки, кун қизиганда болаларнинг мириқиб чўмилишлари учунгина эмас, балки сузиш бўйича илк сабоқлар ҳам берилади. Шунингдек, муассасамиз болажонларга рус ва инглиз тилларини ўргатишга ихтисослашади.
Мактабгача таълим муассасаси – таълим ва тарбиянинг биринчи бўғини. Мурғак қалбда инсоний туйғулар, илмга бўлган муҳаббат шу масканда шаклланади. Бу эса,боғча тарбиячиларидан юксак билим ва касбий маҳорат талаб этади. Шу боис тадбиркор Умида Ашурова аввало тажрибали мутахассисларни танлов асосида ишга қабул қилишни режалаштирган. Қолаверса, кичкинтойларни худди ўз укаси ёки синглисидай кўрадиган, уларга бор меҳри ва илмини берадиган коллеж битирувчиларини ҳам ишга олиб, “устоз-шогирд” мактабини яратиш ниятида. Бу билан янги хусусий боғчада 15 нафар кишининг бандлиги таъминланади.
Имконият – ғоя ва мақсадлар рўёби. Умида Ашурова фақатгина хусусий боғча фаолияти билан чекланиб қолмоқчи эмас. Унинг режасида қишки ҳовуз қуриш ва солиқ имтиёзларини янги лойиҳа–хусусий ўрта таълим мактабини очишга йўналтириш ҳам бор.
Ёш авлодни ҳар томонлама етук, комилинсон қилиб тарбиялашдек эзгу ишга балиқчилик тадбиркор ҳам камарбаста.
– Болажон халқмиз-да. Ҳамма яхшиликларни фарзандимизга раво кўрамиз, – дейди фаолиятини бошлашга шай “Билимдонлар дунёси” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Дилфуза Саримсоқова. – Ҳали фаолиятимиз бошланмасдан туриб, ота-оналар болаларини етаклаб келишмоқда. Насиб этса, дилларга масрурлик бахш этадиган Наврўзи айёмиарафасида масканимиз болажонлар билан тўлади. Ҳозирча боғчамиз 70 ўринга мўлжалланган. Кейинчалик тарбияланувчиларимизсонини 150 нафарга етказмоқчимиз. Кузатишларим шуни кўрсатдики, болажонларимизнинг зеҳни ўткир. Шунга асосланиб, муассасамизда рус ва инглиз тили ҳамда математика фани интерфаол ўйинлар ёрдамида ўргатилади.
Ҳа, нодавлат таълим муассасалари секторининг кенгайиши, аввало фарзандларимизнинг ҳар томонлама чуқур билим олишларига замин яратади. Бу эса, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳридаги фуқаролар таълим хизматларидан фойдаланишда танловга эга бўлишини таъминлабгина қолмай, ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш каби вазифаларни ўз зиммасига оладиган малакали тадбиркорлар сафини янада орттиради. Табиийки, рақобат ривожланишга хизмат қилади.






