31 март куни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясининг Париж-Самарқанд қатновида Франциянинг Ил-де-Франcе ҳудуди турагентлари уюшмаси (ЭДВ) вакиллари Самарқанд ва Бухорода 31 март — 3 апрел кунлари бўлиб ўтадиган сайёҳлик конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрдилар.
"Самарқанд" халқаро аэропортида франциялик меҳмонларни шаҳар маъмурияти, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ходимлари, Ўзбекистон туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳамда республика оммавий ахборот воситалари вакиллари карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олишди.

ЭДВнинг жорий йилдаги сайёҳлик конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш ҳамда Франциялик туроператорлар учун мамлакатимиз бўйлаб инфо-тур ташкил этиш ҳақида ўтган йилнинг сентябр ойида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси вакилларининг Ил-де-Франcе турагентлари уюшмаси президенти билан Парижда бўлиб ўтган учрашуви чоғида келишиб олинган эди.

2017 йилнинг октябрида ЭДВ раҳбарлари юртимизга ташриф буюриб, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси томонидан ташкил этилган инфо-тур бўйича Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилдилар.
ЭДВнинг мамлакатимизда бўлиб ўтадиган конференциясида Франциянинг 100 дан ортиқ сайёҳлик соҳаси вакиллари — Иле-де-Франcе сайёҳлик агентликлари (Куони, Салаун, Cлуб Мидия, Верди Воягес) вакиллари, ҳамкор компаниялар (Амадеус, Ҳертз, Авис ва бошқалар), машҳур француз оммавий ахборот воситалари (Ле Фигаро, Тоурисм ТВ, Эчо Тоуристиқуэ, Ле Қуотидиэн ду Тоурисме) мухбирлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг етакчи сайёҳлик компаниялари ва агентликлари иштирок этади.

Ушбу туристик форум ҳамда унинг доирасида Ўзбекистон тарихий шаҳарлари бўйлаб ташкил этилган саёҳат мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК хизматларини Франция сайёҳлик хизматлари бозорида тарғиб қилишда яна бир қадам бўлди.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси Ўзбекистон ва Франция пойтахтлари ўртасида мунтазам йўловчи қатновларини, шунингдек, Париждан диёримизнинг тарихий шаҳарлари Самарқанд ва Урганчга тўғридан-тўғри қатновларни амалга оширмоқда.
Маълумот учун: Иле-де-Франcе - Франциянинг иқтисодий, маданий ва кучли сайёҳлик салоҳиятига эга минтақаси ҳисобланади. Унинг ҳудудида 900 дан ортиқ сайёҳлик агентликлари фаолият юритади.






