Муниса Ризаева: “Бундай инсон билан турмуш қуришим мумкин эмас!”

ШОУ-БИЗНЕС 09.06.2014, 16:13
Муниса Ризаева: “Бундай инсон билан турмуш қуришим мумкин эмас!”

Муниса Ризаева! У ҳақида гап кетганда, уни омадли хонанда сифатида тилга олишади. Санъатга кечроқ қадам қўйган бўлса ҳам бугун у ҳақида гапиришяпти, қўшиқ ва клиплари эътибор марказида. Аммо аксарият кишиларнинг фикрича, 2013 йил Муниса учун етарли даражада оғир келди. Унинг шахсий ҳаёти билан содир бўлган воқеалар, дўстининг хиёнати бир мунча қаддини букди. Лекин шундай бўлса ҳам у ҳали ҳамон санъатда, ижод қилишдан чекинмади. Кетма-кет ижод наъмуналарини тақдим қилиш орқали енгилмас эканини исботламоқчидир балки...

— Ассалому алайкум! Сиз билан яна бир бор учрашиб турганимдан ҳурсандман.

— Ассалому алайкум! Таклиф учун ташаккур. “Даракчи” билан доимгидек унутилмас суҳбат бўлишига ишонаман.

— Кўринишингиз аъло даражада, аммо негадир хомушсиз? Кўзларингизда маъюслик бор...

(Бироз сукут сақлаб, ўйланди) Нега ундай дейсиз, ҳаммаси яхши. Сизга шундай туюлаётгандир... Шунчаки, баҳорда бўлиб турадиган “аллергия”. Кучли йўтал бироз қийнаяпти.

Айни кунларда нималар билан бандсиз?

— Аслида қилишим керак бўлган ишларим жуда кўп. Уларнинг барчасини мухлисларга тақдим этгим келяпти-ку, фақат тингловчиларни “тўйдириб” қўйишдан чўчияпман. Куни кеча тақдим этилган “Ёрим-эй” қўшиғига ишлангандан клипидан сўнг сокин қўшиқ ёзишга қарор қилдим. Бу қўшиқ тингловчилар томонидан бироз унутилган, миллий эстрада йўналишида  куйланган. Назаримда, бу ижод маҳсулим ҳақиқий ностальгия бўла олади.

— Ижодий режаларнинг кўплиги яхши. Аммо ҳозирда  бошланиб, якунига етмаган тўйингиз ҳақида гап-сўзлар тинмаяпти. Шов-шув билан эълон қилинган тўйнинг тўхтатилиши сабаби ҳаммага қизиқ!

— Аслида яқин кунларгача Жасурни танимасдим ҳам. Бу йигитнинг ҳаётимга қандай қилиб кутилмаганда кириб келганини бошқалар майли-ю ўзим ҳам тўлиқ тушуниб етмадим. Қисқаси, бир куни студияда қўшиқ ёзиш жараёнида дўстим орқали танишиб қолдик. Қарабсизки, эртаси куни севги изҳорлари-ю турмуш қуриш ҳақидаги таклифларни эшитяпман.

Буларнинг ҳаммаси реклама учун ўйлаб топилган, гап деганларга жавобингиз?

— Муниса ўзи учун “пиар” қилди, дейишса қаттиқ адашишади. Жасур борасида эса ... унинг учун жавоб беролмайман. Унинг нима мақсадда бу ишларни бошлагани мен учун қоронғу. Тўғри, аввалига изҳор ва таклифларни эшитиб, балки у мен орқали ўзини “пиар” қилмоқчидир, деган ўйга бордим. Аммо менга айтган дил-сўзларини исботи сифатида уйимга совчиларини юборгандан сўнг гапларига ишонгандим. Аммо совчиларга розилик беришга шошилмадик. Дадам чет эл сафарида эди. Унинг иштирокисиз бундай қарор қабул қилишимиз мумкин эмас. Дадам келгач эса ҳамма нарсани олдиндан билгандай тўйга розилик бермади. Бу орада мен ҳам шоу-бизнесдаги бошқа ҳамкасбларим томонидан Жасур ҳақида турли гап-сўзлар эшитдим. Улар орасида омма олдида айтиб бўлмайдиганлари ҳам бор. Бундай инсон билан турмуш қуришим мумкин эмас! Билишимча, Жасур ҳамон тўйга умид боғлаяпти. Аммо ўзим учун қатъий қарорни қабул қилиб бўлдим. У минг уринса ҳам тўй бўлмайди!

— Дабдабали тарзда турмуш қуриш таклифини билдирди ва сиз розилик бердингиз. Буни омма эътиборига эълон қилгачгина, ортга қайтдингиз. Жиддий қадам ташлашдан олдин қарор қабул қилиш керак эмасмиди  ё шошиб қолдингизми?

