1

Муносабат: Тирноқ остидан кир қидирмайлик

ЖАМИЯТ 25.04.2018, 18:16
Муносабат: Тирноқ остидан кир қидирмайлик

Муқаддас динимизда: «Ҳамма нарса ниятга боғлиқ», – деган ажиб ҳикмат бор. Ният холис бўлмас экан, оқни қора, қорани оқ кўриш мумкин. Дунёда бундан ёмони йўқ. Чунки бунда ҳақиқат пойдеворига дарз кетади.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга айрим фуқароларимизнинг ижтимоий тармоқлар орқали ўз шахсий муносабатини билдиришга қизиқаётгани – яхши нарса. Бироқ муносабатда муносабат борда. Яъни муносабат ҳам холис бўлиши керак.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг бир манзумасида одамлар эшакка миниб кетаётган чол билан неварани танқид қилишади. Уларни эшакка раҳм қилмаганга чиқаришади. Кейинги қишлоқдан ўтаётганда чол эшакка миниб оладию, невара пиёда юради. Бу гал чолни неварага раҳм қилмаганликда айблашади. Учинчи қишлоқдан ўтишаётганда невара эшакка минади-ю, чол пиёда юради. Яна танқидга учрашади...

Нима қилсанг ҳам одамлар гапираверади экан-да, деган хулоса чиқади асардан. Элнинг оғзига элак тутиб бўлмас экан-да.

Йўқ: бунақаси кетмайди!

Куни-кеча мамлакатимизга Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг давлат ташрифи билан келиб кетгани айрим фуқароларимизнинг ижтимоий тармоқларда турли-туман муносабат билдиришлари учун мавзу бўлди. Уларнинг аксариятини бундай яқин қўшничилик ниҳоятда хурсанд қилгани баён этилади. Бироқ булар орасида шундайлар ҳам топилдики, уларга қўшни давлат раҳбарининг иззат-ҳурмати учун пойтахтимиз кўчаларига талаба ёшларнинг саф тортиб, икки давлат байроғини кўтариб туриши маъқул тушмабди. Ана холос!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ташқи сиёсатини янги поғонага кўтариш, халқаро майдонда обрў-эътиборимизни янада ошириш, аввало, ён қўшниларимиз билан икки тарафлама манфаатли дўстона алоқаларни янги поғоналарга кўтаришнинг ташаббускори бўлиб келяпти. Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон билан алоқаларимиз борасида ўтган бир ярим йилдан ошиқроқ давр мобайнида тамоман янги саҳифалар очилди.

Туркманистон Президентини кутиб олиш билан боғлиқ тадбирларда ёшларимизнинг иштирокига яхши ният билан қараш зарур, деб ўйлайман. Ахир яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи чоғида ҳам бу қўшни мамлакат ёшлари худди шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатди-ку! Ахир, меҳмоннавозлик биз – Марказий Осиё халқларининг қон-қонига сингиб кетган-ку.

Икки давлат ҳаётида юз бериб турган шундай катта ижтимоий-сиёсий воқеага муносабатда бундай майдалашиш яхшилик аломати эмас.

Хуллас, тирноқ остидан кир қидирмайлик!

Дилдора ОЛИМОВА, журналист

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Ёшлар медиа маркази» нодавлат нотижорат ташкилоти Ғоявий режалаштириш бўлими бошлиғи

Манба: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи сайти.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1