30 май куни пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Чемпионлар юрт фаҳри» тадбири ташкил қилинди.
Ушбу тадбирда яқинда Москва шаҳрида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган ёш футболчилар, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Бош котиби Сардор Раҳматуллаев, Профессионал футбол лигаси директори Омон Ғофуров, шунингдек, Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицей ўқувчилари иштирок этишди.
Ёш чемпионларга Миллий олимпия қўмитаси совғалари – велосипедлар тақдим этилди, деб хабар берди қўмита матбуот хизмати.
Тақдирлаш маросимидан сўнг «Булбулча» болалар ашула ва рақс гуруҳи ўзининг чиқиши билан йиғилганларнинг кайфиятини ҳушнуд этди. Сўнгра тадбир иштирокчилари ёш чемпионларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожат қилишди.










