АсосийDunyo

Тун оромини бузган кимлар?

'Тун оромини бузган кимлар?'ning rasmi

Ўн саккиз минг оламни яратган Парвардигор жамики оламлар ичида Ерга ҳаёт бахш этди. Замонлар ўтиб, Ер юзида яшаган жонзотлар орасида алмашинув содир бўлди.

Кейинчалик сайёрада одамзод пайдо бўлди. У аввалига ёлғиз кўпайгач, қабила бўлиб яшашга ўтди. Йиртқич ҳайвонлар ҳамласи, табиий офатлар, турли касалликлар, очарчиликлар ва ниҳоят одамнинг ўзи ўйлаб топган урушлар ҳам унинг йўқ бўлиб кетишига тўсқинлик қилолмади. Унга нисбатан “инсон” атамаси вужудга келди.

Инсон сайёрадаги барча жонзотлар орасида энг катта кучга айланди. Энди у бир-бирини йўқ қилиш ва дунёни бўлиб олиш учун бор-будини куч ва маҳоратини ишга солмоқда. Ўйлаб топган қурол билан нафақат заминдошларини, балки улар яшайдиган маконларни ҳам йўқ қилиб юборишни ўзлаштирди. Одамзоднинг ҳар нарсага қодир ақлу идроки, меҳр-муҳаббати билан ўрмон ва денгизларда яшайдиган ўз турдошларининг нимжонлиги ва ожизлигидан фойдаланиб, уларни еб қўядиган онгсиз ҳайвонлардан фарқ қилса-да, бир-бирини ўлдириб, қирғинларни авж олдираётган касларни кўриб, йиртқичлардан ҳам йиртқич ҳайвон экансан дегинг келади.

02.jpg
IX аср. Шом (Дамашқ) бозори.

Бир ўсмир карвондан анча орқада қолиб, кечга яқин шаҳарга кириб келди.

– Ассалому алайкум отахон, бу ростдан ҳам шаҳри Шомми?

– Ваалайкум ассалом, ҳа, бу шаҳарни Шом дейишади, болам. Ўзинг-чи мусофирмисан? Бу ерларга нима етаклади сени?

– Мусофирман, ота, илм етаклаб келди мени. Йўлда уйқу зўрлик қилиб, карвондан қолиб кетдим.

– Жуда тўғри қилибсан, болам. Бешикдан қабрга қадар илм олиш ҳар бир банданинг бурчи. Шом илм-маърифат маскани, бунда мадрасалар кўп. Яхши ният билан келибсан, марҳамат, шаҳримиз мусофирлар учун доим очиқ. Энг муҳими, бундай тинч-осойишта шаҳарни топиш қийин.

03.jpeg
XXI аср. Дамашқ, Сурия.

Аэропортдан келган хорижлик журналист Дамашқ бозорида бир нуронийдан сўради:

– Excisume, sir, do you know English? (Кечирасиз, жаноб, сиз инглиз тилини биласизми?)

– Нима? Одамга ўхшаб гапир, тилингни тушунмадим. Ажнабиймисан?

– Yes sir I from in Britain (Ҳа, жаноб мен британияликман)

– Эй, шўрликкина бола биз томонларда пишириб қўйибдими сенга, уруш бўляпти бизда уруш. Яхшиси, юртингга кет, тағин жувонмарг бўлмагин. Яратган Эгам, биз сенга нима ёмонлик қилгандик, нега бу урушни юбординг бошимизга?

04.jpg

Бугун Яқин Шарқда, Кичик Осиёда яшовчи аҳоли тунларини бедор ўтказмоқда. Улар шу кеча омон қолармиканмиз, боламни ҳоли не кечаркан, деган таҳликалар ичида яшаяпти. Тўғри-да, ватанида бўлаётган хунрезликлар минглаб ватандошларини нобуд қиляпти-ю, тинч ўтириб бўладими? Кеча яна 100 киши юртни ташлаб, Оврўпога кетди. Ироқнинг Мосулида яшовчи Хадича, ҳукумат қўшинлари келиб ИШИДчилардан қутқаришини кута-кута деразаси ёнида жон берди. Кучли портлашдан ларзага келган уйдан ҳеч вақо қолмади. Фақат уй эгаси танасидан узилиб, учиб кетган қўлгина нариги маҳалладан топилди. Бошидан оққан қонни кўриб йиғлаётган болакай бўлса, бу аччиқ қисматнинг бошланиши эканини ҳали англаб етгани йўқ...

