1

Жиноят иши: Бир инсон умри икки юз долларми?

ЖИНОЯТ 22.06.2018, 10:15
Жиноят иши: Бир инсон умри икки юз долларми?

Бекзод (исм-шарифлар ўзгартирилган) поччаси хорижга ишлаш учун кетгани боис Янгиер шаҳрида, опасининг уйида яшаб, шу ердан ўзи ўқийдиган Гулистон Давлат университетига қатнаб ўқий бошлади. Талабалик “олтин давр” ҳисоблангани билан унинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Бекзод ҳам бошқа ўртоқлари каби яхши кийинишни, катта-катта пул сарфлаб, ўйин-кулги қилишни истарди. Бироқ у пул топиш учун ҳалол меҳнат қилиш, пешана тери орқали топилган пулгина одамга буюришини унутганди...

Жасур Бекзоднинг курсдоши бўлиб, у ўзига тўқ оиланинг фарзанди эди. Унинг ёнида ҳар доим пул бўлишини билган Бекзод ундан шахсий эҳтиёжлари учун қарзга пул сўради.

– Ўртоқ, менга 400 минг қарз бериб тур, мош экканман, Худо хоҳласа, ҳосилни йиғиб олсам, олдинги қарзларинг билан бирга ҳаммасини битта қилиб узаман, – деди Бекзод.

Жасур узоқ ўйлаб ўтирмай, ёнидан пул чиқариб курсдошига узатди:

– Мана, Бекзод, ҳаммаси бўлиб қарзинг 200 доллар бўлди, қўлингга пул тушиши билан қайтарарсан. Ўзинг биласан, буёғи талабачилик... Пул ҳар доим керак бўлади.

Шу билан орадан ойлар ўтса-да, Бекзод пулни қайтаришнинг иложини тополмади. Жасур пулдан гап очиши ҳамон гапни бошқа томонга бурар, турли хил баҳоналар ўйлаб топарди. У Жасурни узоқ вақт алдай олмаслигини билиб, қабиҳ режа тузди...

Бекзоднинг опаси Виктория Александровна деган ёлғиз аёл билан ён-ёнма қўшни эди. Аёлнинг якка-ю ягона қизи Анна Тошкент шаҳрида яшар, ҳар доим ҳам онасидан хабар ололмасди. Виктория Александровна Бекзодга яхши муомала қилар, бирор юмуши бўлса, ундан ёрдам сўрарди. Аёлнинг уйига бир неча маротаба кириб-чиққан Бекзод унинг иқтисодий томондан қийналмаслигини, улардан кўра яхшироқ яшашини билиб олди. Ёлғиз аёлнинг уйини, нима қаерда туришини яхши ўрганган Бекзод қўшнини тунашга қарор қилди.

Ўша куни кечаси билан мижжа қоқмади, опаси ва жиянлари уйқуга кетгач, тунгги соат учда секин ташқарига чиқди. Атрофга аланглаганча, писибгина Виктория Алексадровнанинг уйи деразаси ёнига бориб, эҳтиёткорлик билан ичкарига мўралади. Тиқ этган товуш эшитилмади. Деразани итариб кўрди – очилмади. Шундан кейин ойнани секин-секин чертиб кўрди. Уйқусираб ойна олдига келган аёл Бекзодни кўриб, ҳеч нарсадан шубҳаланмай, деразани очди.

– Ҳа, Бекзод, бемаҳалда нима қилиб юрибсан? – деб сўради аёл.

– Сизда ишим бор эди, – деди Бекзод ҳовлиққанча.

– Ҳозир эшикни очаман...

– Йўқ, эшикни очиб овора бўлманг, ярим кечаси қўшнилар безовта бўлади. Шу ердан кириб қўя қоламан.

У қўлида олдиндан тайёрлаб қўйган 0,5 метрли трубани орқасига яширганча, аёлнинг ортидан эргашиб, меҳмонхона томон йўл олди. Диванга ўтирган аёлнинг кўзи Бекзоднинг қўлидаги темирга тушди.

– Ярим кечаси нимага темир матоҳни кўтариб юрибсан? – деб сўради аёл ҳайрон бўлиб.

Бекзод унга жавоб беришни истамай, зарб билан аёлнинг бошига урди. Зарбанинг кучидан аёл илдизига болта урилган дарахтдек гурсиллаб полга қулади ва ваҳимали тарзда хириллай бошлади. Бекзод қўшнилар эшитиб қолишидан қўрқиб, унинг овозини ўчириш мақсадида яна бир зарба берди. Аёл энди олдингидан-да баландроқ товушда хириллай бошлади. Саросимага тушиб қолган йигит ошхона томонга югурди ва стол устида турган пичоқни олиб, аёлнинг кўкрагига қайта-қайта санчди. Шундан кейин аёл тинчиб қолди.

Аёл мурдасига бефарқ кўз ташлаган Бекзод стол устида турган иккита уяли алоқа телефонини чўнтагига жойлаганча, секин хоналарни кўздан кечирди. Дивандаги ёстиқни кўтарганда, тагида пул турганини кўрди. Уни ҳам чўнтакка урганча, яна деразадан чиқиб, воқеа жойидан жуфтакни ростлади.

