1

“Бойсун баҳори” ажойиб туҳфа ҳозирламоқда

ЖАМИЯТ 26.04.2018, 16:40
“Бойсун баҳори” ажойиб туҳфа ҳозирламоқда

Жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Бойсун туманидаги хушманзара Паданг қишлоғида анъанавий “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали ўтказилади.

Ташкилотчиларнинг пухта ҳозирлик кўраётганликларидан англаш мумкинки, бу йилги тадбир илгаргиларидан кескин фарқ қилади, деб ёзади ЎзА.

Паданг қишлоғида ҳар йилгидан-да ўзгача тайёргарлик кўрилди. Ташрифи кутилаётган 20 дан ортиқ давлат ҳамда республикамизнинг турли ҳудудларидан келадиган меҳмонлар учун барча шароитлар яратилмоқда.

Асосий тадбирлар ўтадиган 28-29 апрель кунлари асосий саҳнада республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган фольклор-этнографик халқ ансамбллари ва бадиий жамоалар, иккинчи саҳнада эса вилоятнинг шаҳар ва туманларидан 16 та бадиий жамоа ўзаро беллашадилар.

07.jpg

Фестивал доирасида бахшилар кўрик-танлови, кураш мусобақалари, кўпкари, тош кўтариш, арқон тортиш, варрак сайли, хўроз, қўчқорлар жанги каби қизиқарли халқ ўйинлари ташкил этилади.

09.jpg

Шунингдек, миллий либослар, таомлар ҳамда ёш рассомларнинг ижодий кўргазмалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан турли акциялар ўтказиш учун ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда.

Фестивалнинг янада завқли ўтишини таъминлаш мақсадида тунги ёритиш чироқлари, тўртта уяли алоқа компаниясининг янги ускуналари ўрнатилиб, автомобиллар тураржойи барпо этилди. Байрам ўтадиган майдонда 100 дан ортиқ ўтов тикилиб, уларда косиблар, ҳунармандлар, ошпазлар каби 10 га яқин овул ташкил этилади.

08.jpg

Болалар овулида вилоят қўғирчоқ театри жамоаси томонидан ҳавола қилинадиган қизиқарли дастурлар болажонларга завқ улашади.

10.jpg

Сўлим Бойсун заминидан 6 та ҳаво шари кўкка кўтарилади, кечги тадбирда баланд тоғлар атрофида гулхан ёқилиб, мушакбозлик ҳам ўтказилади.

13.jpg

Дарвоқе, “Бойсун баҳори” ажойиб туҳфа ҳозирламоқда. Фестивалда республикамизнинг таниқли санъаткорлари билан бир қаторда, Тожикистон халқ артисти Шарофат Рашидова бошчилигидаги “Падида” театри жамоаси, Афғонистон Ислом Республикаси таниқли хонандалари Абдумажид ва Абдурауф Адлҳуийлар иштирок этади. Шунингдек, фестивалга тожикистонлик машҳур хонанда Шабнам Сурайёнинг ҳам ташрифи кутилмоқда.

03.jpg

Эслатиб ўтамиз, эртага фестиваль доирасида Термиз давлат университетида “Бойсун – моддий ва номоддий маданият бешиги” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Унда қадим юртнинг тарихи, нафис ва бой маданий меросининг дунё тамаддунида тутган ўрни, шунингдек, Бойсун миллий ҳунармандчилиги, этнографияси ва археологиясини ўрганиш, ҳудудда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади.

Миллий қадрият ва анъаналаримиз тараннум этиладиган фестивал – “Бойсун баҳори” меҳмонларини чорлайди!

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1