1

“Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва маданиятлар ўртасида мулоқотга йўл”. Халқаро анжумандан тўлиқ тафсилотлар...

МАДАНИЯТ 11.06.2018, 11:00
“Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва маданиятлар ўртасида мулоқотга йўл”. Халқаро анжумандан тўлиқ тафсилотлар...

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 6-8 июнь кунлари ўтказилган Иккинчи халқаро Конгресс ана шундай номланди.

Мазкур нуфузли анжуман мамлакатимизнинг бой ва бетакрор маданий меросини ўрганиш вадунё миқёсида кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди.


Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро анжуманга жуда катта ҳозирлик кўрилди. Унга дунёнинг 30 ортиқ мамлакатидан 200 нафарга яқин олим ва мутахассислар, йирик музей ва илмий марказлар мутсаддилари, оммавий ахборот воситалари таклиф этилди. Шаҳардаги бир қатор музейлар ва илмий муассасаларда Ўзбекистонга оид кўргазмалар ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.

5 июнь оқшомида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг анжуман иштирокчиларининг катта қисмини ўз бағрига олган ҳаво лайнери Санкт-Петербург шаҳарнинг “Пулково” аэропортига келиб қўнди. Делегация таркибидан Ўзбекистондан бир гуруҳ олимлар, йирик музейлар ва илмий муассасалар раҳбарлари, таниқли санъаткорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўрин олган.

Ниҳоят бизнинг вакилларимизжойлашган автобуслар иштирокчилар учун ажратилган меҳмонхона томон йўл олди. Шаҳарнинг равон кўчалари бўйлаб саф тортган кўркам иморатлар, йўл четидаги анвои гуллар, бир текис ҳаракатланаётган каттаю кичик машиналар, йўлакларни тўлдирган пиёдалар дунёнинг энг йирик шаҳарларига хос манзарани ифодалайди.Одатда,бизда ҳатто ёз чилласида ҳам кечки тўққиздан кейин бутун борлиққа қоронғилик чўкади. Бироқ, айни дамда, соат тунги 11Нева соҳилига хос “оқ тунлар” афсонавий шаҳарга ўзгача фусун бахш этган. Соат тунги ўн иккига яқинлашган бўлишига қарамай, Осмон худди шом кириши арафасидагидек қорамтир-кўкиш тусда. Уфқ бўйлаб зарҳал шафақ пойандоздек ёйилган.

Маданиятимиз тарғиботига оид кўргазмалар

Анжуманнинг илк куни Санкт-Петербургдаги Россия этнография музейи, Россия Миллий кутубхонаси, Давлат Дин тарихи музейи, Шарқ қўлёзмалари институти ва бошқа бир қатор илмий ва маданий муассасаларда Ўзбекистонга оид кўргазмаларнинг очилиши белгиланган эди.

Кун давомида конгрессга ташриф буюрган ўзбекистонлик ва хорижлик иштирокчилар ушбу маданият масканларида бўлиб, турли вазиятларга кўра, мазкур даргоҳларга келтирилган Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Анжуман доирасидаги илк тадбир – Россия Этнография музейида бўлиб ўтди. “Ўзбекистон бадиий текстиль дурдоналари” деб номланганкўргазмада мамлакатимизда XIX-XXасрларда яратилган тўқимачилик, зардўзлик, гиламчилик намуналари намойиш этилди.

– Музейимиз Россиядаги энг қадимий маданий муассасалардан бири ҳисобланади, – дейди Россия этнография музейи директори Владимир Грусман. – Музейга Ўзбекистон ҳудудидан этнография материалларининг келтирилиши юз йилдан кўпроқ тарихга эга.

Иштирокчилар музейга Ўзбекистондан олиб келинган тарихий матолар, кийим-кечаклар, гиламлар, уй-рўзғор буюмлари билан танишдилар. Чиндан ҳам кўргазмани томоша қилиш асносида Ватанимизнингбир аср аввалги тарихига тушиб қолгандек бўласиз. Кўргазмадан ўрин олган, миллий либослардаги манекенлар, интерьерлар, уй-рўзғор буюмари ўша давр муҳитини томошабин кўзолдида жонлантиради.

