АсосийСиёсат

Ўзбекистонда фаластинлик фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича Президент фармони қабул қилинди

Фармонга кўра, фаластинликларга бошпана ва ижтимоий ёрдам берилади.

'Ўзбекистонда фаластинлик фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича Президент фармони қабул қилинди'ning rasmi

Инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш, муҳтожларга меҳр билан ёндашиш, эзгулик ва адолат тамойилларига содиқ қолиш динимиз, маданиятимиз ва анъаналаримизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Сўнгги йилларда юртимизда давлат ва жамият ўртасида инсонпарварликка асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу эзгу йўналишда юртимиз ҳар қандай даврларда ўз бағрикенглиги, меҳр-шафқати ва инсонпарварлик анъаналарини намоён этиб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқароларга (кейинги ўринларда – меҳмонларга) бошпана берилиши ҳамда кўмак кўрсатилиши халқимизнинг асрлар давомида шаклланган қадриятларга содиқлиги ва давлатимизнинг ҳақиқий инсонпарварлик сиёсати амалда ифода бўлаётганидан далолат бермоқда.

Меҳмонларга адолат тамойили асосида доимий ғамхўрлик ва ижтимоий кўмак кўрсатишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш мақсадида қарор қиламан:

I. Меҳмонлар ижтимоийлашувини таъминлаш

1. Меҳмонлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги ишлар бажарилгани маълумот учун қабул қилинсин:

а) меҳмонларни вақтинча яшаш объектларига жойлаштириш, уларнинг бирламчи эҳтиёжлари юзасидан масалалар ҳал этилди;

б) меҳмонларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва зарур дори-дармонлар билан таъминлаш чоралари кўрилди;

в) меҳмонларнинг жамиятга интеграция қилиниши ва маънавий қўллаб-қувватланишини таъминлаш мақсадида маданий-маърифий учрашувлар ва дўстлик кечалари каби тадбирларни (шу жумладан, болалар учун) ўз ичига олувчи махсус дастурлар ташкил этилди.

II. Меҳмонларни жамиятга интеграция қилиш ишларини жадаллаштириш 

2. Фаластинлик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни Ўзбекистон Республикасида яшашга мослаштириш жараёнига кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) таркиби 1-иловагамувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

а) меҳмонларга яратилган имкониятларни рўёбга чиқариш юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

б) меҳмонларни ҳудудлар кесимида жойлаштириш ҳамда мазкур чора-тадбирлар билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш; 

в) меҳмонларни жамиятга интеграция қилиш билан боғлиқ масалаларни мунтазам равишда муҳокама қилиш ҳамда бу борадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва муаммоларни ҳал қилишга қаратилган чоралар кўриб бориш;

г) меҳмонларни қўллаб-қувватлаш бўйича қисқа ва узоқ муддатларга мўлжалланган таклифларни ишлаб чиқиш, жойларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини мониторинг қилиш.

III. Меҳмонлар эҳтиёжларини аниқлаш ишларини ташкил қилиш

4. Республика комиссияси (С. Умурзаков) бир ой муддатда меҳмонлар эҳтиёжлари ва имкониятларини баҳолаш орқали уларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш бўйича ҳар бир оила учун зарур бўлган ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш режаларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.

 5. Белгилансинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади;

б) меҳмонлар билан маҳалла даражасида бевосита ишлар “маҳалла еттилиги” ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ташкил этилади;

в) меҳмонлар учун ишлаб чиқилган ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш режалари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда уларнинг бўлинмалари учун мажбурий ҳисобланади.

IV. Меҳмонларни ижтимоий хизмат ва ёрдам билан қамраб олиш

6. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (М.Оллоёров):

а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Худаяров) билан биргаликда икки ой муддатданогиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган меҳмонларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган даволаниш муддатидан қатъи назар ногиронликни белгилашчораларини кўрсин;

б) икки ҳафта муддатда меҳмонларга зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга бериладиган нафақа тайинланишини таъминласин.

7. Белгилансинки:

а) ҳар бир меҳнат ёшидаги меҳмон (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бундан мустасно) учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақасижорий этилади;

б) меҳмонларнинг ҳар бир оиласига яшаш манзили бўйича уй-жойнинг ижара харажатлари қоплаб берилади;

в) меҳмонларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ҳамда дафн этиш учун нафақа тўлови Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган миқдорда тўланади;

г) меҳмонларнингҳар бир оиласига бирламчи зарурий воситалар (оилада ишлатиладиган ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўплами) хариди учун бир марталик кўтарма пул қўшимча равишда тўлаб берилади;

д) меҳмонларнинг оила аъзоларига шахсий ҳамроҳлик қилиш ва индивидуал кўмак кўрсатиш, шунингдек, уларнинг эҳтиёжлари ва индивидуал талабларини рўёбга чиқариш мақсадида биттадан маҳалладаги ижтимоий ходим бириктирилади. 