05.jpg

Бундай қонли манзараларни нафақат араб дунёси мамлакатларида, шу билан бирга шимолий Африка давлатларида ҳар куни кузатиш мумкин. Баъзан хунрезликлар ҳатто “кўҳна қитъа”да ҳам содир бўляпти. Одамларни нобуд қилиб, шаҳару қишлоқларни вайрон қилаётган, бу орқали бутун бошли давлатларни парокандаликка учратаётган ўша террорчиларнинг муддаоси нима? Улар аслида кимлар, мақсадлари исломий давлат тузишми? Ахир нафақат исломда балки бирон-бир динда “бир-бирингизни ўлдиринг” дейилмаган-ку.

06.jpg
Қандаҳор, Афғонистон.

– Амаки, “тинчликпарвар кучлар”нинг киритилганига ҳам мана ўн йилдан ошди. Нега Ватанимизда ҳалигача уруш?

– Биласанми, Аҳмад сен ўн йилни гапирасан, бу лаънати урушни бошлаганимизга ҳадемай қирқ йил бўлади. Ишонавер, шу қирқ йилдан бери нималар бўлмади, аввал қабила бўлиб урушдик, тўймадик, миллат бўлиб урушдик тўймадик, ана ундан кейин ғаламисларнинг шарофати билан толибон деган балога дуч келдик. Энди бу ҳам камлик қилгандек, қандайдир Ироқ ва Шом номини олган бир тўда газандалар билан курашяпмиз, Бу урушнинг оxирини кўрмаяпман.

08.jpg

Карбало, Ироқ.

– ЙЎҚ, ЙЎҚ, буларнинг бари уйдирма. Халифалик тузиш, дунёни қўлга олиш нари борса мингдан ошмайдиган террорчиларнинг қўлидан келмайди.

– Унда нега бир нечта давлат уларга қарши курашиб, ҳеч нима қилолмаяпти, бобо,? – сўрайди кичкина Холид.

– Эй болам, биттаси у душманга, биттаси бу душманга қурол сотиб, чўнтак қаппайтиради-да, тағин уялмасдан, жангариларни йўқ қиляпмиз юртингиз озод бўлади дейди. Найранг, ҳа-ҳа, найрангдан бошқа нарса эмас, – дея соқолини ғижимлайди бобо.

– Мен сизга айтсам ота, набирангиз бу нарсаларни билишга ёшлик қилади. Унинг миясини кераксиз нарсалар билан тўлдирманг, шусиз ҳам лаънати уруш туфайли у мактабда эмас, қани, онангнинг олдига югур, – зарда билан дўқ уради ота.

Бола маъюс кўзларини пирпиратиб, онаси олдига чиқади.

07.jpg
– Энди гапнинг индаллосини айтадиган бўлсам, ота, дунё янгиланяпти.

– Бекор, бекор айтибсан янгиланаётган дунёмиш, дунёни янгилаб бўладими? Умуман гапингнинг тутуруғи йўқ. Бу жангариларнинг бари ўйлаб топилган. Улар қайсидир қуролфурушнинг ёлланма аскарлари агар билсанг.

СУКУТ...
09.jpg

– Нима бўлишидан қатъи назар, тинчлик бўлсин дунёда. Шунда ҳаммаси яхши бўлади, –дея кўзига ёш олади бобо.

Kарбалолик кекса кулол Мустафо Аллоҳдан ҳар куни ватанида тинчлик бўлишини, набирасининг мактабга боришини, ўғлининг иш жойи тикланишини сўрайди.

Дарҳақиқат, бугун дунёнинг катта қисмида одамлар таҳлика билан яшамоқда. Улар аллақандай ваҳший ҳайвонлардан эмас, ўз қавмдошларининг тиғидан қўрқиб умр ўтказмоқда. Айтишларича, Африка чангалзорларида қирғоқчилик пайти гўштхўр ҳайвонлар сув ичгани келган ўтхўрларга ҳужум қилмас экан. Бунинг рост ёки ёлғонлигининг аҳамияти йўқ. Зеро, энг мукаммал яратилган одамзодгина бир-бирига ҳужум қилмасин экан. Тилларимиз, дилларимиз, динларимиз бошқа-бошқадир. Лекин мақсадимиз битта, дунёда тинчлик бўлсин.


Акбаржон Абдураимов, журналист

ЎзА

    Бошқа янгиликлар