Таълим кредити. Уни қандай олиш мумкин?

ЖАМИЯТ 28.06.2018, 09:35
Таълим кредити. Уни қандай олиш мумкин?

— Ўқишга ҳужжат топширдим. Агар контракт асосида ўқишга кирсам, уни тўлашга қурбим етмайди. Таълим кредити чиққан эмиш. Уни қандай олса бўлади, қачон қайтариш керак шу ҳақда маълумот берсангиз?

Мазкур масала Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.

Низомга мувофиқ таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин.

Таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даври бу муддатга кирмайди.

Тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари бўйича:

  • чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига — ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит);
  • талабаларнинг қолган тоифаларига — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари (бу йил учун 14 фоиз) белгиланади.

Таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаси ва тижорат банклари томонидан қўшиладиган фоизлар учун тўловлар миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин.

Бунда кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади. Кам таъминланган оилалар тоифаси маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан аниқланади.

Таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш таълим муассасасига ўтказилган сумма берилган вақтдан, асосий қарзни қайтариш эса талаба томонидан олий таълим муассасасида ўқишнинг таълимнинг ушбу тури учун расмий белгиланган муддати тугаллангандан кейин уч ой ўтгач бошланади.

Таълим кредитлари қарз олувчи яшайдиган аҳоли пунктида жойлашган тижорат банклари муассасалари томонидан берилади.

Таълим кредитини олиш учун қарз олувчи тижорат банкига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза;
  • талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт). Контрактда ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим. Ўқиш учун тўлов миқдори кейинги йилларда ўзгарган ҳолларда контрактларга тегишли ўзгартиришлар киритилади, бу ҳақда олий таълим муассасаси ўн кун муддатда банкка ёзма равишда маълум қилади, сўнгра қарз олувчи, банк ва олий таълим муассаси ўртасидаги кредит шартномасига зарур ўзгартиришлар киритилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан қарз олувчининг яшаш жойи тўғрисида берилган маълумотнома:
  • кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;
  • имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оилалардан чиққанлар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.

Қарз олувчи юқоридаги ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан айни бир вақтда паспортини шахсан кўрсатади. Банк паспортдан ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақлидир.

Олинган кредит қайтарилмаслиги хавфини олдини олиш мақсадида қарз олувчи қуйидаги таъминлаш шаклларидан бирини банкка тақдим этиш лозим, унинг амалга оширилиши унга қўйилган асосий талаб ҳисобланади:

  • мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;
  • банкнинг кафолати;
  • учинчи шахснинг кафиллиги;
  • суғурта компаниясининг қарз олувчининг кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги (фақат чин етимлар ва «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари ва кам таъминланган оилалардан чиққанлар учун).

Агар тақдим этилган ҳужжатлар банк талабларига жавоб берса, банк, қарз олувчи ва олий таълим муассасаси ўртасида кредит шартномаси тузилади.

Таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Бунда янгидан қабул қилинган талабалар учун биринчи ярим йилликда ўқиганлик учун бошланғич тўлов жорий йилнинг 1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун — навбатдаги календарь йилнинг 15 мартигача тўланади.

Ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб кредит ҳисобига тўловлар ҳар ярим йиллик биринчи ойи (сентябрь ва март)нинг 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.

Агар талаба ўқиш даври тугамасдан талабалар сафидан ўчирилса, таълим муассасаси раҳбарияти ректорнинг буйруғи чиққан кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида бу ҳақда банкка хабар бериши керак, қарз олувчи эса ўз навбатида уч ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизлар бўйича қарзларни тўлиқ қайтариши лозим.

Талабанинг талаба сафидан чиқарилиши олий таълим муассасаси томонидан банкка ўз вақтида маълум қилинмаган тақдирда, таълим муассасаси ушбу давр учун ҳисобланган фоизларни банкка тўлашга мажбур.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1