30 март. Чирчиқ ҳарбий аэродромидан ҳавога кўтарилган Airbus C295W ҳарбий самолёти тушдан сўнг Термиз аэропортига келиб қўнди. ДХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита томонидан ташкил этилган медиа-тур иштирокчилари бу ердан Термиз чегара постига йўл олишди.
Ўзбекистон билан Афғонистон чегараси 156 км.ни ташкил этади. Термиз чегара ҳудудига келган журналистлар ана шу чегарамиз қандай қўриқланишини ўз кўзлари билан кўришди, ҳатто маълум вақт ўзлари ҳам қўриқлашди...
Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаётган чегара қўшинлари фаолиятини жонли кўрсатиш учун Чегара бузғунчисини ушлаш операцияси ташкил қилинди. Чегара бузғунчисини ушлашда чегарачилар қидирувдаги режага асосан ҳаракатланишади. 156 км. масофадаги назорат из йўлаги (эни 8 метр) 2000 йиллардан сўнг янги тизимда компьютерлаштирилган. Бунда кичик бир жисм симга тегилса ҳам чегара постига огоҳлантирув сигнали боради. Шундан сўнг дастлаб чегара катерлари “сирена” овозини ёқиб етиб келишади, улар бузғунчининг дарё йўли орқали қочиб кетмаслик чораларини кўришади, яъни йўлини ёпишади. Бироздан сўнг қўриқлаш постидан ҳам шахсий таркиб етиб келади. Қисқа айтганда, бузғунчи тўрт томондан қуршаб олинади. Албатта, бундай пайтда чегара бузғунчиси жим турмайди, ё қочишга, ё яширинишга уринади. Бироқ чегарачилар уларни топмагунча тинчишмайди. Қўриқлаш итлари ёрдамида оёқ излари орқали топишга эришилади.
Айтиш жоизки, чегара бузилганлиги ҳақида “сигнал” бўлиши билан постда ким нима иш қилаётганидан қатъий назар етиб келишлари шарт. Шунингдек, туташ бўлган қўшни чегара постидан ҳам қўшимча куч етиб келади.
Бир Орол борки...
Ўзбекистонда ягона – Пайғамбар ороли Амударё ўзанида жойлашган. Манбаларда оролнинг майдони тахминан 4 минг гектар, узунлиги 8, эни 5-6 километр экани қайд этилади.
Пайғамбар ороли билан боғлиқ кўплаб ривоят, афсоналар етиб келган. Ривоят қилишларича, Исломгача бўлган пайғамбарлардан бири, ўзининг жасадини вафотидан кейин қайиққа солиб, дарёга оқизиб юборишларини ва қайси қирғоққа келиб тўхтаса, ўша ерда дафн этишларини васият қилади. Лекин қайиқ дарё ўртасига келиб, тўхтаб қолади. Шунда мўъжиза рўй бериб, дарё тубидан орол қалқиб чиқади. Пайғамбарни мазкур оролга дафн этадилар. У Исломгача бўлган йигирма беш пайғамбарлардан бўлиб Зул-Кифл – “кафолат соҳиби” номини олади. Пайғамбар ўзининг халқини муҳтожликдан асраш маъсулиятини олган ҳамда уларга адолатли ҳакам бўлиш кафолатини берган. Зул-Кифл узоқ умр кўрган ва берган кафолатларини тўлиқ бажарган. Зул-Кифл милоддан аввалги VI-VII асрларда яшаб ўтган тарихий шахс ҳисобланади.
Даставвал Зул-Кифл работи Калиф шаҳрида, Амударёнинг ўнг қирғоғида бўлган. XI асрда, Ғазнавийлар даврида Зул-Кифл қабри оролга қўчириб келтирилган ва мақбара билан масжид барпо этилган.
Медиа-тур иштирокчилари ушбу масжиднинг гумбазини узоқдан кўрдилар, холос. Чунки қўшни Афғонистондаги нотинчлик ва беқарорлик туфайли масжидга бориш хавфсизлик нуқтаи-назаридан чеклаб қўйилган.
Ватанимиз сарҳади нафақат қуруқликда, балки сувда ҳам қўриқланади. Махсус катерлар чегарачиларимиз учун ҳам ишхона, ҳам уй вазифасини ўтайди. Чунки катерга тушган чегарачи 10-15 кунлаб туну кун шу ерда бўлади. Улар учун дам олиш куни, байрам куни каби тушунчалар йўқ. Мана буни ҳақиқий фидоийлик, десак муболаға бўлмас. Зеро, уларнинг бу фидойилиги эвазига биз хотиржам дам оламиз, мириқиб байрам қиламиз!
ОАВ ходимларига катерларда Амударё бўйлаб сузишга ҳам имкон берилди.
Медиа-турнинг иккинчи куни шу билан якун топди, десак янглишамиз. Иккинчи кун учинчи кунга уланиб кетди, десак тўғри бўлади. Журналистлар тунги соат 4:00да постдаги чегарачилар билан биргаликда тунги назоратга чиқиб кетишди. Тонг сарҳадда кутиб олинди.
Шу қисқа вақт мобайнида ҳар бир журналист ўз Ватани сарҳадини қўриқлашга ҳисса қўшди ва мана шу лаҳзалар ҳар бир журналистда унутилмас бўлиб қолиши, шубҳасиз.