Кўргазмада намойиш этилган XIX аср охирларида Бухоро амирлигидан император саройига совға тариқасида юборилган улкан зардўзи парда, қимматбаҳо тақинчоқлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ҳазрат Навоийнинг нигоҳи тушган...

Мутахассисларнингайтишича, Иккинчи Жаҳон урушининг энг суронли йилларида, Санкт-Птеребург (аввалги Ленинград) даҳшатли қамал исканжасида қолган кунларда ҳам ертўлаларда Ҳазрат Навоийнинг 500 йиллиги нишонланган экан.Бугун ҳам шаҳарда осойишталик, барқарорлик ва фаровонлдик ҳукм сураётган Санкт-Петербургда улуғ шоиримиз даҳосига нисбатан улкан эҳтиромни сезишимиз мумкин. Шаҳарнинг қоқ марказида, машҳур Невский проспектида жойлашган Россий Миллий кутубхонаси дунёдаги энг катта ва бой кутубхоналардан саналади. Бу ерда буюк ўзбек шоири Ҳазрат Мир Алишер Навоий қаламига мансуб 25 та нодир қўлёзма сақланади. Улар орасида шоирнинг бевосита ҳаётлик даврида кўчирилган қўлёзмалар ҳам учрайди.

XV асрнинг 60 йилларида Навоийнинг шогирдлари томонидан кўчирилган “Илк девон” ҳам ана шундай бебаҳо дурдоналардан биридир. Маълумотларга кўра, маълум муддат бу қўлёзма Эрондаги Қожорлар сулоласи кутубхонасида сақланган. 1828 йил фервль ойида Теҳронда Россия элчиси, дипломат-адиб Александр Грибоедов ўлдирилгач, Фатҳалишоҳ элчининг хуни эвазига кўплаб қимматбаҳо совғалар қаторида ушбу китобни ҳам қўшиб жўнатган, шу тариқа икки ўртада бошланиши муқаррар бўлиб турган урушнинг олди олинган экан.

Айни пайтга қадар Шарқ қўлёзмалари институтидамазкур китоб Ҳазрат Навоийнинг бошқа ўнлаб асарлари қаторида муносиб сақлаб келинмоқда. Конгресс доирасида мазкур кутубхонада “Алишер Навоий асарлари XV-XIX асрлар қўлёзмаларида” номли кўргазма ташкил этилди. Унда кутубхона фондида сақланаётган ўнлаб нодир қўлёзмалар намойиш этилди. Музей ходимлари бу қўлёзмаларнинг музейга келиб тушиши тарихи ҳақида меҳмонларга сўзлаб беришди.

Ўзбекона бағри кенликнинг яна бир исботи

Ўзбекистон азалдан турли динлар, тамаддунлар туташган ҳудудда жойлашган. Ватанимиз ҳудудидан буддавийлик, зардўштилий, насронийлик сингари динларга оид тарихий ёдгорлик топилгани ҳам бундан дарак беради.


Санкт-Петербургдаги Дин тарихий Давлат музейи дунё динлари тарихини ўрганишдаги муҳим илмий муассасалардан ҳисобланади. Унда Ўзбекистондан бориб қолган кўплаб диний манбалар, ибодат анжомлари, ҳужжатлар, уй-рўзғор буюмлари, фотосуратлар сақланмоқда.

