Ўзбекистонлик машҳур рассом Виктор Уфимцевнинг олтита санъат асари турли аукцион уйларида сотувга қўйилди.
Бир қарашда жуда ёқимли, аммо бу ҳолатнинг бошқа бир томони бор – сўнгги онларгача ҳамма ушбу полотноларнинг асл нусхаси Ўзбекистон Давлат санъат музейида сақланаётганига ишончи комил эди. Энди эса улар аслида ўғирланганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда бу воқеа юзасидан тергов ишлари кетмоқда. Қирқ икки нафар экспертдан ташкил топган ишчи гуруҳ барча музейларда экспонатлар инвентаризацияси ўтказмоқда. Куни кеча ижодий графика бўлимининг инвентаризация ишлари ниҳоясига етди. Унинг якунларига кўра, Уфимцевнинг музейда сақланаётган олтита асари кўчирма нусха эканлиги маълум бўлди.
Ушбу ишларни аниқлашга бўлган эҳтиёж Виктор Уфимцевнинг “Цирк”, “Йўлда” (“В пути, “Натюрморт” асарлари бир нечта аукцион уйларида савдога қўйилганидан кейин туғилди.
Маълум бўлишича, улар сотиш учун хусусий коллекционерларга юборилган. Натижада “Цирк” туркумидаги полотнога “СОВКОМ” аукцион уйи 1200 АҚШ доллар бошланғич нарх белгилаган. “BonArt” аукцион уйи “Шудгор” ( "Пашня" ) асарини 14 000 – 16 000 АҚШ доллар бошланғич нарх билан сотувга қўйган. “Вьетнам натюрморти” ( "Вьетнамский натюрморт" ) асари “СОВКОМ” аукцион уйи томонидан 20 000 АҚШ доллардан кам бўлмаган бошланғич нарх билан савдога қўйилиши таклиф этилган. Энг катта бошланғич нарх, яъни 30 000 доллар “СОВКОМ” аукцион уйи томонидан бўлган “Ошхона интерьери” ( "Интерьер столовой" ) асарига қўйилган. Ватанимиз музейига тегишли бўлган баъзи асарлар савдога қўйилмаган бўлса-да, кўргазмаларда иштирок этган. “Тоғлар” ( " Горы " ) “Арт-Союз” галереяси экспозициясида, “Гулдаста” ( " Букет " ) – “Арт Панорама”да, “Йўлда туғилган” ( "Рожденный в пути" ) Третьяков галереяси кўргазмасида иштирок этаётир.
- Уфимцевнинг асарлари аукционга қўйилганлигини кўрганимизда жуда ҳайратга тушдик, чунки улар музейимизда сақланаётганига ишончимиз комил эди, – дейди Ўзбекистон Давлат санъати музейи директори Васила Солиҳовна Файзиева. – Аввалига кимдир бу асарларнинг нусхасини сотяпти деган тахминга бордик. Аммо ишчи гуруҳнинг дастлабки хулосаларидан шу маълум бўлдики, улар музейда сақланган асарларнинг асл нусхаси бўлиб, кимдир уларни алмаштириб, ўрнига музейимизга кўчирма нусхаларни қўйган.
Ушбу полотноларнинг асл нусхаси даставвал музейда сақланганлиги аниқ. Рассом 1933 йилдан Ўзбекистонда яшаган ва айнан шу ерда ўзининг асосий асарларини яратган. Уларнинг бир қисмини рассомнинг ўзи шахсан музейга совға қилган, улар мамлакатимиз мулки бўлиб, миллий рассомлик санъатининг олтин фондига киритилган. Виктор Уфимцевнинг уй музейида ҳам кўплаб асарлар мавжуд. Эндиликда уларнинг кўп қисми савдога қўйилганлиги маълум бўлди. Уфимцев уй музейидаги асарлар ҳали инвентеризация қилиганича йўқ.
Оригинал асарлар қачон ва қандай йўл алмаштириб қўйилганлигини аниқлаш керак бўлади. Ўзбекистон Давлат санъат музейида инвентаризация мунтазам равишда ҳар беш йилда ўтказилиб турилади. Бироқ аниқ муддат ишлатилган материал, бўёқларга ҳам боғлиқ бўлиб, ҳар бир санъат предмети учун алоҳида белгиланади. Сўнгги бор Уфимцевнинг асарларини 2009 йилда ҳисоб-китоб қилишган. Ўшанда уларнинг мавжудлиги ва ҳолати текширилган. Уларнинг ҳаққонийлигини текшириш масаласи қўйилмаган.
Энди Давлат санъат музейида ҳар бир экспонатни таҳлил қилиш кўзда тутилмоқда. Ҳозирда Уфимцев полотноси билан боғлиқ юзага келган можаро сабабли музейда жуда катта инвентаризация ишлари амалга оширилмоқда. Бунақаси сўнгги 96 йиллик музей тарихида ҳали бўлмаган!
— Ҳар бир экспонат, яъни 67 минг дона асар хаққонийлиги бирма-бир текширилади, уларнинг бир қисми экспозициядан ўрин олмаган, аксарияти музей омборхонасида сақланади, — дейди Васила Файзиева. – Натижалар кейинроқ маълум бўлади, аммо афсуски, Уфимцевнинг асарлари алмаштириб қўйилган асарларнинг биринчиси эмас. Текширув ишлари давомида айбдорлар аниқланиб, ўз жазосини олишларига ишонамиз. Ачинарлиси, асарлар энди Ватанимиздан ташқарида. Улар номлари номаълум бўлган хусусий коллекционерларга тегишли. Биз ўғирланган полотнолар музейга қайтарилишига эришмоқчимиз. Ҳатто уларни қайтиб сотиб олиш эҳтимолини ҳам кўриб чиқяпмиз.





