АсосийJamiyat

Вайронада яшаган оила: шароит яхшиландими?

'Вайронада яшаган оила: шароит яхшиландими?'ning rasmi

Шу йилнинг 23 март куни Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги ЎзА сайтида “Аянчли аҳволда яшаётган оила” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Наманган вилоятининг Поп туманида ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича фаолият олиб бораётган Республика ишчи гуруҳи 18 март куни 3 оила, 9 жондан иборат Мартавали Ботиров хонадони уй-жойи йўқлиги сабабли Поп тумани Нуробод МФЙ ҳудудидаги собиқ машина-трактор парки ҳудудида жойлашган яроқсиз бинода аянчли аҳволда яшаётгани баён этилади. Ўтган вақт мобайнида бу оила ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлганини билиш, оиланинг бугунги кундаги аҳволи билан танишиш мақсадида Наманган вилоятидаги "Оила ва жамият" газетасининг мухбири Шаҳло Тошбекова воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш жараёнида шу йилнинг 18 март ҳолатига кўра, Ботировлар хонадони оила аъзоларининг саломатлиги яхши эмаслиги, аксарияти, айниқса, болаларда шамоллаш, ижтимоий мослашувчанлик қобилияти пастлиги кузатилган. Уларга тиббий ва руҳий-психологик ёрдам кўрсатиш зарур. Оила иқтисодий имконият йўқлиги сабабли қишни ўтин ва кўмирсиз ўтказган. Оила бошлиғи – 1961 йилда туғилган Мартавали Ботировнинг фуқаролик паспорти бир неча йиллар аввал йўқолган бўлса, унинг турмуш ўртоғи Шаҳрихон Эргашева паспортининг амал қилиш муддати 2012 йилда тугаган. Оила аввал тумандаги Чортоқ МФЙ ҳудудида яшаган, кейин шу вайрона масканга кўчиб келган. Машина-трактор парки атрофи эса фуқаролар томонидан ташланаётган чиқиндилар сабабли ахлатхонага айланган. Оила аъзоларининг тоза ичимлик суви, табиий газга эҳтиёжи катта.

Орадан 20 кундан зиёд вақт ўтди. Ўтган даврда бу оилага қандай ёрдам кўрсатилди? Уларнинг муаммолари қай даражада ечими топмоқда?

Шу саволларга ойдинлик киритиш мақсадида 6 апрель куни Поп тумани Нуробод маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик. Йиғин раиси Мавлуда Шарипова бизга Ботировлар оиласи яшаб келаётган собиқ МТП биноси (4 хонадан иборат) ва 6 сотих ер майдонини мазкур оила номига ноль баланс қийматда расмийлаштириб берилаётгани, тез кунларда ер ва бинонинг кадастр ҳужжатлари тайёр бўлиши ҳамда шу тўғрида туман ҳокимининг қарори ҳам чиқишини маълум қилди.

Демак, бу оиланинг асосий муаммоси ҳал бўлиш арафасида – уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондирилмоқда. Оила бошлиқлари янги фуқаролик паспортларига эга бўлгач, мазкур маҳаллада яшаш учун доимий рўйхатга қўйилади. Бу оилага нафақа пули ёки моддий ёрдам тайинланиши учун асос бўлади.

Мазкур масала юзасидан туман ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи, майор Рустам Мўминов билан телефон орқали боғландик.

– 15 кун муқаддам ҳар икки фуқаро паспортини қайта тик­лаш ва алмаштириш масаласида бўлинмамизга мурожаат этиб, барча керакли ҳужжатларни тақдим этишди, – деди Р. Мўминов. – 9 апрель куни Мартавали Ботиров ва Шаҳрихон Эргашева янги фуқаролик паспортларига эга бўлишади.

Айтганча, бу масалада, меъёрий ҳужжатларда белгиланганидек, ҳар икки фуқаро тўлаши лозим бўлган жарима миқдори ҳамда бошқа тўловлар 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи С. Абдулҳамидов томонидан қопланган.

Йиғин раиси М.Шарипова, котиби Х.Қўчқорова, Исковут қишлоқ врачлик пункти умумамалиёт шифокори Ширмоной Ҳамралиева ҳамроҳлигида Ботировлар оиласи яшаб келаётган “Дўстлик” кўчасидаги собиқ МТП биносида бўлдик.