V. Меҳмонларнинг фарзандларини таълимга жалб қилиш

8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Э. Каримова):

а) меҳмонлар яшаш манзиллари бўйича уларнинг фарзандларини давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга жойлаштириш;

б) меҳмонларнинг ҳар бир фарзанди ўқув ва тарбия жараёнига мослашиши учун мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларнинг директорлари ўринбосарларини бириктириш;

в) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда таълим ташкилотларида меҳмонлар фарзандларининг мослашуви ва ҳар томонлама камол топиши юзасидан доимий мониторинг амалга ошириш чораларини кўрсин.

9. Белгилансинки:

а) меҳмонлар давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловидан 2028 йил 1 январига қадар озод этилади;

б) меҳмонларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси асосида жойлаштирилади;

в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–12-сон қарори доирасида меҳмонларнинг фарзандларини давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида қўшимча таълимга (касб-ҳунар, ахборот технологиялари, олий таълим ташкилотларига тайёрлаш йўналишида) жалб қилиш ҳамда уларни ўқитиш харажатларининг 100 фоизи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

10. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов) икки ой муддатдамеҳмонларнинг хорижий давлатда умумий ўрта махсус, касб-ҳунар (профессионал), олий таълим, қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олишни тест синовларисиз ва йиғим ундирмаган ҳолда амалга оширсин.

VI. Меҳмонларнинг соғлиғини қўллаб-қувватлаш

11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Худаяров):

а) меҳмонларнинг яшаш манзиллари бўйича оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳисобга қўйилишини таъминласин;

б) меҳмонларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатишда камбағал оилаларга мансуб шахслар тоифаси қаторида йўлланма ажратиб борсин. 

VII. Меҳмонлар бандлигини таъминлаш

12. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б.Захидов) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (М.Оллоёров) билан биргаликда бир ой муддатда меҳмонларнинг хоҳишига кўра уларнинг бандлигини таъминлаш, замонавий касб-ҳунарни эгаллашига кўмаклашиш бўйича Республика комиссиясига таклифлар киритсин.

13. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Марказий банк, АТ “Халқ банки” ва бошқа тижорат банклари тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган меҳмонларни оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш”, “Бизнесга биринчи қадам”ва “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурлари доирасида тадбиркорликка жалб қилиш чораларини кўрсин. Бунда дастурлар доирасида меҳмонлар молиявий кўмаклардан фойдаланиши учун буюртмалар қабул қилиш ва ажратилган маблағлардан фойдаланишни мониторинг қилиш ҳоким ёрдамчилари вамаҳалла банкирлари томонидан амалга оширилади.

VIII. “Маҳалла еттилиги”нинг меҳмонлар билан ишлашини ташкил этиш

14. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 2-иловага мувофиқ меҳмонларни ҳамжиҳатликда маҳалланинг маънавий муҳитига қўшиш бўйича “маҳалла еттилиги” ва бошқа вакилларга қўшимча вазифаларни юклаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

15. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (К.Куранбаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Худаяров), Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (З.Махкамова) бир ой муддатда “маҳалла еттилиги” ва бошқа вакилларга қўшимча юклатилган вазифаларга асосан ички дастурларни қабул қилсин ва режа-жадвалга мувофиқ зарур чоралар кўриб борсин.

IX. Меҳмонларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини молиялаштириш ва Фармон ижросини ташкил этиш

16. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг меҳмонларнинг масалаларини ҳал этиш чора-тадбирларини молиялаштириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомисиз махсус жамғармани ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

17. Белгилансинки:

а) махсус жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

(i) юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

(ii) халқаро ташкилотларнинг грантлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар; 

(iii) махсус жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйишдан олинган фоиз тарзидаги даромад;

б) махсус жамғарма маблағлари меҳмонларнинг қуйидаги эҳтиёжларига йўналтирилади:

(i) зарур шарт-шароитлар яратиш ва тегишли хизматларни ташкил этиш;

(ii) турли харажатларни қоплаш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

(iii) моддий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш.

18. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) махсус жамғарма маблағларини тасарруф этиш Республика комиссияси қарори асосида амалга оширилади;

б) махсус жамғарма харажатлар йўналишларига ўзгартириш киритиш Республика комиссияси қарорига мувофиқ амалга оширилади;

в) меҳмонларга жисмоний ва юридик шахслар томонидан беғараз бериладиган мол-мулклар (уй-жой ва автомототранспорт) маҳаллий ҳокимликлар балансига ўтказилиб, Республика комиссияси томонидан тасарруф этилади.

19. Бош прокуратура (И. Адхамов) Ижтимоий инспекция (Х. Кутпиддинов) билан биргаликда ушбу Фармоннинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини мунтазам равишда назорат қилиб борсин.

20. Ички ишлар вазирлиги (А. Ташпулатов) Давлат хавфсизлик хизмати (Б. Курбанов), Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (М. Оллоёров), Ташқи ишлар вазирлиги (Б. Саидов) ва Адлия вазирлиги (А. Ташкулов)  билан биргаликда бир ой муддатдамеҳмонларга яшаш гувоҳномаси (ID-карта) расмийлаштирилишини ҳамда уларнинг рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.

21. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П. Оллоёров белгилансин.

22. Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

    Бошқа янгиликлар