Бекзод уй орқасидаги болалар боғчаси ёнидан ўтиб кетаётган вақтида чўнтагидаги оқ рангли телефонга смс-хабар келиб, уни чўчитиб юборди. Қўрққанидан телефонни боғча томонга отиб юборди. Йўлида давом этаркан, аксига олгандай, канал бўйида хизмат кийимидаги ИИБ ходимини кўрди. Шу заҳоти автомашиналар йўлидан орқасига қайтиб, бетон ариқ устидан пиёдалар йўлагига сакраб ўтди. Қўлидаги пичоқни, трубани ва телефоннинг ичидаги сим картани олиб каналга улоқтирди. Шундан кейин ҳеч нима бўлмагандек уйга қайтиб, уйқуга кетди.

Эртаси куни пулларни санаб кўрди – уч юз минг сўм экан экан. Телефонни, пулни сумкасига жойлаб, ўқишга отланди. Танаффусда қотиллик эвазига қўлга киритган ўлжасини қарзи эвазига Жасурнинг қўлига тутқазди.

– Жасур, узр, қарзингни вақтида қайтаролмадим. Манави “Samsung galaxy note 3”, акамнинг телефони, анчагина қиммат туради, буниси уч юз минг сўм пул, шуларни қарзимнинг эвазига ола қол...

Ҳеч нимадан хабари йўқ, уяли алоқа воситаси арзимаган пул учун ўлдирилган аёлнинг телефони эканлиги хаёлига ҳам келмаган Жасур қарзи қайтарилганига хурсанд бўлиб, Бекзод берган нарсаларни жон деб қабул қилди.

Виктория Александровнанинг қизи Анна нимагадир ўша куни тушида онасини кўриб, кўнгли ғаш бўлиб уйғонди. “Ўлсин шу тирикчилигиям, иш билан бўлиб, ўзимнинг туққан онамдан ҳам хабар ололмай қолдим...” деб ўйлади. Онасининг телефон рақамларини терди, бироқ “Телефон ўчирилган” деган овоз келди. Қайта-қайта онасининг рақамини терди, аммо фойдаси бўлмади. Шундан кейин қўшнилари – Карима опага қўнғироқ қилди.

– Карима опа, онамга қайта-қайта қўнғироқ қилиб тушолмаяпман, илтимос, чиқиб, хабар олинг. Агар уйда бўлсалар, телефонларини ёқсин, – деб илтимос қилди.

Қўшнисидан хабар олгани чиққан Қарима опа унинг эшиги ёпиқлигини кўрди, тақиллатиб, чақирганлигига қарамай, ҳеч қандай садо бўлмади. Шундан кейин Аннага қўнғироқ қилиб, Виктория Александровнанинг уйда йўқлигини, бироз кутиш лозимлигини, балки бирор жойга чиққан бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Орадан икки кун ўтди. Аннанинг қўнғироқлари жавобсиз қолаверди. Хавотири икки баробар ошган Анна яна Карима опага сим қоқиб, уларга онаси берган калит билан эшикни очишни илтимос қилди. Бироқ эшикни очишга ҳаракат қилган Карима опа ичкаридан қулфланганини билди. Шундан кейин хавотирга тушиб, турмуш ўртоғига қўнғироқ қилди. Рафиқасининг қўнғироғидан кейин бирпасда етиб келган Даврон ака дераза орқали уйга кирди ва ерда қонга беланиб ётган аёл мурдасини кўриб, даҳшатга тушди...

Ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларига жиноятни очиш қийинчилик туғдирмади, бинобарин, Бекзоднинг “ялламаёрим” қилиб юриши ҳам узоққа чўзилмади. Ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида Бекзод Жўраев қўлга олинди. Б. Жўраев тергов жараёнида марҳума уни шаҳвоний яқинликка даъват этгани, тинч қўймагани боис ўлдиргани ҳақида важ-карсонлар келтириб, ўзини оқламоққа уринди.

Аммо суд Бекзод Жўраев аёлнинг мулкини талон-тарож қилиш мақсадида уйига кириб, уни шафқатсизларча ўлдирганини ҳисобга олди ва қонун ўта шафқатсизлик тушунчасини одам ўлдириш усули билангина эмас, балки айбдор томонидан ўта шафқатсизлик намоён этилганидан далолат берувчи бошқа ҳолатлар билан ҳам боғлади. Ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш усулларига, жумладан, ҳаётдан маҳрум этишдан олдин ёки қотиллик содир этиш жараёнида жабрланувчини қийноққа солиш ёхуд унга қаттиқ азоб етказиш билан боғлиқ ҳолларни ҳам инобатга олиб, баданга кўплаб шикаст етказиш орқали одам ўлдириш, фақат айбдорнинг буни жабрланувчига қаттиқ азоб-уқубат етказишга қаратилган ўта шафқатсизлиги кўриниши деб баҳолади.

Бекзод Жўраев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисмининг “ж”, “и”бандлари ва 164-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан айбдор деб топди ва узил-кесил ўташ учун ўн беш йилу олти ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Хўш, шу ўринда савол туғилади: ҳали ҳаётнинг ўнқир-чўнғир сўқмоқларини билмаган, танлаш имкони турганда оқ ва қорани фарқлай олмаган йигитнинг қилмиши учун бир ўзи айбдорми? Наҳот бир инсоннинг умри бор-йўғи арзимаган икки юз доллар билан баҳоланса? Жиноятга қўл урган Бекзод ўз айбини ич-ичидан ҳис этиб, қайта тарбияланса-ку, тавбасига таянса, хўп-хўп, аммо жиноятнинг узун йўлини ўзига ҳаёт йўли деб белгилаб олса-чи? Кишини мана шу жиҳати ўйлантиради.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят

судининг судьяси Бобоев Бурҳон

Лола Шоимова, журналист.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1