АсосийDunyo

Германияда жосусликда гумон қилинаётган иккинчи шахс пайдо бўлди

Германия полицияси ва бош прокуратураси жосусликда гумон қилинаётган иккинчи шахснинг компьютерлари ва хотира қурилмаларини мусодара қилди. Бу ҳақда британиянинг The Guardian газетаси хабар бермоқда.

ГФР бош прокуратураси берган маълумотларга кўра, “махфий резведка фаолиятига боғлиқликда” гумон қилинаётган мамлакат мудофаа вазирлиги ходимининг  хонасида тинтувлар ўтказилган. Аммо, гумондор шахс ҳозирча ҳибсга олинмади. У АҚШ махсус хизмат ходимлари билан бир неча бор учрашганлиги сабабли харбий контрразведка ходимлари эътиборига тушган.

Эслатиб ўтамиз, 2 июль куни Берлинда Германия фуқароси чет эл разведка хизмати учун жосуслик қилганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, у Германия федерал разведка хизмати ходими бўлган ва 2012 йилдан АҚШ фойдасига жосуслик қилган.  Айрим манбаларда ёзилишича,  жосус 218 мингга яқин махфий ҳужжатларни ўғирлаб, улардан бир қисмини 25 минг евро эвазига сотиб юборган. Шунингдек, айбланувчи Қўшма Штатларга телефон суҳбатлар кузатуви иши бўйича тергов маълумотларини етказиб турган.

    Бошқа янгиликлар