(Бироз ўйлаб) Гап шошиб қолганимда ҳам эмас... Шунчаки, ҳаммаси жуда тез ва ўзим истагандек бўлаётганди. Мен қўйган шартларнинг барчасига рози бўлганди, ҳатто куйлашимга ҳам қаршилик билдирмади. Аслида ҳам оила қурганимдан кейин ҳозиргидек ижодимни давом эттиришни истайман. Бундан ташқари, турмуш ўртоғим санъаткор бўлишини хоҳлагандим. Кутилмаганда рўёбга чиққан орзуларимни кўриб, балки бироз довдираб қолгандирман... Айтган гаплари, севги-изҳорлари, оиламга муносабатини кўриб, мен кутган инсон шу бўлса керак, дебман-да... Кейин билсам, у “катта театр”нинг энг маҳоратли актёри экан, холос...

— Тили куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, дейишади...

— Кейинги сафар таклифномаларни тарқатаётганимдагина одамларга тўйим ҳақида маълум қилсам керак. (Бироз сукут сақлаб) Очиғи, қандай йўл тутишни ҳам билмай қолдим. Тақдир “совғаларини” қандай кутиб олишга ҳам бошим қотди... Ҳамма нарсани вақт ҳал қилади. Ҳеч қандай режа қилмайман! 

— Сўнгги пайтларда Муниса Ризаева ҳақидаги янгиликларнинг барчаси негадир пучга чиқяпти. Масалан, концерт, тўй... Барчасини омадсизликка йўйиш мумкинми ёки бошқа сабаблари борми?

— Гап омадсизликда эмас. Одам қанчалик танилса, душманлари ҳам кўпаявераркан. Мени синдирмоқчи бўлганлар жуда кўп... Шоу-бизнесда ҳамма эркалик ва хоҳишларимни амалга оширадиган кучли “ҳомий”ларим йўқ. Ўзим учун ўзим хомий ва устунман. Мендайларни бу “олам”да  ҳамма ҳам ёқтиравермаслигини англадим...

— Май ойида ўтиши режелаштирилган коцнертингизни қолдирилишини ҳамма ўзича баҳолади. Бироқ кўпчилик Ризаеванинг лицензияси олиб қўйилгани сабаб бўлди”, деб  ўйлади...

— Бўлмаган гап! Лицензия билан муаммо бўлмаган. Бундан кейин ҳам сиз айтган ҳолатга тушмасликка ҳаракат қиламан.

— Ризаеванинг шоу-бизнесдаги рейтинги аввалгидек эмас...

— Рейтингимни тўйлар билан баҳолайдиган бўлганман. Ҳар куни халқ хизматига бораман. Демак, Муниса Ризаевага талаб бўляпти, у ўзгармаган. Шундай экан, рейтинги тушган, дейиш нотўғри!

— Гапларингиздан кўриниб турибдики, илк кўришганимиздаги Мунисадан асар ҳам қолмаган...

— Мени санъат ўзгартирди! Бу ҳамма ўйлаганидек “юлдузлик касалиги” эмас. Одамларнинг билиб-билмай гап тарқатишидан қўрқиб қолганман. Бугун “одамлар нима деб ўйларкин?” деган фикр билан яшайдиган бўлиб қолганман. Жуда таъсирчан ва йиғлоқига айланганимни ҳам яширмайман. Арзимас нарсалар ҳам кўнглимга оғир ботяпти. Муниса Ризаева бу даражада ўзгариб кетишини ҳатто ўзи ҳам тасаввур қилмаганди...

— Ижодий фаолиятингиз давомида шоу-бизнес тарбиялаган қайси жиҳатларингизни айта оласиз?

— Адашасиз, мени шоу-бизнес эмас, одамлар тарбиялаб боряпти! Фаолиятим давомида кўпларнинг асл қиёфасини  кўриб, кўзим очилди. Қаерга қараманг, кимлардир нималардир учун кураш олиб боришяпти. Ўша нима? Бунинг жавобини ҳатто уларнинг ўзи ҳам билмайди. Билмайдиган нарса учун курашиб, инсонийлигини унутаётганлар қанча. Майли, ҳаммамиз учун инсоф сўрашдан бошқа иложим йўқ! 

Уч йил аввал танишган Мунисани бугун кўрмадим. У ҳақиқатдан ҳам ўзгарган! Ўзи айтганидек, балки ҳаёт, санъат ва унга нисбатан одамларнинг фикрлари бунга мажбур қилгандир? Ким билади, дейсиз балки бу унинг фойдаси учундир?...

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1