Оила бекаси Шаҳрихон опа бизни кўтаринки кайфиятда кутиб олди. Қизи Одина, келини Наргиза ва набираларининг ҳам юзида табассум.

– Врачлик пункти шифокорлари, пат­ронаж ҳамшира Ферузахон (Раҳматова) биздан тез-тез хабар олиб туришибди, – деди Шаҳрихон опа. – Куни кеча мен ва турмуш ўртоғимни туман марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди. Худога шукр, турмуш ўртоғимни соғлом деб айтишди. Менда бироз шамоллаш бор экан, шу боис 8 турдаги дори-дармон воситаларини бепул беришди. Ҳозир яхшиман. Набираларим саломатлигини ҳам шифокорлар назорат қилиб туришибди, уларнинг ҳам соғлиги тикланди.

– Шаҳрихон опа, турмуш ўртоғингиз қаердалар? – сўрадик суҳбат асносида.

– Фермер хўжалигига ишга чиқиб кетганлар.

– Худо хоҳласа, тез кунларда мана шу бино ва 6 сотих ер сизларнинг номингизга расмийлаштирилади. Уй-жойли бўляпсизлар. Соғлигингиз ҳам анча яхши. Энди бу ҳовлини обод қилиш, оила иқтисодини яхшилаш учун қандайдир режаларни тузган бўлсангиз керак?

– Албатта, барака топишсин, йиғин раиси Мавлуда опа бизга катта ёрдам беряпти. Газ плитаси ва суюлтирилган газ баллони олиб келиб берди. Ёнимиздаги чиқиндихона йўқ бўлди. 3 та юк машинасида тупроқ олиб келишди, ҳатто ғишт қуйиш учун қолипларни ҳам беришди. Энди ҳовли атрофини қўрғон қилиш учун ўғлим ва турмуш ўртоғим ғишт қуйишади, биз аёллар ҳам қараб турмаймиз. Дарвоза ҳам ўрнатмоқчимиз.

Қолаверса, маҳалладагилар, саховатли инсонлар бизларга янги ки­йим-кечаклар, ўйинчоқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ўтин-кўмир ҳам олиб келиб беришяпти. Ҳаммаси учун аввало Президентимизга, раҳбарларга, меҳрибон инсонларга раҳмат айтамиз. Улар бизни йўқлаб, мушкулимизни осон қилишди, Худойим уларнинг мартабасини янада зиёда қилсин. Яна бир нарса учун жудаям миннатдорман. Набирам Яҳёбек кеча мактабдан жуда хурсанд қайтди. Туғилган куни эди, маҳалла идораси вакили, участка профилактика инспектори мактабга бориб, уни табриклашибди, совғалар беришибди. Набирамнинг қувончини сўз билан ифодалаб беролмайман. Ҳамма ўртоқларим менга ҳавас қилишди, деганида, юрагимда ҳеч қачон туймаган ҳисни сездим. Барака топишсин, врачлар, ўқитувчилар, психологлар барча набираларим руҳиятини яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилишяпти.

– Фуқаролик паспортларини олишганидан кейин бу оила имтиёзли банк кредитлари ёрдамида, қорамол боқиш ёки паррандачилик билан шуғулланиши ҳам мумкин, – деди суҳбатимиз якунида йиғин раиси. – Кўраяпсиз, бино атрофи ниҳоятда кенг, бу товуқ, қўй ёки қорамол боқиш имкониятини беради. Фақат изланиш, ҳаракат қилиш, имкониятлардан фойдалана билиш керак.

Дарвоқе, инсон ҳаёти давомида турли синов, машаққату қийинчиликларга рўбарў келади. Ана шундай пайтларда унинг атрофида яхшиларнинг борлиги жуда муҳим. Бир оғиз сўз унга далда, мадад, катта куч беради. Яхшилар кўмагидан кўнгли кўтарилган Ботировлар хонадонидан қайтар эканмиз, Президентимизга, ҳар бир оила, ҳар бир инсон ташвиши билан яшаётган раҳбарларга, мурувватли инсонларга қайта-қайта миннатдорлик билдириб қолган аёл нигоҳидаги ишонч бизнинг ҳам кўнглимизни ёритиб юборди. Бу ишонч оила ҳаётини яхшилик томон ўзгартиришга қодир эканига шубҳамиз йўқ.

    Бошқа янгиликлар