Конгрессдоирасида “Ўзбекистон – маданиятлар чорраҳасида” номли кўргазма ташкил этилди. Музей ходимларининг таъкидлашича ўтган асрнинг 60-йилларида Сурхондарё вилояти ҳудудидан топилган Будда ҳайкалчасининг бош қисмиушбу музейнинг энг нодир артефактларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистондан ҳудудидан келтирилган бир қатор Қуръони карим нусхалари, жойнамозлар, таҳорат олиш учун ишлатиладиган обдаста ва дастшулар халқимизнинг асрлар давомида руҳиятига турмуш тарзига сингиб кетган исломий анъаналардан хабар беради. Ўтган асрга оид кўплаб фотосуратларда юртимиз мусулмонларининг ҳаёти, муҳим диний тадбирлар ўз аксини топган.

Шунингдек, кўргазмада Самарқанддан келтирилган, яҳудий келин-куёв ўртасида икки аср муқаддам тузилган никоҳ шартномаси ҳам азалдан юртимизда диний бағрикенглик ҳукм сурганини кўрсатади.

Кўргазмада намойиш қилинган ноёб экспонатлардан яна бири Бухоро амири Саид Абдулаҳадхонга тегишли зардўзи чопондир. Ушбу чопон Россияга қандай келиб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо, бухоролик зардўзларнинг меҳнати ва маҳорати эвазига тикилган бу бебаҳо либос музейдаги энгноёб экспонатлардан бири сифатида тан олинади.

Ғарб ардоғидаги Шарқ кўргазмалари

Россиянинг Санкт Петербруг шаҳрида, асов Нева дарёси соҳилида Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти жойлашган. Бу даргоҳда Ўзбекистондан келтирилган ёхуд ўзбек халқининг бой маданий меросига тааллуқли ўнлаб бебаҳо қўлёзмалари сақланади. Улардан бири милодий VIII асрда араб алифбсининг кўфий-ҳижозий хатида кўчирилган Қуръони карим нусхасидир.

Маълумотларга кўра, бу қўлёзмабир пайтлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида, Ишқия тариқати шайхлари хонақоҳида сақлангани боис илмий жамоатчилик орасида “Катта Лангар Қуръони” номини олган. Китобнинг катта қисми – 81 саҳифаси қандай қилиб Россияга бориб қолгани ҳақида ҳам турли-туман тахминлар мавжуд. У Шарқ қўлёмалари институтига ўтган асрнинг 30-йиллари охирида келтирилган.

Кейинги йилларда бир қатор олимларнинг илмий излаишлари, замонавий текширувлар натижасида Ўзбекистон ва Россияда сақланаётган саҳифалар айнан битта қўлёзманинг таркибий қисмлари экани, улар чиндан ҳам бундан 13 аср муқаддам кўчирилганианиқланди. Мутахассислар фикрича, у Қуръони каримнинг Ислом оламидаги энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири ҳисобланади.

– Ўзбекистонга оид қўлёзмаларни ҳақиқий маънода институтимизнинг фахри деб айта оламиз, – дейди Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директор Ирина Попова. –Бизнинг институтимиз эшиклари ўзбекистонлик меҳмонлар, тадқиқотчилар, олимлар учун ҳамиша очиқ. Сиз билан ҳамкорлик қилишдан ҳамиша мамнуният ҳиссини туямиз.

Бу илмий даргоҳда“Шарқ қўлёзмалари институтида Шарқ китобат санъатининг нодир дурдоналари” номли кўргазма ҳам ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларига “Катта Лангар Қуръони”нинг асл нусхаси саҳифалари, Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”,Алишер Навоийнинг “Кулллиёти”,“Лисонут-тайр”, “Вақфия” сингари асарлари, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон сингари шаҳарларимизда яратилган китобат санъатининг нодир намуналари намойиш этилди.

Дунё олимларини жамлаган анжуман

7 июнь куни Россия Фанлар академиясининг Максим Горький номидаги Олимлар уйида “Ўзбекистон маданий мероси халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси ўз ишин бошлади.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова, мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухторэлчиси Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори Роиқ Баҳодиров, ЮНЕСКОнинг Марказий Осиёдаги кластер бюроси раҳбари Криста Пиккат ва бошқалар Ўзбекистоннинг маданий меросини тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар хусусида тўхталиб ўтишди.

