АсосийJamiyat

Аэропорт ходимлари нега кулиб турмаслиги сабаби айтилди (фото)

'Аэропорт ходимлари нега кулиб турмаслиги сабаби айтилди (фото)                                                                        'ning rasmi

29-30-31 март кунлари Давлат хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита томонидан журналистлар учун медиа-тур ташкил этилди.

Медиа турнинг илк кунида ДХХ Чегара қўшинлари тарихи музейи билан таништирилди. Ушбу музей 2015 йил очилган бўлиб, унинг витриналаридан қадимий мудофаа деворлари, кузатув миноралари, қурол-аслаҳалар, аскарларнинг кўринишлари ҳақидаги экспонатлар жой олган. Шунингдек, чегара қўшинларининг мустақиллик даврида эришган ютуқлари, фахрийлари, хизмат вақтида ҳалок бўлганлар, нашрлари, кўкрак нишонлари ҳақида сўзловчи маълумотлар стенди ҳам жойлаштирилган.

МАЪЛУМОТ УЧУН: Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг умумий узунлиги 7 120,99 км.ни ташкил қилади, шундан:
Қирғизистон – 1476,12 км;
Қозоғистон – 2356,31 км;
Туркманистон – 1831,49 км;
Тожикистон – 1314,07 км;
Афғонистон – 156,0 км.
Ўзбекистонда 6 та минтақавий чегара қўшинлари штаблари бор. Булар: Шарқ, Тошкент, Марказ, Жануб, Жанубий ғарб, Шимолий ғарб.

Журналистлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти чегара-дивизия фаолияти билан ҳам таништирилди

— Ҳозирда ҳафтада 150 доимий рейслар амалга оширилмоқда, - дейди ДХХ Чегара назорати бошқармаси бошлиғи Собир Ўринбоев. — Аэропортдаги паспорт назорати пунктида 50 иш жой яратилган. Ҳозирда уларнинг сонини янада кўпайтириш режалаштирилмоқда. Ходимларимиздан ўта зийраклик, ҳушёрлик ва руҳшунос бўлиш талаб этилади. Сўнгги ойларда Тошкент халқаро аэропортидаги ноқулайликлар, шароитлар ОАВда тез-тез танқид қилинди. Шундан сўнг аэропортда бир қанча ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Қизил ва яшил йўлак, паспорт назорати пунктларининг кўпайтирилгани шулар жумласидан. Танқидлар орасида “аэропорт ходимлари табассум қилмайди, ҳушмуомала эмас...”, деган гаплар ҳам бор. Бунга жавоб сифатида шуни таъқидлашни истардим: назоратчи ходим 2 дақиқа ичида ҳар бир йўловчининг шахсини, мақсадларини англаб олиши керак. Бир сўз билан айтганда, улар Ватани остонасига кимни киргизишни ёки кимни киргизмасликни ҳал қилади. Зиммасидаги мана шу масъулият сабаб ҳам улар жиддий кўринадилар.
С.Ўринбоевнинг сўзларига кўра, аэропортда давом этаётган ислоҳотлар натижасида йўловчиларнинг тирбандликларига барҳам берилмоқда. Ҳозирда йўловчилар ярим соатга қолмай аэропортни тарк этишяпти.

Журналистлар шу куннинг ўзида Москва шаҳрига учаётган 234 нафар йўловчиларнинг кузатилиш жараёнига гувоҳ бўлишди. Паспорт назорати пунктида 14 нафар ходим хизмат кўрсатяпти. Ҳужжатларида ҳеч қандай камчиликлари бўлмаган йўловчилар 3 дақиқага қолмай ўтказиляпти.

Шунингдек, журналистлар Тошкент халқаро аэропорти ёнида қурилаётган янги терминални ҳам бориб кўришди.

Маълум бўлишича, йўловчиларга тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида бу ерда 24 та паспорт назорати пунктлари ва 4 та юк ўтказиш йўлаги бўлади. Уларнинг ҳар бирида багаж қайси парвозга таалуқли эканлигиги кўрсатилади. Аэропортнинг меъморий ечимига ҳам катта эътибор қаратиляпти. Миллий услубдаги устунлар ва нақшлар билан безатиляпти. Халқаро йўналишларга хизмат кўрсатувчи терминал 1 соатда 500дан ортиқ йўловчи қабул қилиши мумкин. Миллий авиакомпания янги терминалда бир неча инновацион лойиҳаларни ишга туширишни ҳамда WiFi алоқаси сифатини яхшилашни режалаштирган. Янги терминал тез орада ишга туширилади.

ФОТО: Александр Сучков

    Бошқа янгиликлар