1

Лондондаги элчихонада “Ўзбекистон маданий мероси Буюк Британияда" мавзуидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 20.04.2018, 17:28
Лондондаги элчихонада “Ўзбекистон маданий мероси Буюк Британияда" мавзуидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида “Ўзбекистон маданий мероси Буюк Британияда" мавзуидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, "Замон Пресс Инфо" нашриёт уйи," “Uzbekistan Today" ахборот агентлиги ва Eriell group компанияси томонидан ташкиллаштирилди.

Халқаро давра суҳбатида "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" халқаро мультимедиа лойиҳаси вакиллари Буюк Британиянинг йирик музей ва кутубхоналари олимлари, хорижий ОАВ вакилларига лойиҳа ҳақида маълумот бериб, келажакдаги режалар ҳақида сўзлаб беришди. Бундан ташқари давра суҳбати давомида Англия тўпламларида сақланаётган маданий меросимиз ҳақидаги хориж олимлари маърузалари тингланди.

Тадбир давомида Буюк Британияда сақланаётган ўзбек маданий мероси ҳақида жорий йилда 3 та жилддан иборат китоб-альбомлар чоп этишни режалаштирилганлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.

Биринчи китоб Британия музейи тўпламида сақланаётган нумизматиканинг ёрқин намуналари - қадимий тангаларга бағишланиб, ушбу китобни Хофстра университети профессори Александр Наймарк ва Британия музейи нумизматика бўлими мудири Роберт Брейси тайёрлайди.

Бундан ташқари Кембриж университети ва Оксфорддаги Бодлиан кутубхонаси тўплами ҳақидаги китоб-альбомни Пембрук коллежи Форсшунослик маркази директори Доктор Фирюза Мелвил қатор британиялик олимлар билан биргаликда тайёрлайди.

Давра суҳбати якунида "Девони Ҳусайний“ қўлёзмасининг бебаҳо факсимиле нусхаси Буюк Британия ҳукумати Лордлар палатаси вакили Лорд Илтаф Шейх жанобларига ва "Катта Лангар" Қуръонининг факсимиле нусхаси эса Оксфорд Исломшунослик маркази вакили Доктор Талал Ал-Азим жанобларига ҳадя этилди.

Бундан ташқари, "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси доирасида чоп этилган 10 жилдлик китоб альбомлардан иборат тўпламлар Буюк Британиянинг 10га яқин йирик кутубхона ва музейларига беғараз топширилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1