Президентнинг вилоятларга ташрифи арафасида кўзбўямачилик қилингани ҳақидаги тарқалган хабарларга Комил Алламжонов муносабат билдирди (видео)

ЖАМИЯТ 03.04.2018, 12:48
Президентнинг вилоятларга ташрифи арафасида кўзбўямачилик қилингани ҳақидаги тарқалган хабарларга Комил Алламжонов муносабат билдирди (видео)

Хабарингиз бор, аввалроқ интернет нашрларида баъзи вилоятларда Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида «бир кунлик иссиқхоналар» қурилгани, автомобиль йўллари шунчаки таъмирлангани, Жиззах вилоятидаги «Зарбдор Текстил» корхонасида ҳақиқий ишчилар эмас, балки яқин-атрофдаги коллежларда таҳсил олувчи ўқувчи қизлар худди ишлаётгандек бўлиб ўтиргани, корхона аслида ҳали иш бошлашга тайёр эмаслиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов Facebook’даги расмий саҳифаси орқали ушбу тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

"Яқинда интернетда йўл бўйида қурилган иссиқхоналар ҳақида материал чиқди. Менинг шахсий фикримча, бу кўпроқ бўрттирилган. Президентимиз борган ҳар бир объект, биз кўрган иссиқхоналар — бу ҳақиқатда ишлаётган иссиқхоналар. Уни бир кунда ёки биргина ташриф учун бирданига барпо этиш мумкин эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Менинг тушунишим бўйича, бу материалларда Президентимиз юрган йўллар ёқасида қурилган иссиқхоналар назарда тутилган.

Агар ростдан ўша иссиқхоналар ҳозир йўқ бўлиб қолган бўлса, буни аниқлаб, тегишли чоралар кўрилади. Агар ўша иссиқхоналар Президент ташрифида қурилган бўлса ҳам, озроқ кутиш керак, иссиқхоналарда нимадир экилган бўлса, у униб чиқишини кутиш керак", - деди Алламжонов

Президент матбуот котиби хориж нашрларида Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги тўқимачилик цехидаги вазият хусусида тарқатилган хабарга ҳам тўхталиб ўтди:

— Бундан бизнинг хабаримиз бор. Бу тикув цехи 10 ой давомида қурилган, лекин ҳали ушбу цех юз фоиз қувватда иш бошлагани йўқ. Корхона раҳбарлари ушбу жараёнда атрофдаги ҳудудлардан ишсиз хотин-қизларни, шунингдек, коллежлар талабаларини иш ўргатиш мақсадида жалб этишган. Улар кейинчалик ишга қабул қилиниши режалаштирилган. Ҳозир фақат тайёргарлик жараёни кетмоқда.

Айтишим керакки, йиллар давомида тўпланган муаммолар бир кунда, бир ҳафтада, бир ойда ҳал бўлиб қолмайди. Вақт керак. Шунинг учун, вазиятни тўғри тушунган ҳолда, вазиятга фақат бир томонлама эмас, чуқурроқ қараб баҳо беришга, муносабат билдиришга, бугун юртдошимиз олиб бораётган ишларда елкадош ва кўмакдош бўлишга чақирамиз, - дея сўзларини якунлаган президент матбуот котиби.


Шунингдек, мурожаатда Президентнинг навбатдаги ташрифлари водий вилоятларига бўлишини, лекин ташриф кунлари ҳозирча маълум эмаслиги, кейнроқ ОАВда маълум қилиниши айтиб ўтилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1