— Ўзбекистон маданий меросининг нодир дурдонларини бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида учратииш мумкин, – дейди Ўзбекистон РеспубликасинингРоссия Федерациясидаги фавқулодда ва мухторэлчиси Баҳром Ашрафхонов. – Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан халқимизнинг бой ва бетакрор маданиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга жуда катта аҳамият қаратилмоқда. Бугунгиконгресснинг мақсади ҳам ана шу эзгу мақсадга йўналтирилган. Анжуманайнан шу гўзал шаҳарда ўтказилаётгани бежиз эмас.Санкт-Петербургни Россиянинг маданий пойтахти дейишади. Қолаверса, бу шаҳар дунё шарқшунослик илмининг марказлариддан биридир. Бугунги кунда шаҳар музейлари, кутубхоналари ва илмий муассасаларида Ўзбекистонга оид бўлган минглаб нодир экспонатлар, қўлёзмалар сақланмоқда. Уларнинг ҳали қанчаси ўрганилмаган, кенг жамоатчиликка маълум қилинмаган. Бугунги анжуман ана шу меросни янада кенгроқ тарғиб этиш, уни чуқурроқ англаш имконини беради.

Хорижлик олимлар нигоҳида

Мазкур анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан келган бир қатор олимларнинг “Маданий меросни сақлаш, ўрганиш ва оммалаштиришнинг долзарб йўлари умумжаҳон муоммаси сифатида: Ўзбекистон таржрибаси”, “Буюк ипак йўли марказида Шарқ ва Ғарб маданий анъаналарининг ўзаро таъсири”, “Инсонпарвар ва маърифий Ислом Ўзбпекистон маданий меросида”, “Амалий безакли санъат: турмуш, эътиқод ва гўзаллик уйғунлиги”, “Мовароуннаҳр китобат санъати” сингари йўналишлар бўйича қизиқарли, ранг-баранг маърузалари тингланди.

Маърузачилар ўз чиқишларида дунёнинг турли ҳудудларида сақланаётган ўзбек маданиятининг бебаҳо дурдоналари, уларнинг тарихи, ўрганилиши, ўзига хос жиҳатлари тўғрисида қимматли маълумотлар беришди.

— Мен бир неча йиллардан буён Лувр музейида ишлаб келаман, – дейдиЛувр музейи ислом санъати департаменти экс-директори ФрэнсисРишар,–Ушбу тадбирга Франциянинг Лувр музейида сақланаётган Моварауннаҳр гиламчилик санъати намуналари ва Франция миллий кутубхонасидаги ўзбек маданиятига тегишли қўлёзмалар ҳақидаги маърузам билан иштирок этдим.Дарҳақиқат, Францияда ўзбек маданиятига тегишли кўплаб ёдгорликлар мавжуд. Уларнинг салмоқли қисми француз қироли Людовик XIV ҳукмронлиги даврида Истанбулдан келтирилган. Улар орасида эски ўзбек тилида, уйғур ва араб алифбосида “Меърожнома” диний-фалсафий китобини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Бу китоб ўз вақтида нафақат Францияда балки бутун Европада жудамашҳур бўлган.


– Ўзбекистоннинг Япониядаги маданий мероси дурдоналарига бағишланган китоб-альбом устидаги ишларимизни тугатиш арафасидамиз, – дейди Япониянинг Сигараки шаҳридаги Михо музейи махсус илмий ходими Сергей Лаптев. – Биз мазкур альбомни яратиш жараёнидан Япониянинг ўнта музейидаги экспонатларни ўрганиб чиқдик. Кунчиқар ўлкада сақланаётган Ўзбекистонга энг қадимийартефактлар VIII асрга бориб тақалади. Бу нодир топилмалар айни пайтда император саройида сақланади ва япон халқининг миллий хазинасидан ўрин олган. Бу мисоллар Япония ва Ўзбекистон орасидаги маданий алоқалар жуда узоқ ўтмишга бориб тақалашини исботлайди.

