1

Наманганда ноҳақ айбланган ИИБ инспектори судда оқланди

ЖАМИЯТ 28.03.2018, 12:33
Наманганда ноҳақ айбланган ИИБ инспектори судда оқланди

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп туман судининг "Умид" маҳалла фуқаролар йиғини биносида очиқ сайёр суд мажлисида Раҳматулло Жўраевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди, деб хабар беради Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Суд ҳужжатларига кўра, Р. Жўраев Наманган вилоят ИИБ ҲООБ одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш билан боғлиқ ва ахлоқ-одоб доирасидаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлинмаси инспектори лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг «б» банди билан айбланган.

Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи масъул лавозимда ишлаб келиб, 2013 йил январь ойи бошларида вилоят ИИБда норасмий равишда иш ўрганишда юрган Д. Абдураҳмонов ва шаҳар ИИБ бўлими инспектори Ф. Нажмиддинов билан жиноий тил бириктириб “қўшмачи” сифатида профилактик ҳисобда турган М. Шариповани хонадонига келишиб “Омина”, “Гули” лақабли ва Сетора исмли қизларни Р. Жўраев ўзининг уяли телефон аппаратида видеотасвирга олаётган вақтда, Д. Абдураҳмонов қизларни телевидениега чиқармаслик ва уларни шарманда қилмаслик эвазига таъмагирлик йўли билан 100.000 сўм беришини талаб қилганида М. Шарипова 50.000 сўм пулларни Р. Жўраевга етказиш учун Д. Абдураҳмоновга пора тариқасида бериб, келишилган пулларни қолган 50.000 сўмини кейинроқ беришини айтганидан сўнг ходимлар хонадондан чиқиб кетишган.

Орадан бир соатлар ўтиб М. Шарипова танишининг “Матиз” русумли автомашинасида айтилган манзилга бориб, Д. Абдураҳмонов иштирокида Р. Жўраевга 50.000 сўм пулларни пора тариқасида олгани кўрсатилган.

Судланувчи Раҳматулло Жўраев суд муҳокамасида айбига иқрор бўлмаган.

Суд тарафларни, барча гувоҳларни, шунингдек бир нечта қўшимча гувоҳларни сўроқ қилиб, йиғилган далилларни ва иш ҳолатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Р. Жўраевнинг ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг «б» банди билан етарли далилларсиз, асоссиз квалификация қилиниб, фақатгина айблаш юзасидан бир томонлама тергов ҳаракатлари ўтказилиб, хатоликка йўл қўйилган деб, топди.

Суд мажлисида аниқланган ҳолатларга кўра Р. Жўраев 2013 йил 7 январь кунидан бошлаб 11 февраль кунигача Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси дала ўқув машғулотида гуруҳ раҳбари сифатида бўлган, полигон ҳудудидан ташқарига чиқмаган, буни хусусан ўша вақтда у билан бирга ўқишда бўлган Наманган вилоятидан 43 нафар ИИБ ходимлари тасдиқлайди.

Жабрланувчи деб топилган М. Шарипова суд муҳокамасида воқеа санаси, пулларни кимлардан олгани, қачон ва қаерда бергани тўғрисида қарама-қарши кўрсатмалар берган, уларни бир неча марта ўзгартирган. Унинг кўрсатмалари гувоҳлар томонидан инкор қилинган.

Гўёки у куни Р. Жўраев видеога туширган, порани берилишида қатнашган гувоҳлар Р. Жўраевни умуман кўрмагани ва уни танимаслигини, ўша вақтда М. Шарипова терговда кўрсатма беришни сўраганлигини билдирган.

Судда Р. Жўраевнинг М. Шариповадан пул олганлигини тасдиқловчи М. Шарипованинг кўрсатмасидан ташқари бирор-бир бошқа объектив далил аниқланмади.

Юқоридагиларга кўра, судланувчи Р. Жўраев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбсиз деб топилиб, ушбу модда билан оқланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1