1

Импорт автомобилни божхонадан ўтказиш қанчага тушади?

ЖАМИЯТ 28.03.2018, 09:56
Импорт автомобилни божхонадан ўтказиш қанчага тушади?

Хорижда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни Ўзбекистонга олиб киришда божхонадан ўтказиш қиймати энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Шундай қилиб, шахсий фойдаланиш учун хорижий русумдаги машинани олиб кириш жисмоний шахсга қанчага тушади?

"Norma"нинг ёзишича, автотранспорт воситасини божхонадан ўтказишда автомобилнинг техник паспорти, олди-сотди шартномаси ва СТ-1 келиб чиқиш сертификати керак бўлади.

Божхона йиғими ва қўшилган қиймат солиғини ҳамма тўлаши мажбурий.

Божхона йиғимлари миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг 30.04.1999 йилдаги «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида»ги 204-сон қарори билан белгиланган. Импорт қилинаётган автомобилни расмийлаштириш учун ҳам йиғим божхона қийматининг 0,2%ини ташкил этади, бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан кўп эмас. Автомобилнинг божхона қиймати олди-сотди шартномасида (счёт-маълумотномада) кўрсатилган сумма ёки нархлар халқаро каталоги бўйича аниқланади.

Қўшилган қиймат солиғи 29.12.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ–3454-сон қарорда белгиланган ва 20%ни ташкил этади. ҚҚС автомобиль қиймати, божхона божи ва акциз солиғи суммасидан ҳисоблаб чиқарилади.

Импорт божхона божлари ва акциз солиғи ставкалари Президентнинг 29.09.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3303-сон қарорида белгиланган. Қуйида сиғими 10 кишигача бўлган енгил автомобиллар учун ставкалари келтирилади.

Қозоғистон, Россия ва Украинада ишлаб чиқарилган автомобиллар учун СТ-1 келиб чиқиш сертификати тақдим этилганда имтиёзлар амал қилади. Бундай автомобилларни олиб киришда божхона божлари белгиланмаган, акциз солиғи эса, агар автомобилнинг ёши уч йилдан ошмаган бўлса, автомобиль қийматининг 2%ини ташкил этади. Агар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 50%дан ортиқ бўлса ва тўлиқ цикл бўйича йиғилса, СТ-1 сертификати ишлаб чиқарувчи завод ёки экспортчи мамлакатнинг Савдо-саноат палатаси томонидан берилади.

Бундан ташқари, автомобиль эркин савдо зонаси тўғрисида шартнома тузилган мамлакатда ишлаб чиқарилган, автомобилнинг келиб чиқиши эса СТ-1 сертификати билан тасдиқланса, божхона божи ундирилмайди. Ўзбекистон Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Украина билан ана шундай шартнома имзолаган.

Бошқа автомобилларга импорт божхона божлари ставкалари двигателнинг техник тавсифлари ва машинанинг янгилигига боғлиқ.

Акциз солиғи ставкалари ҳам автомобиль двигателининг техник тавсифлари ва автомобилнинг янгилигига боғлиқ. Қуйидаги жадвалда фарқи яққол кўринади.

Учинчи мамлакатларда ишлаб чиқарилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари томонидан тижорат фаолияти учун чегарадош давлатлардан қайта экспорт қилинаётган автомобиллар учун ВМнинг 4.12.2002 йилдаги «Истеъмол товарлари импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 425-сон қарорига мувофиқ 20% миқдорида божхона йиғими белгиланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1