АсосийDunyo

Гувоҳ:"Царнаев 11 сентябрдаги террорчилик АҚШ ҳукумати томонидан амалга оширилганини айтганди"

Бостон марафонидаги террорчилик ҳаракатини амалга оширганликда айбланаётган Жоҳар Царнаев 2001 йилнинг 11 сентябридаги қўпорувчилик ҳаракатлари ташкилотчиси АҚШ ҳукумати эканлигини айтган. Бу ҳақда Бостон судида айбланувчининг ётоқхонадаги қўшниси Эндрю Двинеллс маълум қилди, деб ёзади ИТАР-ТАСС.  

У судда марафондаги террорчилик тергов ишига тўсқинлик қилишда айбланаётган қозоғистонлик талаба Азамат Тажаяков иши бўйича гувоҳлик бермоқда.

Двинеллснинг маълум қилишича, Царнаев кунларнинг бирида 11 сентябрдаги террорчилик ҳаракатлари ҳақида ҳужжатли фильм томоша қилган ва булар АҚШ ҳукумати томонидан амалга оширилган фитна натижаси эканлигини айтган.

Гувоҳ Царнаевнинг ҳеч қачон экстримистик қарашлар тўғрисида гапирмаганини ва уни террорчилик ҳаракати ташкилотчиси бўла оладиган шахс эмаслигини айтди.

Шунингдек, Двинеллс тергов ишига тўсқинлик қилишда айбланаётган Тажаяков Царнаев хонасидан фақатгина ўзига тегишли бўлган қулоқчинларини (наушник) олиб чиқиб кетганини тасдиқлади. 

Адвокатлар Тажаяков Царнаевнинг ичида пиротехника бўлган рюкзагини хонадан олиб чиқиб кетилишига алоқаси йўқлигини исботлашмоқчи. Ҳозирда ушбу иш юзасидан икки нафар қозоғистонлик талаба - Азамат Тажаяков ва Диас Кадирбаев айбланмоқда. Агарда улар айбдор деб топилса, 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Улар қўйилган айбловларни инкор этишмоқда. Суд Кадирбаев ишини жорий йилнинг сентябр ойидан бошлаб кўриб чиқади. 

    Бошқа янгиликлар