Поп туманидаги “Олмазор” маҳалласида ўтказилган Нусратулло Аҳмедов ҳамда Одина Раҳмоналиеванинг никоҳ тўйига қатнашган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши раиси Илёс Раҳимов иттифоқ номидан келин-кувга Бухоро вилоятига саёҳат қилиш учун 2 кунлик йўлланма топширди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
– Бугун вилоятимизда ўз ихтиёрлари билан намунали тўйлар ўтказаётган оилалар кўпаймоқда, – дейди И.Раҳимов. – Биз ёш келин-куёвларни ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Шу куни икки ёшга оиланинг маънавий руҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган одоб-аҳлоқ қоидалари, соғлом турмуш тарзи, ота-онага муносабат, оила психологияси каби китоблар совға қилинди. Шунингдек, келинга пазандалик, тикувчиликни ўргатиш бўйича икки ойлик ўқув курсларида таҳсил олиш учун имконият яратиб берилиши айтилди.
Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг бундай тадбирлари Норин, Учқурғон, Янгиқўрғон, Косонсой, Мингбулоқ туманларида ҳам ўтказилмоқда.
29.03.2018 17:18
Наманганлик келин-куёв 2 кун Бухорода саёҳат, ҳам зиёрат қилишади
