1

Маҳалла масъулларига мурожаат — Анзират бувидан ўрнак олинг!

ЖАМИЯТ 28.03.2018, 10:50
Маҳалла масъулларига мурожаат —  Анзират бувидан ўрнак олинг!

Ёхуд хоразмлик 70 ёшли қариянинг арз-додини эшитишга ким масъул?

Сарлавҳани ўқиб, Анзират бувининг маҳалла масъулларига қандай боғлиқлиги бор деб таажжубландингизми? Кўпчиликни кўнглидан жой олган ва ҳалигача севиб томоша қилинаётган “Суюнчи” фильми ўзбекона қадриятларнинг соф ва самимий чизгилари ифодаси сабаб қанча такрор намойиш этилса, шунча севиб томоша қилинади. Фильмдаги Анзират буви образи эса кайвони, қишлоқ аҳлининг виждони сифатида гавдалантирилган. Халқ ҳақини еган магазинчи Ғайбуллани, бемор отасининг ҳолидан хабар олмаган бемеҳр ўғилни ўз услубида “ақли”ни ҳам киритиб қўяди. Айбдорлар эса бувининг бу хатти-ҳаракатларига ҳуқуқ берувчи на терговчилик, на прокурорлик ваколати йўқлигини рўкач қилишиб, танқид ҳам қилишади. Шундай бўлса-да, яна дакки эшитмаслик учун ҳам бувини айтганини бажаришади.

Менимча, ҳозирги вақтда эса юртимизда Анзират бувининг фидойилигини маҳалла раислари ва фаолларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларига қиёсласак бўлади. Халқнинг дарду ғами билан яшайдиган, уларнинг ташвишини ўзиники деб билиб жой куйдирадиган кайвони Анзират буви ўз вақтида қонунан ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган. Бугунги маҳалла раислари ва фаолларининг Анзират бувидан фарқли ўлароқ етарлича ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан кафолатланган. Давлат томонидан бундай кайвониларга маҳалла раислиги лавозими берилиб, муаммоларни жойида ҳал этиши учун ойлик маоши ҳам тайинланган. Аммо айрим маҳалла раислари зиммасида шунча ваколатлар ҳамда маслаҳатчилари мавжуд бўла туриб, ўз ҳудудидаги оилаларни Анзират бувидек билмайди. Ё билишни истамайди. Акс ҳолда Хоразм вилояти Хонқа тумани Қорақош қишлоғи "Мустақиллик" маҳалласида яшовчи Саидбой бобо Артиқовнинг хатида фарзандларининг барбод бўлаётган оилаларини тиклашда, ҳеч бўлмаганда турмуши бузилган қизларини иш билан таъминлашда ёрдамга муҳтож эканлиги каби ҳолатлар кунда кунора таҳририят телефон рақамлари ёки алоқа почталари орқали йўлланган мурожаатларда баён этилмаган бўлар эди. Саидбой бобо Артиқов томонидан йўлланган мурожаатдан келтирилган қуйидаги иқтибосдан ўзингиз хулоса чиқаринг:

“70 ёшимда қарилик гаштини суриш ўрнига елкамга яна дунёнинг ташвиши тушади, деб ҳеч ҳам ўйламаган эдим. Қизларинг борган жойларида тиниб-тинчиб кетмаса, қийин экан. Икки қизимнинг тақдири кўнгилдагидек осуда кечмади. Бири ҳатто ажралишга ҳам мажбур бўлди. Остонамга 1,5 ёшли фарзандини етаклаб қайтиб келди. Яна бири рўзғордаги англашилмовчилик, нотинчлик сабаб 3 яшар боласи билан ҳозир уйимда. Оилавий шароитимиз ана шундай ҳолатлар сабаб ботқоққа юз бурганини эшитган қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ҳам, унинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси ҳам, участка нозири ҳам ўзларини эшитмаганликка олиб келишаяпти. Қизларим ишсиз, улар ишласа, рўзғор ортилган аравани тортиш енгилроқ бўлар, деган мақсадда 2016 йилда аҳолини ишга жойлаштиришга масъул идорага берган аризам ҳали ҳам жавобсиз. Чол-кампир иккимиз ҳам 2-гуруҳ ногиронимиз. Шу ҳолда 7 жонни боқиш зиммамизда”.

ОАВга мурожаат нимадан далолат?

Бир оила ана шундай ташвишлардан азият чеккан-у, аммо ҳудуддаги масъуллар нега бунга эътибор қаратишмаган? Агар фуқарони ҳудуддаги масъулларнинг муаммога эътиборсизлиги бўлмаганида у ОАВга мурожаат қилишга мажбур бўлармиди? Ана шундай саволлар асносида биз ушбу мурожаатни юқори турувчи органларга йўналтирдик. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг амалий кўмаги билан Саид бобонинг оиласидаги муаммолар Хоразм вилоят ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Абдикаримова томонидан ўрганилиб, натижалар таҳририятга тақдим этилди.

Қизлардан бирининг оиласи тикланмади, аммо ҳар иккисининг бандлиги таъминланди...

С.Абдикаримова, Хоразм вилоят ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Фуқаро С.Артиқовнинг Сарапоён қишлоғига келин бўлиб тушган қизи Меҳрибон Артиқовани оилавий келишмовчилиги ўрганилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди, лекин, оилани тиклаш имкони бўлмади. Аммо Артиқова Меҳрибон 22-сон МТМ га ишга жойлаштирилди.

"Нуробод" маҳалласига келин бўлган қизи Моҳира Артиқованинг оилавий келишмовчиликларга барҳам берилди. Ҳар иккала томонга тинч-тотув яшаш кераклиги, оиладаги келишмовчиликлар фарзанд тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатиши тушунтирилди ва оила яраштирилди. Ҳозирги вақтда С.Артиқовнинг иккала қизининг ҳам бандлиги таъминланди.

Хулоса ўрнида

Ҳудуддаги ваколатли масъулнинг мурожаатдаги муаммони ижобий ҳал этганлиги ҳақида маълумотларини нашр этиб, мутасадди ташкилотлар эътиборсизлигини хаспўшламоқчи эмасмиз. Мақсад мурожаатлар нега жойида ҳал этилмаётганига сабаб бўлаётган ҳудуд масъулларининг эътиборсизлигига барҳам беришга ҳисса қўшишдир. Аммо ечимини топиши лозим бўлган яна бир савол бор: ишига масъулиятсизлик сабаб ўз ҳудудида истиқомат қилаётган оиланинг токи юқоридан туртки бўлмаса, ҳолидан хабар олмаслик, ёрдамга муҳтож оилаларга нисбатан кўзни кўр, қулоқни кар қилган ҳолда муносабатда бўлиш, аҳолини ўйлантираётган муаммоларга томошабин бўлиш каби иллатлардан қутула олмаётган мутасаддилар нимага ва кимга керак?

Инобат ЭРНАЗАРОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1