Анжуманда “Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламдарида” туркумидан чоп этилган “Ўзбекистон маданий мероси Давлат дин тарихи музейида”, “Ўзбекистон гиламчилиги: асрларга тенгдош анъаналар”,“Ўзбекистон маданий мероси– Ўзбекистон Давлат Санъат музейи тўпламларида”, “Ўзбекистон маданий мероси – Германия музейларида” китоб-альбомларининг ҳамда ушбу мавзуда суратга олинган ҳужжатли фильмларнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Айни пайтга қадар “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидан ўнта китоб чоп этилди. Яна бешта китоб-альбом чоп этилиш арафасида.

– Буюк ўзбек шоири Эркин Воҳидов “Тарихигдир минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим” деганида нақадар ҳақ эди, – дейди Туркиядаги “Мега басин” нашриёт уйининг бош директори Селим Конду. – Чиндан ўзбек халқининг маданий мерои туркий халқлар орасида ўзининг ноёб ва бетакрорлиги билан ажралиб туради. Бу улкан хазинанинг дунё миқёсидаги тарғиботида ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз.

Эрмитажнинг нодир дурдоналари

8 июнь куни “Ўзбекистон маданий мероси Давлат эрмитажи тўпламларида” китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилди. Шу билан бирга олим ва мутахассисларнинг ушбу нуфузли музейда сақланаётган Ўзбекистонга оид экспонатлар ҳақидаги маърузалари тингланди.

– Санкт-Петербург Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда катта аҳамияга эга, - дейди Давлат Эрмитажи директори Михаил Пиотровский. – Ўйлайманки, Ўзбекистон маданий меросини тарғиб этишда Эрмитажнинг ўз ўрни бор. Биз келгусида турли мамлакатларда Эрмитаж кунларини ўтказиш, музей ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Эҳтимол, Ўзбекистонда ҳам шундай тадбирларни ўтказиш вақти келгандир.

Анжуман доирасида иштирокчилар Давлат Эрмитажининг шаҳар ташқарисидаги “Старая деревня” реставрация ва муҳофаза марказида сақланаётган энг нодир буюмлар, жумадан Ўзбекистон маданий меросига оид дурдоналар билан танишдилар. Таъкидлаш жоизки, бу марказ алоҳида давлат муҳофазасидаги объект бўлиб, у ерга кириш фақат олий мартабали меҳмонларгакамдан-кам ҳолларда рухсат этилади.

35 минг квадрта-метр майдонни эгаллаган ушбу марказда минглаб экспонатлар орасидаорасида Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан Россия императориАлександр III га совға қилинган чодир алоҳида экспозиция сифатида жойлаштирилган.

Ушбу ғайриоддий, ёрқин, гўзал “тўқимасарой” 100 метр квадрат майдонни эгаллайди. Ипак ва бахмалдан тикилган бучодир бир нечта бўлмалардан иборат бўлиб, у Абдулахадхоннинг Петербургга 1893 йил 4 январдаги ташрифи чоғида императорга туҳфа қилинган.

Шу билан бирга бу марказда Ўзбекистон ҳудудидан олиб келинган кўплаб кийим-кечаклар, кашталар, уй-рўзғор буюмлари, қимматбаҳо ашёларни делегация аъзолари катта қизиқиш билан томоша қилишди.

Бухоро амиридан яна бирунутилмас хотира

Санкт-Петербургнинг Кронверк проспектида, Приморский метро бекати яқинида жойлашган, мовий гумбазлари ва миноралари Самарқанду Бухородаги тарихий обидаларни ёдга солувчи обидани кўрган ҳар бир ўзбекистонлик меҳмон беихтиёр ҳайратга тушади.

