АсосийJamiyat

Ашхободда "Made in Uzbekistan" Миллий саноат кўргазмаси давом этмоқда (фото)

'Ашхободда "Made in Uzbekistan" Миллий саноат кўргазмаси давом этмоқда (фото)'ning rasmi

Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида "Made in Uzbekistan" Миллий саноат кўргазмаси давом этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур нуфузли форум дўст ва қўшни мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ишбилармон доиралари ўртасидаги яқин шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

02jpg_ySB8eDI.jpg

Кўргазмада иштирок этиш учун Ашхободга Ўзбекистоннинг кўп қиррали саноат салоҳиятини намоён этувчи 70 дан ортиқ компания ва корхоналардан 250 нафар бошқарувчи ва мутахассислар делегацияси ташриф буюрди. Бу эса икки давлат ишлаб чиқарувчиларининг ўзаро узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга қизиқиши ортаётганидан далолатдир.

Экспозиция майдонида Ўзбекистоннинг тоғ-кон, металлургия, нефть ва газ, машинасозлик, электроэнергетика, тўқимачилик ва кимё саноати, қурилиш материаллари, маиший техника, озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корпорация ва компаниялар иштирок этмоқда. Шунингдек, кўргазмада миллий автомобилсозлик, турли суғурта хизматлари ютуқлари ҳамда халқимизнинг маданияти, амалий санъат ва ҳунармандлигининг ўзига хослиги ва бетакрорлиги билан танишиш мумкин.

05jpg.jpg

Мазкур кўргазмада "Ўзбекнефтьгаз", "Ўзқурилишматериаллари", Навоий кон-металлургия комбинати, "Ўзкабель", "Ўзкимёсаноат" компаниялари томонидан юқори сифатли маҳсулотлар ва янги технологиялар тақдим этилмоқда.

Юзлаб корхона ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги кўргазмада мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва экспорт қилинадиган дори-дармон маҳсулотлари, тиббиёт воситалари ва техникаларини намойиш этмоқда.


    Бошқа янгиликлар