Тошкент вилояти ИИБ Йўл-ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот хизматининг ЎзАга берган хабарига кўра, 29 март куни маҳаллий ҳокимликлар, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги вакиллари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудидаги йўловчи ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари ва масъул ходимлари иштирокида профилактик суҳбатлар ташкил этилди.
Унда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт воситалари иштирокида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатишда ҳайдовчилар маданиятини юксалтиришга асосий эътибор қаратилди.
Шу куни автомобиль йўлларида назорат рейдлари ҳам ўтказилди. Натижада 57 йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан турли кўринишдаги йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланиб, ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.