Бу шарқона услубдаги гўзал бино 2008 йилгача Санкт-Петербургдаги ягона, дунёнинг энг шимолий нуқтадаги масжиди деб қаралган. Янада ҳайратланарлиси, бу гумбаз Самарқанддаги Амир Темур мақбарасининг гумбази билан деярли бир хил.


Тарихий манбаларга кўра,Петербург билан яхши муносабатлар ўрнатган Бухоро амири Саид Абдулаҳадхоншаҳар мусулмонларининг узоқ йиллик орзуси – жоме масжиди қурилишига ўзининг муносиб улушини қўшган, ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратган.1910 йил 3 февралда шахсан Амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилган. Аммо, Абдулаҳадхон ўша йили дунёдан ўтади. Масжид эса1913 йилнинг 22 февралида масжид тантанали очилади. Унда отасининг ўрнига тахтга ўтирган ҳукмдор, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон билан бирга Хива хони Асфандиёрхон ҳам иштирок этган.

Конгресс доирасидаги ҳаяжонли тадбирлардан бири иштирокчиларнинг мазкуржоме масжидига ташрифи бўлди. Меҳмонларни Санкт-Петербург ва Россиянинг шимоли-ғарбий ҳудуди мусулмонлари идораси раиси, мазкур масжиднинг имом хатиби Равил ҳазрат Панчеев кутиб олди. Мазкур масжиднинг яратилиши тарихи ҳақида ҳикоя қилиб берди.

— Ўзбекистон мен учун жуда азиз ва мукаррам замин, – деди Равил ҳазрат Панчеев. — Чунки бу қадим юртда динимиз ривожи учун хизмат қилган жуда кўп буюк зотлар, олиму алломалар етишиб чиққан. Марҳум отам, Россияниг машҳур уламоларидан бўлган Жаъфар ҳазрат Панчеев аввал Бухородаги Мир Араб мадрасасида, кейин Тошкент ислом университетида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Билан бирга таҳсил олган. Ҳар гал Ўзбекистонга борсам, у ердан аллақандай илоҳий куч-қудрат, нур, илҳом олиб қайтаман.

Ҳазратнинг айтишича, жоме ўз бағрига 3500 дан ортиқ намозхонни сиғдира олади. Аммо жума ва ҳайит намозларида масжиднинг ҳовлиси тугул, унинг атрофи ҳам намозхонлар билан тўлиб кетади. Масжидга келувчиларнинг этник таркибида ўзбеклар биринчи ўринда туради. Шу боис бўлса керак, ҳазрат салтатарча талаффузда,ўзбек тилида равон гапира оларкан.

Ташриф асносида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов VIII асрга мансуб “Катта Лангар Қуръони”нинг замонавий полиграфия услубида чиқарилган факсимиле нусхаси ва “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидан чиқарилган китоб альбомларни жомеъ-масжидига топширди.

Таассуротлар бир олам

Ушбу анжуман унга таклиф этилган ўзбекистонлик олимлар, мутахассислар, йирик музейлар раҳбарлари учун ҳам жуда қизиқарли, самарали ва эсда қоларди кечди.

– Россияда мамлакатимизга оид жуда катта миқдордаги тарихий экспонатлар, маданият дурдоналари, ноёб қўлёзмалар сақланмоқда, – дейди Ўзбекистонга оид хориждаги маданий ёдгорликларни тадқиқ этиш маркази директори, фалсафа фанлари доктори Роиқ Баҳодиров. – Биз айни пайтда бу мамлакатдаги музейлар, илмий муассасалар билан илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида фаол иш олиб бормоқдамиз. Муҳими россиялик ҳамкорларимиз бизнинг бу борадаги таклифларимизни мамнуният билан қабул қилишмоқда. Мазкур халқаро анжуман ана шу ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб беришига ишонамиз.

