1

Кўкабулоқлик ўқитувчининг нобоп қилмиши ошкор этилди

ЖИНОЯТ 07.06.2018, 15:12
Кўкабулоқлик ўқитувчининг нобоп қилмиши ошкор этилди

Сурхондарё вилоятида “Қорадори-2018” тадбири ўтказилаётган пайтда вилоятда заҳри қотил парваришлаш ёки уни сотиб, мўмай даромад қилиш илинжида бўлган баъзи кимсаларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари аниқланди, деб ёзмоқда ЎзА.

Денов туманидаги Кўкабулоқ маҳалласида яшовчи, ишсиз Қайнар Сўфиев(исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг яшаш уйи ўтинхонаси орқа томони кўздан кечирилганда етти туп нам ҳолатдаги “наша” ўсимлиги ҳамда ўтинхонаси олд қисмидаги ғиштлар орасидан 9 дона оқ қоғозга ўралган 72,07 грамм “марихуана” гиёҳванд моддаси яширилгани аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Шу куни ички ишлар идоралари ходимлари холислар иштирокида мазкур маҳаллада яшовчи, умумтаълим мактаби ўқитувчиси Оромбой Бойбўсиновнинг узум боғини кўздан кечирди. Буни қарангки, ёшларга илм-фан, инсоф, диёнату ҳалолликдан сабоқ берадиган О.Бойбўсинов узумзорида 23 туп “наша” ўсимлигини парваришлаётган экан. Шундай қилиб, ички ишлар идоралари ходимлари улуғ номга доғ туширган кўкабулоқлик ўқитувчининг нобоп қилмишини ҳам фош этди.

– Вилоят ички ишлар бошқармаси ва Шўрчи тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда “Хайробод” маҳалласидаги “Олтин коса” ошхонасида “Ободон” маҳалласида яшовчи, уй бекаси Майнагул Қулматова кўкнори бошоғининг 37,57 грамм янчилган сомонини 2 миллион сўмга пуллаётганида қўлга тушиб қолди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Бу воқеадан сўнг унинг яшаш уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганида соф вазни 161,81 грамм “Опий” ва 1 килограмм 526 грамм кўкнори сомони борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилди. Шунингдек, Денов туманидаги Дўстлик маҳалласида яшовчи Санжар Тоғаевнинг томорқасида парваришланаётган 56 туп, шу тумандаги “Сунбула” маҳалласида яшовчи, ишсиз Ҳайдар Абдиев яшаш уйидаги олма боғида 67 туп кўкнор ва 5 туп “наша” ўсимлигини парваришлаб келаётгани маълум бўлди. Даштчинор маҳалласида яшовчи, 63 ёшдаги Аслан Авазов томорқаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 52 туп “Кўкнор” гиёҳвандлик ўсимлиги парваришланаётганига дуч келинди. Унинг яшаш уйи деворида осилган халтача ичида 0,22 грамм “Опий” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. Узун туманидаги Янги куч маҳалласида истиқомат қилувчи Шобир Шакаржоновнинг томорқасида етиштирилаётган икки туп “Наша” ўсимлиги ҳам “Қорадори – 2018” тадбирида аниқланиб, расмийлаштириб олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1