1

Тошкент аэропортида жаҳон чемпионлари тантанали кутиб олинди (фото)

СПОРТ 19.05.2018, 10:01
Тошкент аэропортида жаҳон чемпионлари тантанали кутиб олинди (фото)

Хабарингиз бор, футбол бўйича меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ёшлар бош мукофот соҳибига айлангандилар.

Бугун жаҳон чемпионлари жой олган самолёт заминимизга келиб қўнди. Чемпионларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда мамлакат футбол ассоциацияси мутасаддилари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди, деб хабар берди қўмита ахборот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, футболчиларимиз 10-16 май кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида мезбонларни 2:0 ҳисобида мағлуб этгандилар, сўнгра Покистон терма жамоаси билан 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чекилди. Чорак финалда йигитларимиз Непал терма жамоасидан 2:1 ҳисобида устун келишди. Ярим финалда эса Бурунди терма жамоаси 1:0 ҳисобида таслим этилди. Ҳал қилувчи учрашувда яна эски рақиб – Покистон терма жамоаси спортчиларимизга тўқнаш келди. Муросасиз кечган беллашувнинг асосий вақтида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса омад вакилларимизга кулиб боқди. Шу тариқа мусобақада биринчи марта иштирок этган ўзбек йигитлари бош мукофотга сазовор бўлишди.

Қайд этиб ўтиш лозим, мусобақада Россия, Англия, Бразилия, Белорусь, Қозоғистон, АҚШ, Тожикистон, Непал, Покистон каби 20дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этдилар.

Маълумот учун, бундай мусобақа 2010 йилдан буён катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати олдидан ташкил қилинади. Ушбу турнирга 2010 йилда ЖАРнинг Дурбан шаҳри мезбонлик қилган. 2014 йилги мусобақа эса Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган. Мана, 2018 йилга келиб мазкур жаҳон чемпионати Россиянинг Москва шаҳрида ташкил этилди ва унда ўзбек ўғлонлари жаҳон чемпионлигини тантана қилишди.

Анъанага кўра қаҳрамонлар учун махсус сайёҳлик автобуслари ажратилди. Улар автобусларда тантанали тарзда 23-сонли меҳрибонлик уйига йўл олишди. У ерда чемпионлар учун мамлакатимиз Президенти ва Ўзбекистон футбол Ассоциацияси томонидан турли совғалар тақдим этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1