АсосийJamiyat

8 ҳунарманд қизга имтиёзли кредит берилди

'8 ҳунарманд қизга имтиёзли кредит берилди'ning rasmi

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида "Ҳунарманд уюшмаси кунлари" тадбири доирасида бепул ўқув курслари ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" ва 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари ижроси доирасида “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ташкил этилган ўқувлардан аҳоли мамнун. 2 ой давом этган машғулотларда 30 нафар ишсиз хотин-қиз оддий металлдан миллий услубда тақинчоқ ва эсдалик буюмлари ясаш сирларини ўрганди.

– Ҳунаринг бўлгани яхши-да, – дейди ҳунарманд М.Мирқаюмова. – Бу иш соғлом бўлишингни кафолатлайди. Яна оилага қўшимча даромад келтиради. Шуларни ўйлаб, ҳунари бор аёлларга ҳавасим келарди, улардек бўлишни орзу қилардим. Минг шукр, орзуим амалга ошди.

7.JPG

Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган хотин-қизларга махсус сертификат берилди. 8 нафарига тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ажратилди.

– Ўқув курсларига қатнашиб ҳам ҳунарли бўлдим, ҳам тадбиркорлигимни бошлаш имконияти туғилди, – дейди Г.Йўлдошева. – Имтиёзли кредит беришди. Бозорларда миллий услубдаги тақинчоқларга талаб кўплиги боис, ушбу кредит билан шу йўналишда тадбиркорликни бошлайман. Фаолиятимни кенгайтириб, маҳалламиз қизларига ҳам ушбу ҳунар сирларини ўргатишни мақсад қилдим.

Ўқув курси якунида битирувчиларнинг ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди.

    Бошқа янгиликлар