АсосийJamiyat

Фарғонадаги мактаблардан бирида ноқонуний қурилган товуқ катаклари ва охурлар бузиб ташланди (фото)

'Фарғонадаги мактаблардан бирида ноқонуний қурилган товуқ катаклари ва охурлар бузиб ташланди (фото)'ning rasmi

Шу кунларда Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги маҳалларда уйма-уй юриб, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганмоқда, аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган оғриқли муаммоларни аниқлаб, имкон қадар жойида ҳал қилишга ҳаракат қилаяпти.

Жумладан, мазкур туманнинг “Кўприкбоши” маҳалласи ҳудудидаги 18-мактаб фаолияти эътиборимизни тортди. 1987 йилда қурилган мактаб 700 та ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 841 нафар бола икки сменада таҳсил олмоқда. Бироқ 2008 йили бир маротаба жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган, холос.

7df8297e-b1ec-4e6b-9c6f-a35aeb4a784a.jpg

Ўрганишлар чоғида мактаб ташқи деворлари таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, бир қисми темир панжара билан ўралган бўлса-да, бир қисми ғишт ва пахса билан кўтарилгани, 100 метрдан ортиқ жой эса нураб тушгани ёки деворлари умуман мавжуд эмаслиги аниқланди. Натижада ҳудудга орқа томондан истагалган киши, чорва ҳайвонлари бемалол кириб-чиқаверади.

Мактабга ёндош хонадондаги “тадбиркорлар” эса таълим даргоҳи деворга тақаб товуқ катакларини, чорваси учун сомон ивитадиган, емиш тайёрлайдиган охурини қуриб олганки, ҳай-ҳай дейилмаса, синфхоналардан ҳам ўз “бизнес”лари учун фойдаланишдан тойишмайди.

Спорт залининг ечиниш ва кийиниш хоналари торлиги сабабли мебель жиҳозлари жойлаштирилмаган. Ювиниш хонаси умуман йўқлиги, вентиляция тармоғи ишламасдан бино кўркига доғ бўлиб турганига гувоҳ бўлдик. Оқибатда қишда совуб, ёзда эса ҳаддан ташқари исиб кетади. Спорт залига киришдаги катта хонада мусиқа хонаси жойлаштирилган. Маданият ва спорт ҳамиша ҳамроҳу ҳамфикр, деган ғоя бу нуқтада устуворлик касб этгандай туюлади.

Мактаб ошхонаси гарчи ишни ташкил қилишга шароити бўлса-да, 1987 йилдан буён умуман ишламаслиги ойдинлашди. Ўрнида канцелярия товарларини сотиш жойи яратиб олингани, уйда қўлбола тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари ўқувчиларга сотилаётгани маълум бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ошхона юритиш тадбиркорларга тендер асосида берилиши керак бўлса-да, бу ишга панжа орасидан қараб келинмоқда, тендер учун таклиф ҳам берилмаган. Натижада 841 нафар ўғил-қизнинг овқатланиш масаласи, уларнинг сиҳат-саломатлигига муносабат очиқ қолмоқда.

eaeec6d1-18ed-4176-a97a-401eaac71a4f.jpg

Тиббиёт хонасида ичимлик суви ўрни бўлса-да, жумраклар ўтган асрдан буён занглаб, бузилиб ётибди. Зарур дори-дармон воситалари етишмайди. Мутасаддилар ушбу ноҳуш ҳолатни ҳозир таътил даври ва таъмирлаш ишлари кетаётгани билан изоҳлашга уринишди. Ўқув мавсуми ниҳоялангани айтилган бўлса-да, бу ерда ташкил этилган ёзги оромгоҳда қирққа яқин бола қатнаётганини назардан четга қочириш мумкинми?!

