АсосийJamiyat

Ўзбекистон маданияти ва сайёҳлик салоҳияти Германияда намойиш этилди

'Ўзбекистон маданияти ва сайёҳлик салоҳияти Германияда намойиш этилди'ning rasmi

Яқинда Германиянинг Фрайбург шаҳрида Наврўз байрамига бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар берди.

Ўзбекистоннинг Франкфуртдаги бош консулхонаси ва Олмон-ўзбек илмий жамияти (ОЎИЖ) ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда ушбу давлат сиёсий, иқтисодий ва академик доиралари вакиллари ўзбек халқининг бой маданияти, тарихи, урф-одатлари ҳамда республикамизда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишдилар.

Тадбир чоғида Олмон-ўзбек илмий жамияти раиси Х.Рахимов иштирокчиларни мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим ва илм-фан соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, шу жумладан, ёшларнинг халқаро меъёрлар асосида билим олишлари учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, турли йўналишларда олиб борилаётган тадқиқот ва илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан батафсил таништирди. Шунингдек, жамият кўмагида немис тилига таржима қилинган ва Германияда чоп этилган “Ўзбек ҳалқ эртаклари” ҳамда “Бобурнома” (янги таҳрирда) асарларини ҳам намойиш қилди.

Ўзбекистон маданияти ва сайёҳлик салоҳиятига оид тарқатма материаллар, юртимизда чоп этиладиган газета ва журналлар, шунингдек, немис тилига ўгирилган турли ўзбек асарлари ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинди.

Тадбир иштирокчилари турли концерт дастурлар ва тақдимотларни ўз ичига олган мазкур кеча якуни бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Тарихчи, этнограф ва эртакчи олима Габриэле Келлер:

- 20 йилдан буён ўзбек халқининг маданияти, миллий урф-одатлари ва анъаналари билан боғлиқ эртаклар, ҳикоялар, топишмоқ ҳамда латифаларни тўплайман, уларни ўрганаман.

Бугун ажойиб баҳор байрамини нишонлаяпмиз. Ушбу кун Ўзбекистонда кенг ва турли маданий тантаналар билан нишонланиши биз, немисларда, Наврўзга нисбатан бўлган қизиқишни доимо орттириб келган.

Бугун Фрайбургда ташкил этилган кеча, бунинг учун Ўзбекистондан келган мусиқа гуруҳи ва ёзилган дастурхонлар, улардаги миллий таомлар сўзимизнинг ёрқин тасдиғи бўла олади.

Айтиш жоизки, бу каби тадбирлар германияликларнинг мамлакат сайёҳлик салоҳияти, ўзбек халқининг маданияти, тарихи ва меҳмондўстлиги ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлиш ҳамда немис жамоатчилиги ва мен каби олимлар диққатини Ўзбекистонга жалб этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон халқини энг гўзал ва бетакрор байрам – Наврўзи айём билан табриклайман. Уларга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилайман. Ҳар кунингиз Наврўздек бўлсин!

Германияда истиқомат қилувчи ватандош Турсуной Рахмонова:

- Бугунги ташкил этилган тантанада ўз ватанимиздан келган юртдошларимизни кўриб, улар билан суҳбатлашиб ва байрамни бирга нишонлаб, жуда хурсанд бўлдик.

Оиламиз билан 20 йилдан буён Германияда яшаб, мазкур давлат урф-одатларига мослашган бўлсак-да, фарзанларимизга имкон қадар ўз миллий анъаналаримизни ўргатишга, Наврўз каби байрамларимиз ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз. Бугунги тадбир фарзандларимизга маданиятимиз, тарихимизми амалда кўрсатишга имкон яратди. Бундан миннатдорман!

    Бошқа янгиликлар