– Икки йилдан бери “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” халқаро кнгрессида иштирок этиб келяпман, - дейди И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музйи директори Гулбаҳор Изентаева. – Лойиҳа оирасида бизнинг музйимизг ағишланган китоб-альбом ҳам чоп этилди. Ўйлайманки, бундай илмий анжуманлар биз, музей ходимларифаолиятида ҳам жуда катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди. Дунёнинг йирик музейлари вакиллари билан учрашамиз, улар билан тажриба алмашамиз.

Ўзбекистон Президентига мурожаатнома

8 куни конгресснинг тантанали ёпилиш маросими ўтказилди. Мазкур маросимда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган олимлар “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва маданиятлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси резолюциясини имзоладилар.

Шу куни конгресснинг махсус қарори билан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти таъсис этилди. “Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” лойиҳаси раҳбари Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси раисиФирдавс Абдухолиқов Бошқарув раиси этибсайланди.

Турли мамлакатлардан келган олим ва тадқиқотчилар Ўзбекистон тарихи ва маданиятининг глобал виртуал тўпламини яратиш бўйича сай-ҳаракатларни қўллаб қувватлашга тайёрлигини билдиришди.

– Аждодларимиз яратиб қолдирган бой маданий меросни чуқур ўрганиш, ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бу меросни жаҳон миқёсида тарғиб этиш орқали биз буюк боболаримиз руҳи олдидаги бурчимизни маълум маънода бажарган бўлсак, ўзимизни бениҳоя бахтиёр ҳис этамиз, – дейди Фирдавс Абдухолиқов. – Уч кун давломида ўтганбу конгресс жаҳон аҳлининг маданий меросимизга бўлган қизиқишини яна бир карра исботлади. Биз буйўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам фаол, астойдилдавом эттирамиз.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, ҳимоя қилиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзолари анжуман якунига кўра, Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ хат билан мурожаат қилишди. Унда олимлар Ўзбекистонда маданий ёдгорлик, асрий қадриятларни сақлашга қаратаётган улкан эътибори учун, бу йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаётгани учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдиришди.

“Ҳурматли Жаноб Президент, Санкт-Петербургдаги иккинчи халқаро конгресс давомида биз Ўзбекистондаги туб ислоҳотлар ва фундаментал фан ва маданиятни ривожлантириш йўлидаги сиз олиб бораётган ишларнинг янги натижалари билан танишиш имкониятига эга бўлдик, – дейилади ушбу мурожаатномада – Айниқса, биз ўзбек халқининг бой маданий меросини сақлаб қолишга ва бу орқали бутунжаҳон цвилизациясига ҳисса қўшишга қаратилган сизнинг саъй-ҳаракатларингиз алоҳида эътироф ва эҳтиромга лойиқ.Санкт-Петербургда ўтказилган халқаро конгресс Ўзбекистоннинг маданий мерсоини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти тузилиши билан янада самарали бўлди. Ишонамизки, Ўзбекистон тарихи ва маданияти йўлида барчани бирлаштирадиганбундай халқаро ташкилотнинг ташкил этилиши сизнинг қадимий Ўзбекистон маданий меросини келажакда оммалаштириш йўлидаги сермашаққат саъй-ҳаракатларингизга ишончли кўмакчи бўла олади”.

Албатта, уч кун ичида, халқаро конгресс доирасида ўтказилган тадбирлар, билдирилган фикр-мулоҳазалар, олинган бой таассуротларни бир неча саҳифада муфассал баён этишнинг иложи йўқ.


Конгресс доирасида Нева дарёси бўйлаб кемалардаги кечки сайр, ўзбек миллий таомлари ва ўзбекона меҳмондўстликни ўз ичига олган қабул маросими, ўзбек санъат усталарининг концерт дастури, хусусан, Ўзбекисон халқ артисли Фаррух Зокиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Тоир Қўзиев, Ҳосила Раҳимова ижросидаги далбар куй-қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.

9 июнь куни эрта тонгда Ўзбекистондан борган делегация аъзолари юртимизга қайтиб келишди.

Рустам Жабборов,

Тошкент–Санкт-Петербург– Тошкент

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1