Мактаб стадионини бегона ўт босган, қаровсиз ҳолатда. Майдонча чегара чизиқларини ҳам англаб бўлмас даражада. Кесилган ўтинлар ҳудудда пала-партиш жойлаштирилган. 2 та 10 сотихдан кам бўлмаган ер майдони 10 йилдан буён умуман фойдаланилмасдан, қарорсиз аҳволда ётибди. Ваҳоланки, бу ерларни чопиб, мевали дарахтлар экиш, мактаб кам-кўсти учун фойдаланиш мумкин. Афсуски, ушбу масала маъмурларнинг парвойига ҳам келмаган.

Собиқ “Тир” – ўқ отиш биноси 1990 йилдан буён омборхона вазифасини ўтамоқда. Ичига ҳар хил ашқол-дашқоллар қалаб ташланган, ташқи кўриниши маймунлар ҳам йиғлагулик ҳолатда. Мавжуд 6 та кичик қозонхонадан 2 таси ишламайди, мактаб ёнидаги зовур ахлат билан тўлиб ётибди.

73b4b30e-d691-4640-9c61-48d4badf4068.jpg

Мактаб кутубхонасида бадиий китоблар етишмайди. Бу ерга охирги мартда 2017 йил 30 сентябрда 221 дона китоб келтирилган.

Информатика ўқитувчиси Баҳодир Юсуфжоновнинг айтишича, информатика хонасида интернетни ишлатиш учун ўз ёнидан “USB” қурилмасига ҳар ойда 60 минг сўм пул тўлаб, дарс машғулотларини ўтмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир мактаб учун вилоят халқ таълими бошқармасидан йиллик смета асосида маблағлар ажратилмоқда. Бу пуллар қайси операторга ташланаяпти, ким унинг ижрога масъул деган савол очиқ қолди. Интернет бўлмагач, компmютер дарсларининг ҳам самарадорлиги бўлмайди.

Ҳудуддаги талабга жавоб бермайдиган 3 та эски симёғочни темир бетон таянчларига алмаштириш зарур. Симлар халқасимон шаклда осилиб қолган. Бу ерда кичик трансформатор жойлашгани боис аҳоли ҳам ўз эҳтиёжига мослаб, сим линияларини хонадонига тортиб кетаверган.

Мактаб катта йўл ёқасида жойлашган бўлса-да, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ходимлари томонидан тезликни пасайтирувчи белгилар қўйилмаган. Мактаб директори Таваккалжон Тошматов бу ҳақда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳодимларига мурожаат қилмаган. Оқибатда катта тезлик билан ҳаракатланаётган уловлар болажонлар ҳаётига жиддий хавф солмоқда.

Ишчи гуруҳи ўрганишларидан кейин мактаб ҳудудидаги чиқиндилар тўлиқ чиқариб ташланди, ҳожатхона таъмирланди ҳамда ариқлар тозаланди. Мактаб кутубхонасини қўшимча бадиий адабиётлар билан тўлдириш, мактаб атрофидаги ўтинларни ва мавжуд омборхонани тозалаш, қўлбола усулда озиқ-овқат маҳсулотларини ва канцелария товарларини сотишга чек қўйиш, ўқув синфхоналаридаги айрим бузилган ўриндиқларни таъмирлаш, мактаб стадионидаги ўтларни тозалаш, чегара чизиқларини чизиш, тиббиёт хонасини зарур дори-дармонлар билан таъминлаш, мактаб атрофининг очиқ қолган жойларини девор билан ўраш, мавжудларини таъмирлаш, ёнғин хавфсизлиги учун мўлжалланган ҳовузда қувур жумракларини ишлатиш чоралари кўрилди.

Қўшни хонадонлар томонидан қурилган ноқонуний товуқ катаклари ва охурлар бузиб ташланди, шох кўчада пиёдалар ўтиш чизиғи бўялди. Аниқланган бошқа камчиликларни ҳал қилиш “Йўл харитаси”га киритилди.

Лазиз Раҳматов, ЎзА

    Бошқа янгиликлар