АсосийSport

Ўзбек футболида тарихий воқеа. Суперлига титул ҳомийга эга бўлди

'Ўзбек футболида тарихий воқеа. Суперлига титул ҳомийга эга бўлди'ning rasmi

Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов жаҳонга машҳур “Пепси” компанияси вакиллари билан учрашди.

Ушбу компания ўзбек спорти, хусусан, мамлакат футболида юз бераётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон футбол ассоциациясига янги ташкил этилган Суперлигага ҳомийлик қилиш таклифи билан чиқди.

Ўз навбатида, Профессионал футбол лигаси компания вакилларига Суперлиганинг 4-туридан ўрин олган “Бунёдкор” — “Бухоро” учрашувида ўз имкониятларини намойиш этиб берди. Мамлакатимизнинг энг кўркам аренасида “Пепси” рекламаси учун яратилган шароитлардан компания раҳбарлари бениҳоя мамнун бўлишди ва Суперлигага титул ҳомий бўлиш истагини билдиришди.

“Пепси” компанияси реклама индустриясида айнан спортнинг футбол турига катта эътибор қаратади. Компаниямиз шунингдек, жаҳонинг энг нуфузли спорт мусобақаларидан бири – футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг ҳам расмий ҳомийси ҳисобланади. Биз ўзбек футболида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, ислоҳотларда бевосита иштирок этишни, шу орқали ўзбек спорти тараққиёти ва ривожланишига ҳисса қўшишни истаймиз,” — дейди “Пепси” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Шуҳрат Эргашев.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бунга қадар бир қатор нуфузли фирма ва компаниялар билан Суперлигага ҳомийлик қилиш масаласида музокаралар олиб борди. Улар орасидан айнан “Пепси” компаниясининг таклифи маъқул келди.
Учрашувда “Пепси” компанияси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўртасида шартнома имзоланди. Битим ҳозирча йил якунига қадар тузилди.

    Бошқа янгиликлар