Қатар мамлакати 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини йилнинг исталган мавсумида ўтказишга тайёр. Бу ҳақда Euronews хабар беради.
8 сентябрь куни мундиални ўтказиш учун қулай вақтни аниқлаш вазифаси юклатилган ФИФАнинг махсус гуруҳи ўз ишини бошлади. Улар уч муддатни таклиф қилишмоқда: январь-февраль, июнь-июль ҳамда ноябрь-декабрь. Аммо, ФИФА президенти Йозеф Блаттер ёз мавсумида иссиқ ҳаво сабабли Қатарда умуман футбол ўйнаб бўлмаслигини маълум қилган.
Қатар чемпионати ташкилий қўмитаси вакили Носир ал-Хотирнинг айтишича, Қатар ФИФА танлаган мавсумда мусобақани ўтказиш учун тайёр бўлади. “Фаслнинг биз учун фарқи йўқ, ҳар доим тайёр бўламиз. Энг асосийси халқаро ташкилот вакиллари келишиб олишса бўлди”,- дейди Қатар ташкилий қўмитаси вакили.
Европа мамлакатлари мундиалнинг қишда ўтказилиши миллий чемпионат ва Европа мусобақаларини бўлиб ўтишига ўз таъсирини кўрсатишидан хавотирда. ФИФА 2010 йили Қатар давлатига жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини берди. Ўшанда учрашувлар кондиционерларга эга бўлган, ёпиқ стадионларда бўлиб ўтиши кўзда тутилганди.





