Нукуслик 24 ёшли Тўренияз Акимов бир йилда 101 китобни ўқиб чиқди, деб ёзади Kruz.uz нашри.
Тўренияз Республика ёшлар маркази Қорақалпоғистон бўлимидаги ахборот ресурс марказининг энг фаол аъзоси, у 6-синфгача Нукус шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида, ундан кейин 9-сонли иқтисослаштирилган мактаб интернатида 9-синфни битириб, Нукус туманидаги Кердер касб-ҳунар коллежида таълим олган. Ҳозирда у Нукус шаҳрида жойлашган «Агро» кафесида бармен лавозимида ишлаб келмоқда.
— Мен китоб ўқишни 21 ёшимда бошлаганман. Китоб ўқиб инсонларнинг яхши-ёмонлигини, уларнинг сўзлари ва ҳаракатлари орқали билиб оладиган бўлдим. Кўп ўқимаган вақтларимда бунга эътибор қаратмас эдим. Шунингдек, яшашдан ўз мақсадимни англадим. Мен биринчи ўринда ўзимни ўзим комил инсон қилиб тарбиялаб олишим керак. Шундан сўнггина мен укаларим ва келажакда фарзандларимни комил инсон қилиб тарбиялашим мумкинлигини тушундим.
Энг севимли китобим Жек Лондоннинг «Мартин Иден» романи. Асар қаҳрамони китоб ўқиш орқали комил инсон бўлиб, одамларни фарқлашни бошлайди. Севган қизи унин амалдар бўлишини ҳохлайди, лекин у ёзувчи бўлишни танлайди. Кўп китоб ўқиган инсон ўзини ўзи бошқаради, ўзига нима кераклигини билади ва онги билан қалби бир бўлади, - дейди Акимов Тўренияз.

“Китоб-беминнат устоз. Ҳар дақиқа у бизни донишмандларнинг билим хазинаси билан ошно эта олади”, деган эди буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий.
Ҳақиқатан ҳам инсон ҳаётида китобнинг ўрни беқиёс. Ҳар биримизнинг билимларимиз асосчиси китобдир. Шунинг учун ҳам Тўренизга ўхшаган ёшлар кўпайиб, жамиятизда юксак маънавиятли комил инсонлар сони ортаверсин.






