Самарқанд шаҳрида ҳам бугун эрта тонгдан Наврўз шодиёналари бошланди. Халқ карнай-сурнай садолари остида байрам сайилларига чорланди, деб ёзади ЎзА.
Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида вилоятдаги олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, корхона ва ташкилотлар, вилоятдаги миллий маданият марказлари томонидан байрам томошалари, миллий халқ ўйинлари, театрлаштирилган томошалар намойиш этилмоқда. Боғдаги ўндан ортиқ жойда баҳор таомлари – сумалак, халиса, кўк сомса, чучвара, палов тайёрланган.
Вилоятдаги театрлар ўз саҳна кўринишларини намойиш этаётган бўлса, фольклор жамоалар, бадиий ансамбллар, эстрада хонандалари Наврўз учун тайёрланган дастурларини тақдим этмоқда. Шунингдек, самарқандлик ижодкорлар, истеъдодли ёшлар иштирокида мушоиралар ўтказилмоқда. Рассом ва ҳайкалтарошлар эса шу ерда ўз санъат асарларини намойиш этаётир.
Вилоятдаги миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган бадиий дастурлар, баҳорга хос миллий таомлар ва либослар кўргазмаларини ҳам сайил иштирокчилари катта қизиқиш билан томоша қилмоқда.
Боғдаги ўнга яқин кичик саҳналардаги томошалар “Мўъжиза” амфитеатрида элимиз ардоғидаги санъаткорлар ва ижрочи ёшларнинг катта концерт дастурига уланиб кетмоқда.
Рудакий майдонида эса вилоятдаги спорт мактаблари ва федерациялар томонидан турли хил спорт ўйинлари уюштирилиб, кўргазмали чиқишлар билан бирга сайил иштирокчилари ўртасида мусобақалар ўтказилмоқда.
Амир Темур майдонида вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан байрам сайиллари уюштирилган. Бу ерда шаҳардаги таълим муассасалари жамоалари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари ва бадиий дастурлар намойиш этилаётир. Ўқувчилар ясаган ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилган. Варрак учириш мусоқасида ўқувчилар фаол қатнашмоқда.
Вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдонда театр жамоасининг бадиий дастурлари, таниқли хонандаларнинг концертига кенг ўрин берилган. Шунингдек, бу ерда Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоаси томонидан турли миллатлар урф-одат ва анъаналари акс этган кўргазмалар ташкил этилган.
Йўлбарслар хиёбони ва мусиқали фаввора олдидаги кенг майдон ва саҳнада шаҳардаги мактабгача таълим муассасаларининг Наврўз сайиллари ўтказилмоқда. Регистон майдони, Шоирлар боғи ва Ислом Каримов номидаги кўчада ҳам шаҳардаги маҳаллалар аҳолиси миллий анъана ва урф-одатларини намойиш этмоқда.
Айни пайтда шаҳардаги “Ёшлик” маданият ва истироҳат боғи, Фарҳод шаҳарчаси, Кимёгарлар ва Сўлим кўрғонларида ҳам байрам сайиллари давом этмоқда.
21.03.2018 15:10
Самарқанд шаҳрининг ўндан ортиқ масканларида Наврўз кенг нишонланмоқда






