Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида 23 март куни соат 06.45ларда юз берган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши вафот этди, беш киши жароҳатланди, деб хабар беради ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.
Хабарга кўра, Самарқанд вилоятда яшовчи, 1959 йилда туғилган М.Очилов “Каптива” русумли автомашинасини “Навоий-Нурота” 4-R57 автомобиль йўлининг 29-км да ҳайдаб кетаётиб бошқарувни эплай олмай қарама-қарши йўлда ҳаракатланиб келаётган 1990 йилда туғилган С.Жабборов бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашина билан тўқнашув содир этган.
Натижада “Матиз” автомашинаси ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси жароҳат олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Қолган 4 нафар йўловчи ва “Каптива” ҳайдовчиси турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.






