1

Фарғонада эшак гўштини мол гўштига аралаштириб сотган яна бир шахс қўлга олинди (видео)

ЖАМИЯТ 09.04.2018, 15:54
Фарғонада эшак гўштини мол гўштига аралаштириб сотган яна бир шахс қўлга олинди (видео)

Охирги пайтларда эшакларни яширин тарзда сўйиб, уларнинг гўштини турли умумий овқатланиш шохобчаларига ва гўшт дўконларига сотаётган шахслар ҳақида хабарлар кўп тарқалмоқда.

Яқинда Данғара тумани ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида С.Ботиров эшак гўштини автомашинасида олиб кетаётганда қўлга олинган.

Маълум бўлишича, Содиқжон Ботиров Данғара туманида қорамол олиб-сотиш савдоси билан шуғулланиб келган. Шу билан бирга у ўйида қорамол қаторида эшакларни ҳам сўйиб, гўштларни аралаштириб турли савдо нуқталарига сотгани маълум бўлди.

«Ботиров Содиқжон Урайимович бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, текширилган вақтда машина юкхонасида гўшт маҳсулотлари борлиги аниқланган. Бу маҳсулотлар шубҳа туғдиргани сабабли, текшириб кўриш учун далилий ашё сифатида олинди. Данғара туман ветеринария бўлими томонидан берилган 107-рақамли хулосага кўра бу эшак гўшти экани аниқланган», - дея ҳолатга изоҳ берди Данғара туман ИИБ терговчиси Фурқатжон Сиддиқжонов.

Сўроқ давомида С.Ботиров мол бозоридан қорамол сотиб олиб келиб, шуни ичига иккита эшакни гўштини қўшиб, 16 минг сўмдан сотганини тан олди.

Содиқжон Ботиров Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексига кўра тегишли жазога тортилди.

Муқаддас ислом динимизда ҳам эшак гўштини истеъмол қилиш ҳаром ҳисобланади. Бу борада Қўқон шаҳар бош имом хатиби Абдумажид ҳожи Исақов ислом динида эшак гўштини мол гўштига аралаштириб сотиш жуда катта гуноҳ эканлигини айтиб, уни ҳалол дея билмасдан еган ва фарзандларига едирган одамларнинг гуноҳи ўша гўштни сотган кишига бўлиши ҳақида фикр билдирган.

Шунингдек, Данғара туман ветеринария бўлими мутахассиси Акрамжон Маткаримов эшак гўштини инсон организми учун ўта хавфли эканлиги, ундаги юқумли касалликлар тўғридан-тўғри истеъмол қилганда юқиши ҳақида маълумот берди.

Махсус мухбиримиз тайёрлаган лавҳани эътиборингизга ҳавола этамиз.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1